Алҳамду лиллаҳи роббил аъламин, вассолату вассаламу ала хойри холқиҳи ва ала алиҳи ва асҳабиҳи ажмаин.
Ҳанафий мазҳаби Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг юрти Куфада вужудга келди. Ўша пайтда Куфа катта илмий марказ бўлиб, илм ва уламолар билан тўлиб тошганди. Унинг масжидлари фиқҳ ва ҳадис ҳалқалари билан гавжум эди[1].
Бу шаҳар илм-фан ривожига катта ҳис қўшди. Чунки бу шаҳарга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бир қанча саҳобалари кўчиб келишганди. Хусусан, Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) саҳобаларга бошқа шаҳарларга боришга рухсат берганларидан кейин уларнинг кўпчилиги Куфага кўчиб келишди. Қолаверса, Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу)нинг халифалик даврларида бу шаҳар халифалик пойтахти бўлган[2].
Бу мазҳабнинг илк тамал тошларини ўрнатиш буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)га нисбат бериллади. У зотни Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) Куфага муаллим ва Куфа амири Аммор ибн Ёсир (розияллоҳу анҳу)га вазир қилиб жўнатаётиб, шундай деган: “Мен сизларга Аммор ибн Ёсирни амир, Абдуллоҳ ибн Масъудни муаллим ҳолда вазир қилиб юбормақдаман. Икковлари ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Бадрда қатнашган улуғ саҳобаларидир. Абдуллоҳ ибн Масъудни байтул молингизга бошлиқ қилдим. Уларга эргашиб, илм ўрганинглар. Сизларни ўзимдан устун қўйганим учун Абдуллоҳ ибн Масъудни сизларга жўнатдим”[3].
Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) бир қанча вақт Куфа аҳлига илм ўргатдилар. Мадинага қайтаётганда энг сара шогирдларини ўз ўрнига қолдирди. Улар Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан тарбия олиб, унинг илм булоғидан ичган эдилар. Улар Қуръон, суннат ва фиққ илми осмонида ёрқин юлдузга айланишганди. Улар саҳобаи киромлардан кейин Куфада илм, фиқҳ, фатво байроқларини кўтариб, фақиҳ бўлиб етишишган эдилар[4].
Ибн Масъуддан Куфада фиқҳ ўрганиб, унинг илмини мерос қилиб олган шогирдлари ичида Алқама[5], Ҳорис[6], Масруқ[7], Абу Майсара[8], Абийда[9], Асвад[10] (раҳимаҳумуллоҳ)лар бор эди.
Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан илм, фиқҳ, ҳадисдан кўпроқ насибадор бўлган, қавмининг билимдони, у зот билан бирга доим юрган, илм ва амалда пешво, у зотдан кейин фатво бериш ўрнига ўтирган шогирди Алқама (раҳимаҳуллоҳ)дир. У ҳидоят ва улуғворликда Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)га энг ўхшаш фақиҳ, устозининг илмини ўзлаштирган шогирд эди. Ваҳоланки, ўша пайтда саҳобалар кўп бўлишига қарамасдан, инсонлар айнан ундан савол сўрашарди. У нафақат одамлар наздида, балки устози Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)нинг ҳам наздида сиқа (ишончли) киши эди. Шунинг учун инсонлар ундан фатво сўрашарди. Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) у ҳақида шундай деган эди: “Мен ниманики ўқитган ва ўргатган бўлсам, Алқама уни ўқир ва ўрганарди”[11].
Алқама устози Абдуллоҳ ибн Масъуд билан бирга Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб ва бошқа саҳобалар (розияллоҳу анҳум)дан ҳам ҳадис ривоят қилган.
Саҳобалар асридан кейин Алқаманинг илмий фаолияти Куфа шаҳрида илмни ривожлантиришга катта таъсир кўрсатди. Ундан Куфанинг улуғ зотлари илм ўрганишди. Унинг шогирдлари ичида кўзга кўрингани ва машҳури “Куфа фақиҳларининг тили” деган номга сазовор бўлган Имом Масъуд Иброҳим Нахаий (розияллоҳу анҳу) эди.
Иброҳим Нахаий устози Алқаманинг йўлини тутди. Алқама эса, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га маҳкам эргашиши билан танилган Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)нинг изидан борган эди. Ҳатто инсонлар: “Алқамага Нахаийдан кўра кўпроқ эргашувчи бирор кишини кўрмаганмиз. Ибн Масъудга Алқамадан кўра кўпроқ эргашувчи бирор кишини кўрмаганмиз. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Ибн Масъуддан кўра кўпроқ эргашувчи бирор одамни билмаймиз”, дейишарди[12].
Иброҳим Нахаий вафотидан кейин унинг ўрнини Куфа муфтийси ва фиқҳда мурожаат қилинадиган зот Ҳаммод ибн Абу Сулаймон эгаллади. Нахаий ҳаётлик даврида шогирдларига бундай васият қилар эди: “Мендан кейин Ҳаммоднинг этагини маҳкам тутинглар. Зеро, у инсонлар мендан сўрайдиган масалаларнинг ҳаммасини ўрганиб бўлган”[13].
Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) фиқҳни Ҳаммод ибн Абу Сулаймон (раҳимаҳуллоҳ)дан таълим олдилар. Устозининг вафотига қадар ўн саккиз йил мобайнида у зотнинг этагидан маҳкам тутди. Сўнгра марҳум устозининг ўрнига ўтириб, инсонларга илм ўргатдилар ва фатво берди.
Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) Ҳаммод ибн Абу Сулаймон (раҳимаҳуллоҳ)дан таҳсил олиш билан бирга бошқа устозлардан ҳам илм ўрганган. Ҳаммод ҳам ўз навбатида Иброҳим Нахаийдан ташқари бошқа шайхлардан сабоқ олган. Буни ҳам юқорида айтдик. Иброҳим эса, Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) илмининг меросхўри бўлган Алқама ибн Қайсдан илм олган. Демак, Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) мазҳабининг асосий булоғи буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)нинг фиқҳи ва ривоят қилган асарларидир. Абу Ҳанифа мазҳабининг илдизлари Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан бошланади ва деярли барча асл (қоидалар) у зотга бориб тақалади.
Имом Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг Ҳаммод, Иброҳим ва Алқамадан олган илм санадидан ташқари бошқа саҳобаи киромларнинг ҳам илмини ўрганган. Уларнинг аввалида Умар ибн Хаттоб, Али ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумлар) туради[14].
Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)нинг фатволари ва масалалари уфқларни тўлдириб юборган. Хусусан, ҳанафий мазҳабининг ўчоғи бўлган Куфа шаҳрида ҳам кенг тарқалган. Чунки Куфанинг биринчи муаллими Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) билан ҳамфикр бўлганлари боис у зот йўлларидан борарлар. Деярли ҳеч бир масалада у зотга хилоф сўз айтмасди. Имом Шаъбий (раҳимаҳуллоҳ) Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)нинг бундай деганларини ривоят қилади: “Борди-ю инсонлар бир водий ва дарани манзил тутсалар-у, Умар бошқасини танласа, мен, албатта у водий ва дарани макон тутган бўлардим”[15].
Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) Куфага риҳлат қилгач, у ерни халифалик пойтахтига айлантирган эди. Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг шайхлари у зотдан фиқҳни ўрганишиб, раъйларидан фойдаланишган.
Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) Али ибн Абу Толибнинг халифалик даврида Ироққа келганлар. Шунинг учун у зотнинг илмлари бу ерда ёйилган. Юқорида таъкидланганидек, Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)нинг шогирди Ато ибн Абу Рабоҳ (раҳимаҳуллоҳ) Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг катта устозларидан бири бўлган.
Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) Ҳижозга кўп борар эди. Ҳатто умавийлар халифалигининг охирги даврида аббосийлар давлати ташкил топгунга қадар маълум муддат Макка шаҳрида қўним топди. Ҳар бир сафарида буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос (разияллоҳу анҳумо)нинг илмини мерос қилиб олган шогирдларидан илм ўрганишга ҳаракат қилар эди[16].
Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) бу буюк саҳобаи киромларнинг илмини шайхи Ҳаммод, унинг шайхи Иброҳим орқали ўрганган. Бу ҳақдаги маълумотни Саймарий ва Хатиб Бағдодий санадлари билан Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)дан ривоят қиладилар: “Мен амирул мўъминин Абу Жаъфарнинг ҳузурига кирдим. У мендан:
– Эй, Абу Ҳанифа, илмни кимлардан ўргандингиз? – деб сўради.
– Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у эса, Умар ибн Хаттоб, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳум)нинг шогирдларидан.
– Етар, етар! Эй Абу Ҳанифа, истаган нарсамга ишонч ҳосил қилдим”[17].
Маълумки, Али (розияллоҳу анҳу) Куфада қисқа муддат яшадилар. Шу пайт у ерда турли фитна ва исёнлар содир бўлди. Бу ҳолат у зотнинг фиқҳларини ёйилишига таъсир ўтказмади. Абу Ҳанифа ҳам Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)нинг шогирдларидан илмни одатий бўлмаган ҳолатда ўрганган. Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)дан етиб келган илм эса, кўпинча Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) орқали бўлган.
Демак, Имом Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) салафи солиҳларнинг одатларидек кўпгина саҳобаи киромларнинг илмларини ўрганган, уларнинг кўплаб раъйларидан таъсирланган. Юқорида таъкидлаганмиздек, бу саҳобаларнинг бошида тўрт буюк саҳоба туради. Бироқ, Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг фиқҳига асосий таъсир кўрсатган зотлар – Ҳаммод, Иброҳим ва Алқама ибн Қайс Нахаий санади билан етиб келган Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)нинг фиқҳидир. Уламолар орасида ушбу гап кенг ёйилган: “Абдуллоҳ ибн Масъуд фиқҳ уруғини сепган, Алқама суғорган, Иброҳим Нахаий ҳосилини йиғиштириб олган, Ҳаммод янчган, Абу Ҳанифа ун қилган, Абу Юсуф хамирини қорган, Муҳаммад нон қилиб пиширган. Қолган инсонлар эса, ўша нондан емоқдалар”[18].
Ҳанафий мазҳаби ривожланишнинг дастлабки босқичи Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг ҳаётлик чоғларида таълим ва фатво беришлари, бошқаларга қараганда кўпроқ фиқҳни ўргатишлари билан бевосита боғлиқдир.
Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг фиқҳга бўлган иқтидорлари ва бор аҳамиятларини ижтиҳод ҳамда фиқҳни ўргатишга қаратганлари мазҳабларининг ривожланишига туртки бўлди. Ижтиҳодларида ўзининг фиқҳлари ва раъйларини намоён қиладиган ёрқин йўлни, шогирд ва талабаларга фиқҳни ўргатиш борасида эса ажойиб услубни танладилар. Натижада кўп фақиҳлар етишди. Шогирдлари у зот ҳаётлик даврларида истинбот қилиш ва масалаларни ўрганишда шерик бўлишган, вафотларидан кейин ҳам шу ишларини давом эттиришди. Бу эса, ҳанафий мазҳабининг ривожланишига катта ёрдам берди.
Имоми Аъзам (раҳимаҳуллоҳ)нинг фатволари, райълари ва қавлларининг истинбот қилиниши уч босқичдан иборат. Имом Абу Юсуф (раҳимаҳуллоҳ) бу мазҳабнинг кенг тарқалишига катта ҳисса қўшган. У зот аббосий давлатида бош қози бўлганида вилоятлар ва шаҳарларга ҳанафий мазҳабига мансуб уламоларни қози этиб тайинлаган. Кейинчалик усмонийлар халифалиги ушбу мазҳабни расмий деб эълон қилиб, ўзига тобе барча вилоятлар ва ҳудудларда шу мазҳаб асосида қозилик ва фатво ишларини амалга оширилишини таъминлаган[19].
“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси мудири
Соатмурод Примов
[1] Маккий. Маноқибу Абий Ҳанифата. – С. 52; Муҳаммад Зоҳид Кавсарий. Ҳусунут тақозий. – С. 10-11.
[2] Ибн Саъд. Табақоту Ибн Саъд. Ж-6. – С. 9.
[3] Ибн Саъд. Табақоту Ибн Саъд. Ж-6. – С. 7-8.
[4] Заҳабий. Сияру аъломин нубало. Ж-4. – С. 56.
[5] Тўлиқ исми – Абу Шибл Алқама ибн Қайс ибн Абдуллоҳ ан-Нахаий ал-Куфий. У зот тобеинлардан бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғида туғилган. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга шогирд тушиб илм ўрганади. У зот 61 – 71 йиллар оралиғида вафот этган.
[6] Тўлиқ исми – Ҳорис ибн Қайс ал-Жаъфий ал-Куфий. У Али ибн Абу Толиб ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумодан ҳадис ривоят қилган. Ҳижрий олтмишинчи йиллардан олдин Муовия разияллоҳу анҳунинг халифалик даврида вафот этган.
[7] Тўлиқ исми – Абу Оиша Масруқ ибн Ал-Аждаъ Абдурраҳмон ибн Молик ал-Ҳамадоний ал-Куфий. У хулофои рошидинлар ва бошқа саҳобалардан ҳадис ривоят қилган ва фатво олими бўлган. 62 ёки 63 йилда вафот этган.
[8] Тўлиқ исми – Абу Майсара Амр ибн Шураҳбил ал-Ҳамадоний ал-Куфий. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг етук шогирдларидан. У Оиша, Али ва бошқа саҳобалардан ҳадис ривоят қилган ва фатво олими бўлган. 63 йилда вафот этган.
[9] Тўлиқ исми – Абу Амр Абийда ибн Амр ас-Салмоний ал-Муродий ал-Куфий. У Макка фатҳ қилинган йили Яманда мусулмон бўлади. 72 йилда вафот этган.
[10] Тўлиқ исми – Абу Амр Ал-Асвад ибн Язид ибн Қайс ан-Нахаий ал-Куфий. У Алқаманинг акасининг ўғли бўлган, лекин Алқамадан ёши катта эди. У солиҳ, обид ва фақиҳ бўлган. Уммул муъминин Оиша розияллоҳу анҳо уни ҳурмат қилар ва у ҳақда бундай деди: “Ироқда бирор киши менга Асваддан кўра ҳурматлироқ эмас”. У зот 75 йил вафот этган.
[11] Заҳабий. Таърихул Ислом. Ж-5. – С. 192.
[12] Хатиб Бағдодий. Таъриху Бағдод. Ж-12. – С. 298; Заҳабий. Сияру аъломин нубало. Ж-4. – С. 55.
[13] Заҳабий. Сияру аъломин нубало. Ж-5. – С. 232.
[14] Аҳмад ибн Насириддин ан-Нақиб. Ал-Мазҳаб ал-ҳанафий. Ж-1. – С. 87.
[15] Аҳмад ибн Насириддин ан-Нақиб. Ал-Мазҳаб ал-ҳанафий. Ж-1. – С. 88.
[16] Аҳмад ибн Насириддин ан-Нақиб. Ал-Мазҳаб ал-ҳанафий. Ж-1. – С. 88.
[17] Саймарий. Маноқибу Абий Ҳанифата. – С. 34; Хатиб Бағдодий. Таъриху Бағдод. Ж-12. – С. 231.
[18] Имом Ҳаскафий. Ад-Дуррул мухтор. Ж-1. – С. 8.
[19] Аҳмад ибн Насириддин ан-Нақиб. Ал-Мазҳаб ал-ҳанафий. Ж-1. – С. 10.