Урва ибн Зубайр айтади: “Сувайба Абу Лаҳабнинг чўриси эди, Абу Лаҳаб уни озод қилди. Сувайба Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни эмизган. Абу Лаҳаб ўлганидан сўнг, оила аъзоларидан бири (ота бир, она бошқа укаси Аббос розийаллоҳу анҳу) тушида Абу Лаҳабни жуда ёмон бир аҳволда кўрди ва: “(Ўлимдан сўнг) нима топдинг?” деди. Абу Лаҳаб: “Сизлардан кейин (роҳат-фароғат) топмадим, фақат Сувайбани озод қилганим учун менга мана бунда сув берилди”, деб қўлининг бош бармоғи билан кўрсатгич бармоғи орасидаги чуқурчага ишора қилди”[1]. Суҳайлий айтади: «Аббос розийаллоҳу анҳу: “Абу Лаҳаб ўлганидан бир йил ўтиб, тушимда уни ёмон аҳволда кўрдим”, деди. Абу Лаҳаб: “Сизлардан кейин роҳат топмадим, фақат ҳар душанба куни мендан азоб енгиллатиляпти-озайтириляпти, холос”, деди”. Бунинг сабаби, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам душанба куни туғилганлар ва Сувайба Абу Лаҳабга жиянли бўлгани ҳақида хушхабар келтирганида, суюнчисига уни озод қилиб юборган эди»[2]. Бу иккала ривоятда кофир кишининг яхши иши охиратда фойда беришига ишора бор. Лекин Урва ибн Зубайрнинг ривояти “мурсал” (санадидан саҳоба тушириб қолдирилган), яъни, Урва раҳматуллоҳи алайҳ тобеинлардан бўлиб, мазкур ҳадисни айтиб берган саҳобани зикр қилмасдан, тўғридан-тўғри Пайғамбаримиздан ривоят қилган. Хўп, “мавсул”[3] бўлган тақдирда ҳам ҳадисдаги хабар тушдир, қолаверса, туш кўрувчи ўша пайтда ҳали мусулмон бўлмаган бўлиш эҳтимоли ҳам бор[4]. Қолаверса, бу иккала ривоят ҳам Қуръони карим оятларининг зоҳирига тўғри келмайди. Масалан: Аллоҳ таоло айтади: “Биз (кофирлар) қилган ҳар бир (яхши) амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз”[5]; “Кофир бўлган кимсалар учун жаҳаннам олови бордирки, на уларга (иккинчи бор ўлиш) ҳукм қилиниб, ўла олурлар ва на улардан (жаҳаннам) азоби енгиллатилур. Биз ҳар бир кофирни мана шундай жазолармиз”[6]; “Дўзахдаги кимсалар жаҳаннам қўриқчиларига: “Парвардигорларингга дуо қилинглар, бизлардан бирон кунлик азобни енгиллатсин”, деб ёлворганларида, улар айтдилар: “Ахир сизларга пайғамбарларингиз очиқ ҳужжатлар билан келмаганмидилар?!” Улар: “Ҳа, (келган эдилар, лекин биз уларни ёлғончи қилган эдик)”, дедилар. (Шунда фаришталар уларга) айтдилар: “У ҳолда ўзларингиз дуо-илтижо қилаверинглар. Кофирларнинг дуо-илтижолари фақат залолатдадир (яъни, бефойдадир)”[7]. Ушбу оятлар билан юқоридаги ривоятларни бир-бирига қандай боғлаймиз? Мазкур оятлардаги ҳукмлар умумий бўлиб, барча кофирларга тегишлидир. Пайғамбаримизнинг амакилари Абу Толиб билан Абу Лаҳаблардан азобнинг енгиллатилиши эса, Пайғамбаримизнинг ўзларига хос бўлиб, бу имтиёз у зотнинг шафоатлари ва шарофатларидандир. Маълумки, Пайғамбаримизнинг хос шафоатлари туфайли амакилари Абу Толиб дўзахнинг чуқур-тубидан саёз жойига олиб чиқилгани ва куфрдан бошқа гуноҳлари учун бериладиган азобнинг енгиллатилгани, ҳақидаги ривоят маълум ва машҳурдир[8]. Мана шу саҳиҳ далил Абу Лаҳаб ҳақидаги ривоятларга қиёс бўлиб, уларни қўллаб-қувватлайди. Модомики, Абу Толиб Пайғамбаримизга ёрдам берган ва у зотни ҳимоя қилган экан, унга гуноҳлари учун бериладиган азоб Абу Лаҳабникига қараганда енгилроқ бўлиши ривоятлардан маълум![9] [1] “Саҳиҳул Бухорий”, 3-жуз, “Никоҳ” китоби, 20-боб, 5101-ҳадис таълиқи-изоҳи. [2] Абду Раҳмон Суҳайлий, “Ар-равзул унф фи шарҳис сийратин набавия ли Ибни Ҳишом” (5/123); Бадриддин Айний, “Умдатул қорий шарҳу саҳиҳил Бухорий” (29/242); Ибн Ҳажар Асқалоний, “Фатҳул Борий” (9/256). [3] “Мавсул” – санади бошидан охиригача бир-бирига боғланган ривоят. [4] “Фатово ва истишоротул ислом ал-явм” (13/504). Пайғамбарнинг туши бўлса ёки азон масаласи каби саҳобанинг Пайғамбаримиз тасдиқлаган туши бўлса, бошқа гап. [5] Фурқон сураси 23-оят. [6] Фотир сураси 36-оят. [7] Ғофир сураси 49 – 50-оятлар. [8] “Саҳиҳул Бухорий” (3670, 3672, 5855, 6196 ва 6203-ҳадислар); “Саҳиҳи Муслим” (357 ва 360-ҳадислар). [9] Бадриддин Айний Ҳанафий, “Умдатул...
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ташкил этилган онлайн дарслар ҳафтанинг душанба, сешанба, чоршанба, пайшанба кунлари порталнинг “Facebook.com” ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан тўғри намойиш этилмоқда. Бугунги кунга қадар 100 дан ортиқ онлайн дарслар намойиш этилди. Дарслар Тафсир, Ақида, Фиқҳ, Ҳадисшунослик, Тажвид, Ислом тарихи, сийрат ва Араб тили фанларидан юртимизнинг атоқли уламолари, Тошкент ислом институтининг маҳоратли устозлари томонидан олиб борилмоқда. Ушбу дарслар юртдошларимизнинг мавзу юзасидан билимларини ошириш ва эътиқодларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Портал орқали келиб тушган таклифларни инобатга олиб, ижтимоий тармоқларда намойиш этилган онлайн дарслар “Youtube.com” тармоғидаги порталнинг расмий каналига қайта ишланган ҳолатда жойлаштирилмоқда. Бугунги кунга қадар Тажвид фанидан 7 та дарс жойлаштирилди. Истиқболда Тафсир, Ақида, Фиқҳ, Ҳадис, Ислом тарихи, Сийрат ва араб тили фанларидан ҳам дарсларни жойлаштириш кўзда тутилган. Ушбу дарслар ёрдамида ишончли манбаадан маълумот олишингиз, ўз вақтингиз ва маблағингизни тежашингиз мумкин. Facebook: https://www.facebook.com/muslimuzportal/ Youtube: https://www.youtube.com/channel/UCLbdL0ibb4zqlqe7LRNOSNQ 951
Ўзбекистонда Ислом Тараққиёт Банкининг минтақавий директори Ҳишом Толиб Маъруф жаноблари бошчилигидаги делегация меҳмон бўлиб турибди. Бугун, 21 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси кичик мажлислар залида Ўзбекистондаги ислом цивилизасияси маркази директори Ш.Миноваров делегация аъзоларини қабул қилди. Меҳмонлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Самарқандда қурилаётган халқаро Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази ва Тошкентда қуриладиган Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази лойиҳаси ва илмий концепцияси билан яқиндан танишдилар. Делегация раҳбари Ҳишом Толиб Маъруф Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази лойиҳаларига ижобий баҳо берди. Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши ўзбек халқи учун ҳам, Имом Бухорийни ўзига устоз санайдиган бутун мусулмон уммати учун ҳам бирдек фойдали бўлади. Дунёнинг кўплаб мамлакатларидан Имом Бухорий ва бошқа мутафаккирлар меросини ўрганиш учун олимлар ва тадқиқотчилар ташриф буюришларига ишонамиз, дея ишонч билдирди. Амалга оширилаётган лойиҳаларда Ислом тараққиёт банки Ўзбекистонга яқиндан ёрдам кўрсатади, дея ишонтирди. Маълумот учун, Ислом тараққиёт банки(ИТБ) 1975 йилда ИҲТ мамлакатлари молия вазирлари йиғилишининг қарорига кўра ташкил этилган. ИТБнинг штаб-квартираси Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида жойлашган. ИТБнинг Ҳудудий офислари 1994 йили Работ (Марокаш)да, шу йили Куала-Лумпур (Малайзия)да, 1997 йили Олма-Ота (Қозоғистон)да ва 2008 йили Дакар (Сенегал)да очилди. Банк шунингдек 12 та аъзо мамлакат Афғонистон, Озарбайжон, Бангладеш, Гвинея, Индонезия, Эрон, Нигерия, Покистон, Сьерра-Леона, Судан, Ўзбекистон ва Яманда маҳаллий ваколатхоналарга эга. ИТБнинг асосий вазифаси аъзо-мамлакатларда шариатга мувофиқ ижтимоий ва иқтисодий тараққиётни қўллаб-қувватлашдан иборат. Банк ташкил этилаётган вақтда унинг низом жамғармаси 6 млрд.исломий динорни, аъзолари сони 22 тани ташкил этган. Исломий динор – ИТБ фойдаланадиган ҳисоб бирлиги; бир исломий динор ХВЖнинг бир қарз олиш махсус ҳуқуқига (CDR IMF) тенг (ҲВЖ томонидан чиқариладиган сунъий заҳира ва тўлов воситаси). Ҳозирги вақтда ИТБга иштирокчи аъзолар 56 та давлат ҳисобланади. 2013 йили ИТБнинг эълон қилинган ҳиссадорлик капитали – 30 млрд.исломий динорни, шу жумладан, обуна ҳиссадорлик капитали – 18 млрд.исломий динорни ташкил этди. Банкнинг асосий ҳиссадорлари Саудия Арабистони(23,6% акция), Ливия(9,5%), Эрон(8,3%), Нигерия(7,7%), БАА(7,5%), Қатар(7,2%), Миср(7,1%), Туркия(6,5%) ва Қувайт(5,5%) ҳисобланадилар. 2013 йилда ИТБ бошқарувчилар кенгаши умумий ҳиссадорлик капиталини 30 млрд.исломий динордан 100 млрд.исломий динор(150 млрд.доллар)га кўтариш ҳақида қарор қабул қилди. Банкнинг обуна капитали ҳам 18 млрд.исломий динордан 50 млрд.исломий динорга оширилди. Ушбу қарор аъзо-мамлакатларнинг молиялаштириш маблағларига бўлган катта эҳтиёжи билан боғлиқ. Сўнгги 12 йил давомида етакчи рейтинг агентликлари (Moodys, Standard&Poors, Fitch) томонидан ИТБга узоқ муддатли кредит рейтинги – “ААА” ва қисқа муддатли олий барқарор кредит рейтинги – “А+” бериб келинмоқда. 2013 йилнинг декабрида ушбу рейтинглар яна тасдиқланди. 729
Халқаро ЮНЕСКО ташкилоти томонидан дунёда тинчлик, динлар ва конфессиялараро мулоқотни ўрнатиш, миллатлар ва эллатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш борасида бир қатор ишлар амалга ошириб келмоқда. Ҳозирда бағрикенгликка оид 70 дан зиёд халқаро ҳужжатлар қабул қилинган. Уларнинг ёрқин намунаси 1995 йил 16 ноябрда Парижда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 28-сессиясида эълон қилинган “Бағрикенглик тамойиллари декларацияси”дир. Бу кун бутун дунёда “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида кенг нишонланади. Жорий йилнинг 16 ноябр куни Тошкент ислом институтида 16 ноябр – Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан “Бағрикенглик – миллатлараро тотувлик гарови” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Суҳбат давомида мамлакатимизда бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини юксалтириш, миллат ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни, фуқаролар тотувлигини таъминлаш, хорижий мамлакатлар билан дўстона, тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги таъкидланди. Буюк аждодларимизнинг бой маданият ва маърифат булоқларидан баҳраманд бўлган халқимиз нафақат миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик балки дину диёнат, иймон-эътиқод, одоб-ахлоқ, меҳр-мурувват, фарзанд тарбияси, ота-она ҳурмати борасида ҳам ўзига хос кенглик, саховат ва мўътадиллик тамойилларига амал қилиб келмоқда. Мамлакатимиз тарихан кўп миллатли ўлка бўлганлиги туфайли бу заминда турли-туман дин вакилларининг эмин-эркин яшашлари учун барча шароитлар яратилганлиги юртимизда бағрикенглик тамойилини нақадар аҳамиятли эканлигини исботидир. АРМ ходимаси И.Акмалова 937
Диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар самараларидан бири Тошкент ислом институтида очилган махсус сиртқи бўлим бўлиб, у ўз фаолиятини бошлаганидан хабарингиз бор. Айни пайтда таҳсил жараёни қизғин паллада. Қуйида сиз бу борада баъзи талабаларнинг таасуротлари билан танишасиз… Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти махсус сиртқи бўлимининг илк талабалари айни дамдаги кечинмаларини эътиборингизга ҳавола этишларига ижозат бергайсиз… Аввало шуни алоҳида таъкидлаш даркорки, ушбу илм даргоҳининг талабаси бўлиш нафақат бизнинг, балки мазкур олий даргоҳдан озиқ олмоқ истагида бўлган биз каби барча ҳамкасбларимизнинг кўп йиллик орзуси бўлиб келгани айни ҳақиқат! Бироқ бу соғинчли орзулар биз томонга ушалмас орзудек кўринар эди. Мана, таълим олишни бошлаганимизга ҳам ярим ой тўлди. 14 та аҳамиятли ўқув фани, ушбу фанларга доир асарлар, энг муҳими, етук ва тажрибали устозларнинг дарсларга жалб этилгани бизга ажойиб туҳфа бўлди. Очиғи, сиртқи бўлимда бу даражада пухта таълим ва сифатли хизмат бўлишини кутмаган эдик. Ҳар куни эмас, балки ҳар дарс соатларида янгидан янги илм ва маълумотларни ўрганмоқдамиз. Яна бир қувонарли жиҳати, ўқиш муддатимиз уч йил давомида жами олти ой, деб белгилаб қўйилганига қарамасдан институт маъмурияти бизга ушбу даргоҳдаги устозлар, мавжуд адабиёт ва имкониятлардан йил давомида бошқа талабалардек тўлиқ фойдаланиш имконияти яратиб берди. Хизмат жараёнида ўзимиз сезмаган ҳолда хийла жиддийлашиб, улғайиб қолган эканмиз. Очилиш маросимида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Шоазим ака айтганидек, бу даргоҳга келиб, талаба бўлишимиз билан ўзимизни ёшаргандек қувноқ ҳолда ҳис этмоқдамиз! Буларнинг барчаси таълимнинг таъсири ва самараси бўлса, не ажаб… Бу дил изҳорларимиз тасдиғини таълим жараёни ва ўз хизматимиз давомида ифода этишга бор кучимизни сарфлашга тайёрмиз! Ҳамма-ҳаммаси учун Яратганга ҳамд-у санолар айтган ҳолда муҳтарам раҳбариятга, Сиз орқали муҳтарам Президентимизга ўз миннатдорчилигимизни изҳор этамиз! Ҳурмат ва самимият ила “Имом Бухорий” ислом институти сиртқи бўлимининг биринчи курс талабаси МАВЛАНОВ Нурали Райимович. 741