Ҳар бир асрнинг етук олими бўлганидек, шайх Аҳмад Шокир ҳам шундай олимлардан эди. Шайх Аҳмад Муҳаммад Шокир ҳижрий ХIV аср (мил. ХIХ аср) бошларида Азҳари шарифнинг йирик кўзга кўринган олимларидан бўлиб, тўлиқ исми шайх Аҳмад ибн Муҳаммад Шокир ибн Аҳмад ибн Абдулқодир Абул Ашбол.
Шайх Аҳмад ҳижрий 1309 йилда (мил. 1892 йилда) жумадус соний ойининг йигирма тўққизинчисида жума куни тонг отгандан кейин Қоҳира шаҳрида дунёга келди. У шаҳарнинг шарафли оилаларидан бўлган “Абу Алиа” оиласида дунёга келган, бу оила насл-насаби Имом Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толибга бориб тақалади. Отаси унга Аҳмад (Шамсул аимма Абул Ашбол) деб исм қўйган.
Отаси шайх Муҳаммад Шокир Миср қозиси бўлиб, Азҳарда таълим олган. Мисрга қози бўлгандан кейин, у Азҳардан вакил ўлароқ Суданга қози этиб таъйинланди. Шу билан бирга катта уламолар кенгаши аъзоси бўлди.
Шайх Аҳмад отаси Суданга қози бўлганда у билан бирга Суданга кўчиб ўтган. Баъзи маълумотларда унинг отаси Суданнинг биринчи қозиси деб ҳам айтилади. Абул Ашбол Ғурдин (Гардон) университетида таҳсил олган, Мисрга қайтгандан сўнг Искандарийяда таълимни давом эттирган. Кейин Ал-Азҳар университетига ўқишга киради. Ал-Азҳарда таълим олиши унинг ҳаётида янги даврнинг бошланиши эди. Аҳмад Шокир Ал-Азҳарда таʼлим олиш билан бирга бошқа катта олимлардан ҳам илм олган. У кўплаб олимлар билан алоқа ўрнатишга ва Қоҳирадаги мавжуд илмларни эгаллашга муваффақ бўлди.
Шайх Аҳмаднинг ақл-заковати ёшлигиданоқ намоён бўла бошлаганди. У шеър ўқишни яхши кўрар ва адабий китобларни мутолаа қиларди. Шундан сўнг ҳадис илми ўрганишга алоҳида эътибор қаратди ва бу илмда етук мутахасисга айланди.
Абул Ашболнинг кўзга кўринган устозларини аввалгиси бу отаси эди. Аҳмад отасидан тафсир, ҳадис, усул ва ҳанафий фиқҳини ўрганди. Ҳудди шунингдек шу вақтнинг ўзида кўплаб машойих уламолардан дарс олди. Улардан таниқлилари:
Шайх Абдусалим фиқҳий, Шайх Маҳмуд Абу Дақиқа, Шайх Абдуллоҳ ибн Идрис Санусий, Шайх Аҳмад ибн Шамс Шинқитий, Шайх Жамолиддин Қосимий, Шайх Тоҳир Жазоирий, Шайх Муҳаммад Рошид Ризо ва бошқалар.
Шайх Абул Ашбол 1917 йилда Ал-Азҳар университети шаҳодатномасини олгандан сўнг қози ва олий маҳкама аъзосига айланди. Кейин 1952 йил нафақага чиққунга қадар шу лавозимда ишлади. Қози бўлиб ишлаган даврида ҳам оʻқиш ва таснифлашдан тоʻхтамаган, балки оʻзининг қимматли изланишлари ва асос китобларни тадқиқ қилиш билан шариат кутубхонасини бойитган.
Бу давр мобайнида шайх Абул Ашбол ҳадис илми билан қаттиқ шуғулланиб, суннати мутаҳҳарога тўлиқ ва мукаммал хизмат қилиб ўтди ва унга мувофиқ китобларни қайта тиклашликда ўзининг улкан ҳиссасини қўшди. У илмий услубда ёзилган кўплаб китобларни нашр этди.
Шайх суннат илмларини, ҳадис фиқҳи ва араб тилини қамраб оладиган илмий изланишларини ҳам тақдим этди. Бу илмий изланишлар ўзининг Қуръон ва суннатга асосланган илмий ёндашуви, фикрга мутаассибсизлиги ва тақлидда қотиб қолмагани билан ажралиб турарди.
Унинг суннатга хизмат қилишдаги ҳаракатлари таҳқиқ ва талиқ қилган асарларини аҳамияти юқори эканини билдиради. Унинг таҳқиқ китоблари:
- Имом Шофеъийнинг “Рисола” китобини таҳқиқ қилган. Бу Шайх Аҳмад Шокирнинг биринчи китобидир.
- Имом Термизийнинг Ал-Жомеъ асарига таҳқиқ қилган.
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг Муснадини шарҳ ва таҳқиқ қилган.
- Ҳофиз Мунзирийнинг “Мухтасар Сунан Аби Довуд” асарининг таҳқиқ қилган.
- Саҳиҳи Ибн Ҳиббон асарини биринчи қисмини таҳқиқ қилган.
- Ҳадис илми бўйича ёзилган Имом Суютийнинг “Алфия” асарига шарҳ ёзган.
- Ҳофиз Ибн Касирнинг “ихтисори улумул ҳадис” асарига “Ал-Баис ал-Ҳасис” номли шарҳ ёзган.
- Ибн Ҳазмнинг “Аҳком фи усулил-аҳком” китобини таҳқиқ қилган.
- Ҳофиз ибн Касирнинг тафсирини қисқартириб “Умдатут тафсир” асарини ёзган
- Тафсири Табарийдаги ҳадисларни тахриж қилган.
- Амир Усама ибн Мунқиднинг “Лубоб ал-адаб” китобини таҳқиқ қилган.
- “Шарҳи Ақидатут Таҳовий” китобини тадқиқ қилган.
Унинг вафоти ҳижрий 1377 йил Зулқаъда ойининг йигирма олтинчисига (мил. 1958 йил 14 июлга) тўғри келади.
Тошкент ислом институти талабаси
Абдуллаев Муҳаммадсодиқ