Саҳоба разияллоҳу анҳумлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган Қуръони каримдан шариъат ҳукмларини истефода қилар эдилар. Кўпинча, Қуръони карим оятлари батафсил айтилмасдан ёки қайдланмасдан нозил бўлар эди. Масалан, намоз Қуръони каримда уни неча ракъат экани, қайси кўринишда бўлиши ва вақтлари баён қилинмасдан мужмал келган. Закотни ҳам қанча миқдор мол-давлатдан вожиблигини қайдланмасдан, миқдори ва шартлари баён қилмасдан мутлоқ келган. Шунингдек, шартлари, асослари ва бирон ҳукмни бузиб юбориши каби изоҳлари мужмал ёки мутлоқ келган. Бундай ўринларда эса ҳукмларни батафсил билиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилишга эҳтиёж сезилар эди.
Саҳобалар Қуръони каримда далил бўлиб келмаган кўп ҳодисаларга дуч келишганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни йўлларидан ҳукмни баён қилишни лозим деб билишар эди. Чунки у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Раббилари тарафидан етказувчи ва Аллоҳ таолони шариъати, унинг чегараси ва мақсадларини яхши билар эдилар.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Қуръони каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каломи шарифни баён қилгувчи, оят ва оятнинг мақсадларини равшан қилгувчи бўлганлари учун Қуръони каримга нисбатан у зот муҳим эканликларини хабарини бериб айтади:
وَأَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الذِّكْرَ لِتُبَيِّنَ لِلنَّاسِ مَا نُزِّلَ إِلَيْهِمْ وَلَعَلَّهُمْ يَتَفَكَّرُونَ
“…Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун Зикрни нозил қилдик. Шоядки, тафаккур қилсалар”. (Наҳл 44-оят).
Ҳар бир хилоф ишда у зотнинг ҳукмларига бўйсунишга чақиради.
فَلَا وَرَبِّكَ لَا يُؤْمِنُونَ حَتَّى يُحَكِّمُوكَ فِيمَا شَجَرَ بَيْنَهُمْ ثُمَّ لَا يَجِدُوا فِي أَنْفُسِهِمْ حَرَجًا مِمَّا قَضَيْتَ وَيُسَلِّمُوا تَسْلِيمًا
“Йўқ роббинга қасамки, улар токи ўз ораларидан чиққан нарсага ҳакам қилмагунларича, сўнгра сен чиқарган ҳукмлардан нафсларида танглик топадиган бўлмагунларича ва унга тўлалигича таслим бўлмагунча зинҳор мўмин бўла олмаслар” (Нисо 65-оят).
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим ва ҳикматни инсонларга дин ҳукмларини ўргатиш учун берилганини хабарини бериб айтадики:
لَقَدْ مَنَّ اللَّهُ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ إِذْ بَعَثَ فِيهِمْ رَسُولًا مِنْ أَنْفُسِهِمْ يَتْلُو عَلَيْهِمْ آَيَاتِهِ وَيُزَكِّيهِمْ وَيُعَلِّمُهُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَإِنْ كَانُوا مِنْ قَبْلُ لَفِي ضَلَالٍ مُبِينٍ
“Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминларга ўзларидан Пайғамбаримиз юбориб немат берди. У уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб берадир, уларги поклайдир, китоб ва ҳикматни ўргатур. Гарчи олдин очиқ – ойдин адашувда бўлсалар ҳам” (Оли Имрон 164-оят).
Жумҳур олимлар ва муҳаққиқлар “ҳикмат” Қуръони каримдан бошқа нарса деганлар. “Ҳикмат” Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни хабардор қилган дин асрорлари ва шариат ҳукмлари. Уламолар ундан суннат деб таъбир берадилар.
Ҳофиз Ибн Касир ҳам “ҳикмат”ни суннат деганлар.
Имом Шофиъий: “Аллоҳ “Китоб”ни зикр қилди, у Қуръони карим. Қуръони карим илмида олим бўлган ер юзидаги кишилар “ҳикмат”ни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, деганларини эшитдим. Чунки Қуъон зикр қилинди, орқасидан “ҳикмат” келди, Демак, бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари”, деганлар.
Имом Шофиъий роҳматуллоҳу алайҳ гапларидан кўриниб турибдики, “ҳикмат”ни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари деб қатъиян айтса бўлади. Чунки Аллоҳ таоло уни “Китоб”га атф билан келтирди. Демак, маътуф ва маътуф алайҳ бир-биридан бошқа нарса эканини лозим тутади. Бу эса суннатдан бошқа нарса бўлиши ҳам мумкин эмас. Демак, Қуръони каримга эргашиш вожиб бўлади.
Ҳикмат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шариат кўрсатмаларидаги гаплари ва ҳукмларидан иборат содир бўлган ишлар ҳисобланади. Шундай экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим ва эргашиш вожиб бўлган яна бир нарса, яъни, суннат берилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сифатларида бу нарса очиқ равшан Аллоҳ таоло айтади:
يَأْمُرُهُمْ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَاهُمْ عَنِ الْمُنْكَرِ وَيُحِلُّ لَهُمُ الطَّيِّبَاتِ وَيُحَرِّمُ عَلَيْهِمُ الْخَبَائِثَ وَيَضَعُ عَنْهُمْ إِصْرَهُمْ وَالْأَغْلَالَ
“У (Пайғамбаримиз) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади, ҳамда уларнинг юкларини ва устиларидаги кишан (қийинчилик)ларни олиб ташлайди” (Аъроф 157-оят).
Абу Довуд раҳматуллоҳ Миқдом ибн Маъдийкариба разяллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
اتيت القران ومثله معه
“Менга Қуръони карим билан уни ўхшаши ҳам берилди”, деганлар.
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган ва қайтарган ишларда у зотга эргашишни вожиб қилгани ҳам бунга далолат қилади. Аллоҳ таоло айтади:
وَمَا آَتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانْتَهُوا
“…Расулуллоҳ нимани берса уни олингиз, ва нимадан қайтарса қайтингиз…” (Ҳашр 7-оят).
Кўпгина оятларда Аллоҳ таоло Ўзига итоат қилишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш билан бирга келтириб айтади:
وَأَطِيعُوا اللَّهَ وَالرَّسُولَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُون
“Аллоҳга ва Расулига итоат этинг. Шоядки, раҳим қилинсангиз” (Оли Имрон 132-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чақирган ишларга жавоб қилишга тарғиб қилиб оятда айтилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اسْتَجِيبُوا لِلَّهِ وَلِلرَّسُولِ إِذَا دَعَاكُمْ لِمَا يُحْيِيكُم
“Эй иймон келтирганлар. Сизларни тирилтирувчи нарса (илм олиш) га чорлаганда Аллоҳ ва Расулига (лаббай) деб жавоб қилингиз” (Анфол 24- оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат Аллоҳга итоат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш Аллоҳни севиш эканлиги эътибор қилинди:
مَنْ يُطِعِ الرَّسُولَ فَقَدْ أَطَاعَ اللَّهَ
“Ким Пайғамбаримизга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилган бўлур” (Нисо 80-оят);
قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ
“Айтинг эй, Муҳаммад! Агар Аллоҳни севсангиз менга эргашинг” (Оли имрон 31-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқларига қарши бўлишдан қайтарган:
فَلْيَحْذَرِ الَّذِينَ يُخَالِفُونَ عَنْ أَمْرِهِ أَنْ تُصِيبَهُمْ فِتْنَةٌ أَوْ يُصِيبَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ
“Пайғамбаримизнинг амрига хилоф иш тутадиган кимсалар ўзларига бирор кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан сақлансинлар”.
Балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқларига қарши бўлиш куфр эканига ишора қилинди:
قُلْ أَطِيعُوا اللَّهَ وَالرَّسُولَ فَإِنْ تَوَلَّوْا فَإِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْكَافِرِين
“Айтинг: «Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этингиз!» Агар юз ўгирсалар, Аллоҳ, шубҳасиз, кофирларни севмас” (Оли имрон 32-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукмларига ва буйруқларига қарши бўлиш мўминларга мубоҳ эмас экани ҳақида айтилди:
وَمَا كَانَ لِمُؤْمِنٍ وَلَا مُؤْمِنَةٍ إِذَا قَضَى اللَّهُ وَرَسُولُهُ أَمْرًا أَنْ يَكُونَ لَهُمُ الْخِيَرَةُ مِنْ أَمْرِهِمْ وَمَنْ يَعْصِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ ضَلَّ ضَلَالًا مُبِين
“Ҳеч бир мўмин эркак ва ҳеч бир мўмина аёл учун Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишга ҳукм қилганида, ўз ишларини ўзларича ихтиёр қилмоқ йўқ. Ким Аллоҳга ва унинг Расулига осий бўлса, бас, батаҳқиқ, очиқ адашишда адашибди” (Аҳзоб 36-оят).
Балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлганларида у зотдан изн сўраб кетиш иймоннинг комил эканига далил бўлишини хабарини берди.
إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ آَمَنُوا بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ وَإِذَا كَانُوا مَعَهُ عَلَى أَمْرٍ جَامِعٍ لَمْ يَذْهَبُوا حَتَّى يَسْتَأْذِنُوهُ إِنَّ الَّذِينَ يَسْتَأْذِنُونَكَ أُولَئِكَ الَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ فَإِذَا اسْتَأْذَنُوكَ لِبَعْضِ شَأْنِهِمْ فَأْذَنْ لِمَنْ شِئْتَ مِنْهُمْ وَاسْتَغْفِرْ لَهُمُ اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَحِيمٌ
“Албатта, мўминлар Аллоҳга ва унинг Расулига иймон келтирган кишилардур. Улар У (Пайғамбаримиз) билан бирга жамловчи (муҳим) ишда бўлсалар, ундан изн сўрамасдан туриб кетиб қолмаслар. Албатта, сендан изн сўрайдиганлар, ана ўшалар, Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирадиганлардир. Улар баъзи ишлари учун сендан изн сўрасалар улардан кимга ҳоҳласанг изн бер ва улар учун Аллоҳга истиғфор айт. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ўта Раҳмли зот” (Нур 62-оят)
Ибн Қайюм айтади: “Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлган кишилар у зотнинг рухсатлари билангина кетишни иймон шартларидан қилди. Демак ҳар бир гапда-ю, илмий йўлда ҳам у зотнинг изнлари билан юришимиз лозим”.
Бу каби ишларнинг ҳаммасида саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилишар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уларга Қуръони карим ҳукмларини тафсир қилар, қийин жойларини баён қилар, низоларда уларни ўртасида ҳукм қилар ва ўрталаридаги келишмовчиликларни ҳал қилар эдилар.
Саҳоба розияллоҳу анҳумлар у зотнинг амр ва наҳийларини чегарасини маҳкам ушлашар, амалларида, ибодатларида ва муомалаларида доимо итоатда эдилар. Ҳадисда келган:
صلوا كما رءايتموني اصلي
“Намозни мен намоз ўқиётганимда кўрганларингдек ўқинглар”, деган буйруқларига қараб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намознинг фарзлари, суннатлари ва мустаҳаблари ўрганар эдилар.
خذوا عني مناسككم
“Мендан арконларингни ўрганинглар”, деган буйруқларига бўйсуниб ҳажга тегишли бўлган ҳукмларни ўрганар эдилар.
Айрим вақтларда баъзи саҳобалар у зотнинг кўрсатмаларига асосланмасдан ўз фикрлари билан иш тутганда ғазабланар эдилар. Имом Молик “ал-Муатто”да Ато ибн Ясордан қуйидаги воқеани ривоят қилади: “Саҳобалардан бир киши хотинини “рўзадор одам аёлини ўпса ҳукми нима бўлади?”, деб сўраш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига юбордилар. Умму Салама онамиз розияаллоҳу анҳо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадорлик вақтларида ўпар эдилар”, деб хабар бердилар. Аёл эса уни эрига етказганда: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаган эмасман. Аллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хоҳлаган нарсасини ҳалол қилади”, дедилар. Бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етганда ғазабланиб: “Мен сизлардан кўра Аллоҳга тақволироқ ва чегараларни билгувчироқман”, дедилар.
Бундай воқеа Ҳудайбийя сулҳида саҳобаларни соч олдиришга ва эҳромдан чиқишга буюрганларида, улар қилмаганларида ҳам содир бўлди. Чунки Ҳудуайбийя сулҳида мусулмонлар ўша йили Каъбани тавоф қилмасдан қайтиб кетишлари ва келаси йил келишларига келишув бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан Каъбани зиёрат қилиш ниятида чиққан эдилар. Саҳобалар Ҳудайбийя сулҳидаги умра ҳақидаги келишув бекор қилинишини кутишган. Шу сабабли эҳромдан чиқишни кечиктиришади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари бу ишни бошлаб бериб, эҳромдан чиққанларида улар ҳам эргашишди.
Саҳоба розияллоҳу анҳумлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишлари жуда ҳам юқори даражада эди. Ҳатто, сабабини билмасдан, ҳикматини сўрамасдан у зот қилган ишларни қилар, тарк қилган ишларни тарк қилар эдилар. Имом Бухорий раҳматуллоҳ Ибн Умар разяллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тилладан узук таққанларида саҳобалар ҳам узук тақдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам узукни ташлаб: “Энди ҳеч қачон тақмайман”, деганларида, саҳобалар ҳам узукларни ташлашди”.
Қози Иёз “Шифо” номли қитобларида Абу Саъид Худрий разяллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан намоз ўқиётганларида кавишларни ечиб чап тарафларга қўйдилар. Қавм буни кўриб оёқ кийимларини улоқтириб юборишди. Намоз тугагандан сўнг: “Нимага оёқ кийимларингизни улоқтирдиларинг”, деб сўрадилар. “Сиз ковушингизни ечганингизни кўрдик”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаброил алайҳи салом олдимга келиб ковушларимда нажосат борлигини хабарини берди”, дедилар.
Ибн Саъд “ат-Тобақатул Кубро”да: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар билан масжидда икки ракъат намоз ўқидилар, сўнг Масжидул Ҳаромга юзланишга буюрилдилар. Масжидил Ҳаромга бурулганларида мусулмонлар ҳам бурилдилар”, деган ривоят келтирилган.
Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқларига одатий ва кундалик ҳаёт кечиришда ҳам сўзсиз бўйсунар эдилар. Ибн Абдулбарр “Жомеъ баёнил илм ва фазлиҳи”да ва Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳимоҳлар Ибн Масъуд разяллоҳу анҳудан ривоят қилишган. Ибн Масъуд разяллоҳу анҳу жумъа намозига келганларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба ўқиётган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни “Ўтиринглар”, деганларини эшитиб масжид эшигига ўтирдилар. Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу сўзни айтганларида қаерда бўлган бўлсалар шу жойга ўтирдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у зотни кўриб “Эй, Абдуллоҳ ибн Масъуд кел”, дедилар.
Мана буни ўз раҳбарига эргашиш ва унинг сўзига итоат дейилади. Саҳобаларнинг ҳаётлари бу каби эргашишни кўрсатувчи мисолларга тўлиб тошган. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларида мана шундай ҳаёт кечиришар эди. Сўзлари, қилган ишлари ва бирон нарсани тасдиқ қилишларидан шаръий ҳукмлар олишар эди. У ҳукмларда ҳеч қайси бирлари ихтилоф қилмас эдилар.
“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Хошимов Ойбек