“Бахт – қанча эмас, қандай яшашда….”
Жорий йилнинг 7 октябрь куни Тошкент ислом институти талаба қизлари иштирокида Маънавият соати бўлиб ўтди. Унда “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси, “Новза” масжиди имом хатиби Жалолиддин домла Ҳамроқулов меҳмон бўлди.
“Билим олишда риёзатнинг ўрни” дея номланган ушбу суҳбатда домла талаба қизларни янги ўқув йилини муваффақиятли бошлаб олганликлари билан самимий қутлади. Тўрт йиллик талабалик даврини ғанимат билиб, солиҳ амални ўзида жамлайдиган билимларни тўла эгаллаш лозимлигини таъкидлаб ўтди.
“Яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтарувчи умматнинг асосини имон ташкил қилади. Агар биз тақдиримизга Аллоҳни ёзганига имон келтириб, рози бўлиб яшасак, Роббимиз ҳам биздан рози бўлади. Банданинг бахти уни қанча яшаганида эмас, қандай яшаганига қараб баҳоланади. Жамиятимиз ислоҳотига ҳар биримиз фойда келтиришга харакат қилмоғимиз лозим. Ҳеч бўлмаганда ўз шахсий ҳаётингиз билан ижобий ҳиссангизни қўшинг”, дея таъкидлади. Устоз чорак асрдан кўпроқ талабаларга илм бериб, жамлаган ҳаётий ва илмий тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда, талаба қизларга қимматли маслаҳатларини бериб, бу даргоҳларда не-не устозлар етишиб чиққанлиги, бугунги кунга келиб, уларнинг ўрниларида ўтириб билим олиш, чексиз масъулиятни талаб этувчи катта бахт эканлиги ҳақида гапириб ўтди.
Суҳбат асносида талаба қизлар ўзларининг қизиқтирган саволларига Жалолиддин домладан етарли жавобларни олдилар.
Талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи
З.Суярова