islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Халифа ўхшашни орзу қилган инсон

Умавийлар халифаси Ҳишом ибн Абдулмалик ҳаж амалини бажараётган эди. Масжидул Ҳаромга киргач, Умар ибн Хаттобнинг набираси Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумни кўриб қолди.

Халифа унга: «Бирор нарсага эҳтиёжингиз борми?», деди.

Солим: «Аллоҳнинг уйида Удан бошқасидан сўрашдан уяламан», деди.

Солим масжиддан чиққач, Ҳишом унга эргашиб: «Аллоҳнинг уйидан чиқдингиз, энди айтинг, сизга бирор нарса керакми» деди.

Солим ундан: «Дунё неъматлариданми ёки охиратникиданми?» деб сўради.

Халифа: «Дунё молларидан истагингизни бажо қиламиз», деб жавоб берди.

Шунда Солим шундай жавоб берди: «Мен Эгасидан дунё неъматларидан ҳеч нарса сўрамадим, энди бўлса, дунёда ҳеч нарсага эга бўлмаган одамдан бирор нарса сўрайди, деб ўйлайсизми?!»

Халифанинг кўзлари ёшланди ва ушбу машҳур сўзларини айтди: “Кошки, бор куч-қудратим билан Солимга ўхшай олсам!”

Зоҳид ва олим Солим ибн Абдуллоҳ Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу даврида Мадинада туғилган, ҳижрий 106, милодий 725 йили вафот этган. Жанозасини Ҳишом ибн Абдулмалик ўқиган, мақбараси Бақиъ қабристонида. Отаси Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумдан кўплаб ҳадислар ривоят қилган. Абу Умар, Абу Абдуллоҳ, Абу Умайр каби кунялари бўлган.

Манба: Имом Заҳабийнинг “Сияр аълам ван нубало” асари

 

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари

кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

 

422270cookie-checkХалифа ўхшашни орзу қилган инсон

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: