Ибн Ҳазм, вафоти ҳижрий 456 йил, айтадилар:
“Жинлар орасида иймон келтирганлар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳоба бўлганлар борлиги ҳақида ихтилоф йўқ” – “Муҳалло”, 4/9.
Аҳқоф сураси 29-оятда марҳамат қилинади: “Эсланг, Биз сизнинг олдингизда бир гуруҳ жинларни Қуръон тингласинлар, деб юборган эдик. Бас, қачонки улар ҳозир бўлишгач: “Жим туринглар”, дедилар. Энди қачонки тиловат тугатилгач, улар ўз қавмлари олдига огоҳлантиргувчи бўлган ҳолларида қайтиб кетдилар”.
Ибн Ҳажар, вафоти ҳижрий 852, «саҳобий» таърифи ҳақида гапириб, шундай деганлар:
“Жинларга келсак, тўғри фикр шундаки, улар ҳам бу таърифга тушади.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жинларга ҳам пайғамбар қилиб юборилган ва албатта, уларга ҳам шариъат ҳукмларига амал қилиш масъулияти юкланган.
Анъом сураси 130-оятда марҳамат қилинади: “Эй жин ва инс жамоаси, сизларга ўзларингиздан бўлган пайғамбарлар Менинг оятларимни сўзлаган ва сизларни мана шу Қиёмат кунингиздаги учрашувдан қўрқитган ҳолларида келмадиларми? Улар: “Ўзимизнинг зиёнимизга гувоҳмиз”, дедилар. Уларни ҳаёти дунё алдаб қўйди ва кофир эканликлари ҳақида ўзларига қарши гувоҳлик бердилар”.
Жин сураси 1-2 оятларда марҳамат қилинади: “Сен айт: «Менга ваҳий қилиндики, албатта жинлардан бир неча нафари қулоқ осдилар ва дедилар: «Биз ажойиб Қуръонни эшитдик. У тўғри йўлга ҳидоят қиладир. Бас, биз унга иймон келтирдик ва ўз Роббимизга бировни ширк келтирмасмиз…”.
Жинлар орасида итоатсизлари, кофирлари ҳам, бўйсунувчилари, мўминлари ҳам бор” – “Фатҳул борий”, 4/7.
Ибн Ҳажар “Исаба фий тамйизис саҳоба” китобида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жинлардан бўлган саҳобаларининг исмларини санаб ўтган: Зубъа, Аъбид, Абдун Нур, Машъа, Аъсийм, Аърифто, Амр ибн Талоқ, Амр ибн Жобир, Аҳқиб, Арқам, Салит, Ҳодир, Шисар, Ҳасо, Мунаса, Лаҳқум, Адрус, Ҳосир, Шосир.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев