islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Yanvar 17, 2018

Day

Нафс мартабалари

Биринчи нафс мартабасига “Нафси аммора’’ дейилади.Бу ҳеч бир нарсага арзимайдиган бир нафсдир.Кофирлар, мушриклар, мунофиқлар ва фосиқларнинг нафслари ҳам борки, 12 аломати, сифати ва феъл-атвори бор. Булар ҳеч бир замон муваҳҳид мўминга ярашмас.Комил ва етук мўмин бу мартабадан ва сифатларидан, феъл-атворларидан ўтган, ўзини поклаган, зийнатланган, нурлантирган, нур устига нур қўйган, тунларни кундуз қилган, қоронғуликни кетказиб, зулматларни йиртиб “Нурун аъло нур’’ бўлган одамдир. Қараганнинг кўзлари қамашгай, ортидан эргашганлар нур дарёсига етишурлар. Жаннатни дунёдаёқ топурлар. Бундайларнинг ўзлари, сўзлари, барча мақсад ва ғоялари Ҳақ таоло жамолига етишмоқ ва розилигини топмоқдир. Шунинг учун ҳам дунёнинг бирон бир лаззати бу зотларни Ҳақ таоло ризолиги учун ҳаракатдан ман қилолмас! Ҳақ таоло истагандек бўлса, жонларини киприк қоқмай Ҳаққа беришга доим тайёрдурлар. Нафси аммора эгалари бўлса, бунинг мутлақо тескарисидирлар.Улар шундай бир ботқоққа тушканларки, ҳам таърифлаб бўлмайди.Ҳоҳ ширк ҳоҳ куфр балчиғида ўлганларнинг жойи оловдан, муздан, турли йиртқич ҳайвонлари билан тўла бўлган жаҳаннам ичида абадий қолиш қандай эканлигигни фақат ўша ерга кирганлардан сўраш керак.Сўрашга ҳам ҳожат йўқ, Аллоҳ ва Расули чиройли баён қилмоқда.Аммо Аллоҳ таоло ва Пайғамбарига иймон келтирмаган бечораларга нима ҳам дейиш мумкин.Бу насиҳат мўмин мусулмонларгадир.Нафси амморанинг ёмон феъл-атворлари қуйидагилардир: 1.Кибр. 2.Кин. 3.Бахиллик. 4.Шаҳват. 5.Ҳирс. 6.Ҳасад. 7.Ғазаб. 8.Ғафлат. 9.Жаҳолат. 10.Ширк. 11.Куфр. 12.Ужб. Нафснинг кейинги тури нафси лаввомадир. Бу нафс нафси амморанинг эгизаги, фақат бир озгина ислоҳ бўлган шаклидир.Инсон бундан иймон келтиришлик билан халос бўлсада, лекин нафси амморага жуда ҳам яқиндир.Ораларида бир икки фарқи бор.Куфр ва ширкдан ҳар қанча ўзини халос қилган бўлса ҳам, бошқа феъл-атворларга ҳали соҳиб бўлгани учун фурсатни топди дегунча бу лаввома аммораликка тушиб олади. Лаввоманинг ёмон сифатлари: фисқ, жаҳолат, ужб, уйқуни яхши кўриш, еб-ичишга ҳирс бўлиши, ҳирс, қаҳри-надомат, яхши кийиниш ва яхши яшаш ҳақидаги орзулар, лағв яъни бемаъни, фойдасиз гап сўзларни кўп гапиришдирдир. Ёмон феъл-атворлар аввало маънавий нажосатдир.Шунинг учун тасаввуф китобларни кўп ўқиш фойдадир.Разил аҳлоқ эгалари аввало ибодат ва тоатда иложи борича танбаллик қилмасликлари шу билан бирга Аллоҳ таолога ўз разил хулқларидан қутқаришини тилаб кўп-кўп ёлвормоқлари даркор. Кейинги нафс тури нафси мулҳамадир. Бу нафс Ҳақ таоло эҳсон қилган нафсдир.Бу нафс ҳақида ’ЪМўминлардан олим бўлганларнинг нафсидир.’’ Уларннг феъл атворлари:илм, тавозелик, тавба, сабр, шукур, жўмардлик, қаноат, таҳаммул (сабру тоқат)дир. Бу хулқларнинг барчаси бағоятда чиройли ва мақтовга лойиқ феъл-атворлардир.Агар бу борада зийрак бўлинмаса, бу нафсдан лаввомага, сўнг эса аввомага ўтиш эҳтимоли вужудга келади.Бу чиройли хулққа эга бўлиш бахт бўлсада, унга эришиш учун ғайрат қилиш керак. Кейинги нафс тури эса “Нафси мутмаинна”дир.Бу шундоқ бир нафски, Аллоҳ таолонинг изни билан қалб руҳининг нури билан нурланиб, ёмон феъл-атворлардан, сифатлардан халос, пок бўлиб чиройли аҳлоқ билан зийнатланур.Ҳақ таоло барчамизни мана шу чиройли нафс ва чиройли хулқлар билан зийнатлантирсин.Амин.Нафси мутмаиннанинг чиройли 6 феъл-атвори ва сифати бор:амал(олими боамаллик), таваккул, очлик, риёзат, ибодат, тафаккурдир. Булар комил сифатлар, яъни етуклик аломатидир. Мана шу феъл-атворлар ва сифатларга эга одам боласи ўртача бир етукликка эришади ва роҳат, сокинликни фақатгина мана шу нафси мутмаиннага етишгандан сўнг топилади. Кейинги нафс тури “Нафси розия”дир.Комил инсон бўла олиш, ҳақиқий мусулмон бўлмоқлик учун аммораликдан, лаввомаликдан қутилиб, мулҳама мартабасидан ўтиб мутмаинна мақомига етишмоқликка ҳаракат қилмоқ ва бу хусусида ўзини доим назорат остида тутиш ёхуд уни назорат қилувчи бир комил зотни топиш, албатта, шарт. Нафси розия эгалари...

Инсон нега ёлғон гапиради?!

Инсон аслида бу дунёга нима учун келганини англаб олиши зарур. Озгина муддатлик, кераксиз, беҳуда нарсалар учун ёлғон сўзлаш, бу ҳаёт мақсадини тушуниб етмаганлик сабабли вужудга келади. Ёлғон араб тилида «кизб» дейилади ва луғатда ростнинг тескарисини англатади. Уламолар ёлғонни қуйидагича таърифлайдилар: Журоний: “ Ёлғон хабар унинг воқеликка тўғри келмаслигидир “, деганлар. Ибн Ҳажар: “ Ёлғон бир нарса ҳақида қастдан бўлсин, ноқастдан бўлсин, унга хилоф нарсани гапиришдир “, деганлар. Аллоҳ таоло Қуърони Каримнинг Наҳл сурасида ёлғон ҳақида қуйидагича марҳамат қилади: “Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганларгина тўқирлар. Ана ўшалар ўзлари ёлғончидирлар “ . Инсон ёлғон гапириб нимага эришади? Нима учун ёлғон гапиради? Кишининг ёлғон ишлатишига бир неча сабаблар бор: Фойда жалб қилиш. Ёлғончи ўзига фойда етишишини кўзлаб одамларни алдаб, ўз манфаати учун ёлғон гапиради; Зарарни қайтариш. Ёлғончи ўзига етиши мумкин бўлган зарарни қайтариш мақсадида ҳам ёлғон тўқийди. У ўзича шу тўғри йўл деб ўйлайди. Аммо бу икки ҳолатда ҳам ўзига бу дунё ва охират зарарларини жалб қилаётганини ўйламайди; Сўзини чиройли ва гапини гўзал чиқармоқчи бўлиш. Бунда ёлғончи тўғри сўз ва рост гап ила одамларга ёқиш, уларнинг эътиборини тортиш имкони йўқ бўлганидан уларга ёқадиган гап-сўз излаб, ёлғон гапиради. Ёлғон гапириш одатига айланиб қолгани ва нафси шу нарсани истайдиган бўлиб қолгани сабабли бу ишни қиладиганлар ҳам бор; Душмандан ўч олиш мақсади. Бунда ёлғончи душманини шарманда қилиш ва ундан ўч олиб, кўнгли тўлиши учун ёлғон тўқийди; Ўз обрўсини орттириш мақсади. Бунда ёлғончи ўзини аҳли фазл, олим, уддабурон қилиб кўрсатиб, мақтаниш учун ёлғон тўқийди. Асли йўқ нарсани тўқиш. Бор нарсага маънони ўзгартириб юборадиган даражада қўшимча қўшиш; Бор нарсага маънони ўзгартириб юборадиган даражада нуқсон етказиш.Бор нарсани гапираётганда маънони ўзгартириб юборадиган даражада ибораларни ўзгартириш. Дунё олимлари ва машҳур инсонлар ҳам ёлғонни қоралаб қуйидагиларни айтганлар: Ёлғончилик-қабиҳ иллат. (М. Монтен) Ёлғончилик ўғриликдан баттар. (Ж. Ренар) Ёлғончилик ёвузлик тимсоли. (В. Гюго) Фақат ярамасларгина алдашади. (Ф.Достоевский) Ёлғончи инсон деб аталишга лойиқ эмас. (Ф. Фенелон) Ҳаммадан ҳам кўра мен қўрқоқлик ва ожизлик туфайли тўқилган ёлғондан жирканаман. (А.И. Куприн) Ёлғончилик инсон қалби ва жисмига ҳадсиз уқубат юклайди. (Ш. Руставели) Шира майсани, занг темирни, ёлғон қалбни кемиради. (А.Чехов) Ҳадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти 3-курс талабаси Раҳимжонова Хосият 687

Поклик сабоқлари: Ғусл қандай қилинади?

Муқаддас Ислом динимиз покликка ниҳоятда эътибор берган улуғ диндир. Аллоҳ таоло ўз каломида бир неча ўринларда  қалб, тана, кийим ва таомлар поклиги ҳақида оятлар нозил қилган. Қуръони каримда: «Аллоҳ тавба қилувчиларни ва покларни севади», деб марҳамат қилса, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Пок бўлинглар, пок бўлмаган киши жаннатга кирмайди”, деб огоҳлантирган. Биз бугун покланишнинг асосийларидан бири – ғусл ҳақида тўхталамиз. “Ғусл” сўзи арабча бўлиб, “ювмоқ” маъносини англатади. Аллоҳ таоло “Моида” сурасининг 6-оятида шундай мархамат қилади: وَإِنْ كُنْتُمْ جُنُبًا فَاطَّهَّرُوا  Агар жунуб бўлсангиз, обдон покланингиз (чўмилингиз)!  Ғуслни вожиб қиладиган нарсалар қуйидагилар: 1) манийнинг ўрнидан шахват ва қувват билан отилиб чиқмоғи; 2) эрнинг олати аёлнинг фаржи ё дубурига алоқа қилмоғи; 3) эҳтилом (яъни уйқудан уйғонган эр ва аёлнинг ўз баданида ё ич кийимида нам куриши) бўлиши; 4) ҳайз курган аёлда ҳайзнинг тўхташи; 5) нифосдан  халос бўлмоғи. Демак, шулардан биронтаси бўлиши билан имкон борича тезроқ ғусл қилиш фарз  бўлади. Ғуслда дастлаб қўллар яхшилаб ювилгач, бадандаги нажосатлар ювилади, сўнгра қўлларни яхши ювиб, таҳорат қилинади. Яъни оғиз, бурун сув билан кейин юз-қўллар тирсақлари билан қўшиб уч мартадан ювилади. Қўллар сув билан намланиб, бошга масҳ  тортилади. Агар сув тўпланадиган жой бўлса оёқ ювилмайди.  Ғуслнинг фарзи 3 учта 1) оғизга сув олиб уч марта яхши ғарғара қилади, 2) бурун ҳам уч марта сувда ювилади. 3) аввал бошдан, кейин ўнг ва чап елкадан уч мартадан сув қуйилади. Ҳар қуйганда баданнинг сув тегмай қолиш эҳтимоли бўлган (киндик, қулоқ, қўлтиқ ости, тирсак, тўпиқ, қобоқ, қўлдаги узук остлари каби) жойларига ишқалаб сув етказилади. Шу яхшилаб ювингандан кейин оёқлар ювилиб, пок нарса устига қўйилади. Агар аёллар сочларини ўрган бўлсалар, ўримини ечиши шарт эмас, балки ўша ўрим устидан сув қўйиши кифоя. Агар ўрмаган бўлсалар, албатта ювишлари шарт. Ғуслни ниҳоятда мукаммал қилиш керакки, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Ҳар бир сочнинг ва ҳар бир терининг устида жанобат бор”, деб огоҳлантирган. Демак, эркакми-аёлми, бошими ё бошқа  аъзоларими – бутун танага сув теккизиши шарт. Тирноқларда лак бўлса, уни кетказиш лозим. Ғуслни хаммомда қилади. Агар ариқда ювинишни ихтиёр қилса, даставвал танадаги нажосатлар кетказилиб, кейин ғусл қилиш лозим бўлади. Агар эркак ё аёл оғир хаста ҳолида жунуб бўлиб, сувда чўмилганда хасталиги ортиб кетадиган бўлса ёки мутлақо имкониятсиз бўлса, бундай кишилар иложи борича нажосатлардан тозаланиб, таяммум қилишлари дуруст. Хулоса шуки, жунуб одамнинг покланмай туриб бирон нарсага аралашуви яхши эмас. Аллоҳ таоло бандаларининг ниҳоятда покиза юришини хуш кўрар экан, барчамиз пок ҳолда Аллоҳга дўст бўлайлик. Тошкент Ислом институти битирувчиси Тўхтаев Насрулло 527

Муносабат: Бу кунларни қанчалик орзу қилган эдик…

Бизнинг болалик йилларимиз кўп қалтис йилларга тўғри келди. Ота-боболаримиз муқаддас китобларимизни яшириб сақлар ва доимо хавотир остида яшар эдилар. Аммо ўша, даҳшатли шарпалар кезиб юрган паллаларда ҳам бизни Қуръон илмига солиш учун Аллоҳ таолога таваккал қилиб ўқитар эдилар. Саводимиз ана ўша кезларда чиққан. Болаликдан Қуръони каримга муҳаббат қўйдик. Тунлар ухламасдан уни ҳижжалаб ўқиб ёдлаб ҳам олдик… Аммо, азизлар! нафақат, мамлакатимиз, балки қўшни давлатларда ҳам мамлакат миқёсида катта Қуръон мусобақаси бўлибди, унда истаган кишилар қатнашибди деб эшитмаганман. Биз ана шу кунларни қанчалик орзу қилган эдик. Оталаримиз-боболаримиз қанчалар орзу қилган эди. Чунки Қуръон мусобақаси барчани бирдай илм олишга чорлайди: бунда қатнашган қорилар илмини устозлар кўригидан ўтказиб пухталаб олади; бошқалар эса қироатлардан таъсирланиб илм олишни истаб қолади; фарзандларининг қори бўлишини ният қилиб, уларни Қуръон илмига йўналтиради. Кеча мусобақа чоғида ёш қориларимизнинг, қорияларимизнинг тиловатларини тинглаб ўтириб, қанийди шу кунларни менга Қуръони каримни ўргатган қиблагоҳим ҳам кўрганида, қори бўлганимдан боши осмонга етган онажоним ҳам кўрганида қанчалик севинган бўлар эди, деб ўйлаб дийдам юмшади, кўзимга ёш келди. Қориларнинг ширали овозда, аниқ-тиниқ ўқиётганини кўриб, шундай ажойиб қорилар етишиб чиққанига шукрлар қилдим. Буларнинг барчаси табаррук устозларимизнинг, Рамазони шарифларда қилинган узундан узоқ дуои хайрларнинг шарофатидир. Шу дуолар сабаб, меҳрибон Аллоҳимиз юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз фаровон бўлиши учун халқим, юртим дейдиган халқпарвар Раҳбарни бошимизга келтириб қўйди. Биз эса бунинг учун ҳар лаҳзада Аллоҳимизга шукурлар айтиб туришимиз, бу неъматларнинг қадрига етишимиз, дуои хайрларда бўлиб туришимиз лозим. Шунда Аллоҳ таъоло бу неъматларини бардавом қилади, иншооллоҳ. Куни кеча бошланган Қуръон мусобақаси олдиндаги ниҳоятда буюк ишларнинг пойдеворидир. Зотан, пойдевор мустаҳкам бўлса, бинони истаган қадар юксалтириб боравериш мумкин. Шу жиҳатдан, Қуръони каримга асосланган билим, маърифат энг пешқадам илмга айланади, юртнинг эса келажаги порлоқ бўлади. Зотан, Қуръонни эъзозлаб бағрига босган бандаларни Аллоҳ таоло бағрига олади, уни кўзларига сурган халқнинг Аллоҳ таоло кўз нури бўлади, уни неъмат билган халққа неъматларни зиёда қилиб қўяди, уни эъзозлаган халқнинг мартабасини юксалтиради. Қуръон байрами барчамизга муборак бўлсин, азизлар! Марказий Осиё қориларининг фахрий устози Яҳё қори бува (88 ёшда) ЎМИ матбуот хизмати 332