islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Бухорийни соғиниб…

Илмни Ўзини таниш воситаси қилган, илк нозил бўлган ояти муборакни ҳам илм олишга тарғиб ила бошлаган, илм аҳли билан билмайдиганларнинг даражаси тенг эмаслигини қайта-қайта такидлаган олимларни мақтаб уларнинг мақоми пайғамбарлардан сўнгги мақомда қилиб улуғлаган Аллоҳ таолога ҳамд-у санолар. Умри мубораклари давомида гўзал тарбия ва ахлоқларнинг энг мукаммали ила бизларга Жаннат сари юришни ўргатиб, олимлар Ўзларининг меросхўрлари эканини айтиб, Қуръон ва суннатни мустаҳкам арқон тўғри йўл деб таълим берган Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламга туганмас саловатлар.

Мана неча асрки Ислом дунёси мустаҳкам арқон узра бир жамоа бўлиб яшаб келмоқда. Ҳар бир илм асралар оша янгириб эскиликлари унитилиб, даврга мослашиб борадиган бўлсада, Ислом дунёсининг асосий китоби Қуръони Мажиддан сўнг турадиган “Ал-Жоме Ас-саҳиҳ” асари ва унга бўлган эътибор ва ундаги илм унитилмади ҳам, даврга мослашмади ҳам. Балкида ундаги ҳақиқатлар инсониятга жуда ҳам зарур бўлиб ҳар бир давр инсонлари унга мурожаат этиб яшадилар. Бунинг асосий сабаби эса албатта бу китобдаги жамланган сўзлар икки олам сарвари мўминларнинг Ҳавзи Кавсар бўйида кутиб олиб, Аллоҳ таолодан шафоат қилиб берувчиси Муҳаммад Мустафо соллалоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари бўлганлигида. Бу асар муаллифининг ҳаётини ўрганишлик ва бу асарни ҳаётимиз чироғи қилмоғимиз биз ёш авлодга албатта нажот йўли ва маёқ бўлажак.

Фотимахоним ёш Муҳаммадга қараб унинг етук шахс ва отаси истаганидек ҳадисларни жамлаб уларни саҳиҳларини халққа етказувчи олим бўлишини Аллоҳга илтижо қилиб дуо қиларди. Айни дамда унинг бу орзулари сут билан Муҳаммаднинг қалбига жо бўлаётгани ҳам илоҳий бир мўжиза эди. Инсоният унгача ва ундан кейин ҳам унингдек шахсни тарбиялашга ожиз қолган Муҳаммад ибн Исмоил бу хонадонда Аллоҳ розилигига етишнинг ажиб йўлларини таълим олиб улғайиб борар эди. Йиллар давомида Фотимахонимнинг заҳматли меҳнатлари ва Аллоҳ таолога илтижолари сабаб ёш имом аввало Каломуллоҳни сўнг эса бошқа илмлар қаторида ҳадисларни ёд ола бошлади. Аллоҳ таоло ота-онасининг тақво ва зуҳди сабаб Муҳаммад ибн Исмоил тенгдошлари орасида фавқулодда мустаҳкам зеҳн соҳиби бўлиб камол топди. Бир эшитган нарсасини унутмайдиган бундай зеҳн соҳиби аввало ўз юрти имомларидан таълим олди. Исмоил ибн Иброҳим вафот этгач, Фотимахоним зиммасига икки ўғилнинг тарбияси ва эрининг Муҳаммад учун айтган васиятини бир зум бўлсада унутмай Аллоҳдан нусрат сўраб яшади. Муҳаммад ибн Исмоил Макка сари илм олмоқ учун онаси ва акаси ҳамроҳлигида йўлга чиқишганида у ҳали 16 га чиқиб улгурмаган эди. Ҳаж мавсуми тамомига етгач онанинг яна бир синови кичик фарзандни илм олмоқлиги учун бу муборак заминда ташлаб ўзи қайтиб кетиши эди. Аммо ишончли устозларни ўзи излаб топиб қалби таскин топгачгина, бор алам-у соғинчларини беркитиш учун ортида қолган жигарпорасига қайрилиб ҳам қарамай йўлга чиқди. Йўл олис, бегона юрт, ёлғиз ўзини қолдириб фақат ва фақат Аллоҳ йўлида илм олиши учун бу жудоликка чидаб яшаш учун Аллоҳга тақво ва таваккулнинг энг гўзал намунасига эга бўлмоқ керак эди. Фотимахоним ана шу ҳислатларга эга аёл бўлганлиги сабаб ҳам Аллоҳ таоло унинг фарзандини то Қиёмат келувчи уммати Муҳаммадийга устоз қилиб тарбия топтирди.

Йиллар давомида юртма юрт кезиб саҳиҳ ва носаҳиҳ бўлган ҳадисларни ёдлаб, ровийларини излаб топиб, жамлаб ўз Жомесига ёзиб борган Муҳаммад ибн Исмоил отаси васият қилганидек етук олим ва муҳаддис, мустаҳкам зеҳн соҳиби, нафақат ўз даврининг балки ўзидан кейинги барча даврларнинг ҳам устозига айланди. Онасини соғиниб юртига қайтганда эса, Фотимахоним фарзанд соғинчида кўзлари йўлга қараб, қалби дуода бўлган кўйи умри азизи ниҳоясига етиб омонатни Аллоҳга топширганлигини билди. Онаизордан узоқда илм олиб, Аллоҳ йўлида яшашгина уларни айирганига Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий яна бир бор Аллоҳга яқинлашди ва саждага йиқилиб онаси ҳаққига узун дуолар қилиб кўз ёш тўкди.

Мен Имом Бухорий ҳаётини бугунги кунга боғламоқчи бўлиб ҳам бу жумлаларни келтириб ўтдим. Фарзанд тарбиясида онанинг ўрни қанчалар улкандир. Буни Имомнинг ҳаётини нурли йўл каби ёритган онасининг заҳматлари мисолида кўрамиз. Биз қанчалар муҳтожмиз бугунги кунда бундай тарбия соҳибаларига. Аслида Фотимахоним оддий боғбон қизи бўлган. Аммо илмда, тақвода, тарбия ва салоҳиятда замонасининг дурдоналаридан бўлган. Имом Бухорий ўзи таърифлаб айтганидек, бундай она бошқа ҳеч қачон дунёга келмайди.

Аммо биз бундай гаплар билан руҳимизни туширмаслигимиз лозим бўладики, уломоларимиз айтганидек оққан дарё яна оқаверади. Юртимиз Имом Бухорийдек фарзанд тарбия қилишга лаёқати борлигининг ўзиёқ бизга умид бахш этади. Маълум вақт ҳудосизлик жамияти бизни ўз домига тортишга урингани билан, Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки юртимиз динини сақлаб қолди.

Биз яна Имомларни етиштиришимиз учун ҳам, баъзи қалб ва танамиздаги касалликлардан воз кечмоғимиз лозимдир, айниқса Ўзбекойимлар. Агар биз ўзимизда шаклланиб бораётган илмга қизиқмаслик, Қуръондан узоқлик, шубҳали таомларда парҳезкорлик қилсак, тақво яъники Аллоҳдан чин ихлос билан қўрқиб Аллоҳга қайтсак, сабр ва таваккул ила болаларимизга илм, Қуръон, ҳадис ёд олдирсак, бунда албатта ўзимиз намуна бўлган холда иншаАллоҳ яна биздан олимлар етишиб чиқади.

Бизнинг халқ олимлар тарбия қилишда бутун дунёга ўрнак бўлган. Аёлларимиз сабр ва таваккул қилишда ҳам олий даражада намуна бўлганлар. Бола тарбияни асосан онасидан олади. Сабаб ҳам кундек равшан оталарга Аллоҳ таоло ризқ топиш масъулиятини юклаб қўйган. Агар аёллар сабр ва Аллоҳга тақво қилишда эрига ёрдамчи бўлса, уларга ҳалол ризқ топишни эслатиб турсалар, фарзандлари тарбиясидан ҳотиржам ота ҳалол ризққа интилади. Аёлларга эса Аллоҳ таоло уй ичини ислоҳ қилишни қолдирган. Бунда албатта фарзанд тарбияси энг асосий вазифадир. Уларга ширин сўзлик, гўзал ахлоқ, ҳаё ва иффат, сабр ва тақво, илм ва унга амал қилишда илк тарбияни болалар онасида оладилар ва бу бутун умрлик илм бўлади. Шундай етук фазилатли хонимлардан албатта етук салоҳият соҳиблари етишиб чиқади.

Юртимиздаги улкан янгиланиш ва ривожланиш даврида биз яна олимлар тарбиясида пешқадамликка эришмоғимиз лозим. Албатта оққан дарё яна оқаверади. Имом Бухорийнинг издошлари бўлгани каби Фотимахонимларнинг қизлари бу юртда камол топиб бормоқдалар.

Тошкент ислом институти битирувчиси
Юнусхўжа Орифахон Йўлдошхўжа қизи

107290cookie-checkБухорийни соғиниб…

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: