Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори, профессор М.Муҳаммадсиддиқов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Д.Мамадкулов, ЎМИ Молиявий назорат ва таҳлил бўлими мудири И.Зуҳриддинов, Таълим ва илмий-тадқиқотлар бўлими мудири С.Шерхонов, ДИҚ Диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил маркази ходими Н.Шомирзаев Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида жойлашган “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ўрта махсус ислом таълим муассасасига ташриф буюрдилар.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Б.Разов, таълим муассасаси мудири Ж.Абдуразаков ҳамроҳлигида соҳа раҳбарлари мадраса фаолияти, ўқув жараёнлари, устоз ва талабаларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.
ЎМИ раиси ўринбосари М.Муҳаммадсиддиқов дарс жараёнларини кузатиб, таълим сифатини ошириш, ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини кўтариш, диний таълимда анъанавий ва замонавий педагогик технологияларни қўлланилишига доир ўз таклифларини билдирди, шу билан бирга масъуллар томонидан устоз ва талабаларнинг фикр-мулоҳазалари ҳам тингланди.
Шундан сўнг, мадрасадаги шарт-шароитларни ўрганиш асносида раҳбарлар Ахборот-ресурс марказида ҳам бўлишиб, китоблар, ўқув дарсликлар, манба ва адабиётлар билан танишдилар.
«Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний» ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот-ресурс маркази фондида жами 17756 та китоб сақланмоқда. Шундан, 1505 умумтаълим адабиётлари, 4085 та махсус фанлардан дарслар, 764 ижтимоий-иқтисодий адабиётлар, 7340 та илмий-оммабоп адабиётлар, 919 та электрон адабиётларни ташкил этади.
Ахборот ресурс маркази ва ўқув залларининг замонавий техника воситалари билан тўлиқ таъминланган. Китобларнинг муаллифлари, чоп этилган нашри, йилидан иборат каталоглар талаб даражасида юритилмоқда.
2023 йилда таълим муассасасида мадраса фаолияти, дарс жараёнлари ва илмий-маърифий йўналишга бағишланган видео-аудио материалларни тайёрлаш, ўқитувчи ва талабаларнинг оммавий ахборот воситалари ва интернетдаги чиқишларини ривожлантириш мақсадида медиа марказ ишга туширилди ва билим юрти медиа марказ фаолияти ҳам меҳмонларга таништирилди.
Маълумот учун, “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 1992 йили Нукус шаҳридаги Имом Эшон Муҳаммад жоме масжиди биносида фаолиятини бошлаган. Унинг ташкил этилишида марҳум устоз Кеўлимжай Жамаловнинг хизматлари катта бўлган. Мадрасага 2011 йили бино ажратилиб, бугунги кунда замонавий ўқув биноси, талабалар турар жойи, ёпиқ спорт мажмуасига эга бўлган шароитларда фаолият юритмоқда.
ТИИ Матбуот хизмати