islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Коррупцияга қарши курашиш ҳар биримизнинг бурчимиздир

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Коррупция – келажакка таҳдид” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Талаба ёшларга коррупция зарарлари ҳақида зарур маълумотлар, ундан сақланишга боғлиқ тушунчаларни етказиш, юртимизда коррупцияга қарши курашишда эришилаётган ютуқлар билан таништириш мақсадида ташкил этилган тадбирда ТИИ Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Тоҳир Эвадуллаев, Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлиги Давлар хизмати тергов органи фахрийси, Ўзбекистон «Ветеран» жангчи-фахрийлар бирлашмаси аъзоси ва фаоли, раис маслаҳатчиси Баҳодир Зухуров, Афғонистон уруши қатнашчилари, профессор ўқитувчилар ва институт талабалари иштирок этдилар.

Давра суҳбатини проректор Т.Эвадуллаев кириш сўзи билан очиб берди. Нутқда бугунги кунда коррупция муаммосига жаҳоннинг деярли ҳар бир мамлакатида дуч келиши, коррупция сўнгги йилларда халқаро миқёсда трансмиллий жиноят сифатида кенг муҳокама қилинаётганига эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган Мурожаатномасида таъкидлаганидек, «Жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди».

Шундан сўнг мавзу юзасидан маълумотлар бериш учун сўз Баҳодир Зуҳуровга берилди.

Таъкидлаш лозимки, коррупция келтирадиган зарар барча давлатлар учун тенг саналиб, мазкур иллат давлатнинг турли соҳаларига, хусусан сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги имиджи ва инвестициявий жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатади. Коррупцияга қарши курашишнинг устувор ҳуқуқий асослари қатор халқаро ҳуқуқий нормаларда ўз ифодасини топган бўлиб, уларга қуйидагиларни киритиш мумкин:

  • 2003 йил 31 октябрда қабул қилинган БМТ нинг Коррупцияга қарши Конвенцияси;
  • 2000 йил 15 ноябрда қабул қилинган БМТ нинг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши Конвенцияси;
  • 1999 йил 27 январдаги Европа Кенгашининг «Коррупция учун жиноий жавобгарлик тўғрисида» ги Конвенцияси;
  • 1999 йил 4 ноябрдаги «Коррупцияга учун фуқаролик ҳуқуқий жавобгарлик тўғрисида» ги Конвенциялари ва бошқалар.

Ўзбекистон юқорида таъкидланган халқаро нормалардан 2008 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши Конвенцияси, шунингдек, 2010 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти доирасида қабул қилинган Коррупцияга қарши кураш бўйича Истанбул Ҳаракат режасини ратификация қилган.

Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ҳамда ушбу турдаги жиноятларни содир этилишини олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар тизимли равишда амалга оширилмоқда. Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупция омилларини келтириб чиқараётган тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, амалий ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги ПФ-6013-сонли «Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони қабул қилиниб, мазкур Фармон асосида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг тизимли сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш чораларининг самарадорлигини оширишга қаратилган давлат ва бошқа дастурларни шакллантириш ва амалга ошириш мақсадида Коррупцияга қарши кураш Агентлиги ташкил этилди.

2023 йил 19 декабрь куни Tashkent City халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида халқаро ҳамжамиятнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини ифодаловчи монументнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний иштирок этди.

Шундай бўлсада, коррупцияга курашиш нафақат Президент ёки давлат хизматчиларининг, балки ҳар биримизнинг ватанимиз олдидаги муҳим бурчимиздир. Президентимиз айтганларидек, коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, жамиятимизнинг барча аъзолари жонбозлик кўрсатиши даркор. Чунки адолат бўлмаган жойда ривожланиш ҳам бўлмайди.

Тадбир сўнггида уруш ветеранлари ҳам ўзларининг фикр мулоҳазалари билан ўртоқлашиб, талабаларни ватанга муҳаббат, тинчликни эъзозлаш, илм маърифатга интилиш ва шукроналик кайфиятида яшашга ундадилар.

Б.Зуҳуровга тадбирдаги иштироки, мазмунли ва фойдали маълумотлари учун ташаккурнома ва эсдалик совғаси топширилди.

 

ТИИ Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва

маърифат бўлими ходими И.Дадабаев

422050cookie-checkКоррупцияга қарши курашиш ҳар биримизнинг бурчимиздир

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: