islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ажралиш сабаблари ва уларнинг ечимлари (иккинчи мақола)

2.Ароқхўрлик ва гиёҳвандлик.

Бу икки офат бир-бирига боғлиқ, десак хато қилмаган бўламиз. Кўпинча, эр Аллоҳ таоло ҳаром қилган ароқни ичиб маст бўлади. Маст бўлгандан кейин оилада жанжал кўтаради. Жанжал эса, хотинини талоқ қилиш билан ниҳоясига етади. Гуноҳ устига гуноҳ бўлади, оила бузилади, болалар тирик етимга айланадилар.

Ароқхўрликнинг шунга ўхшаш зарарлари кўп бўлганлигидан, у динимизда ҳаром қилинган.

Аллоҳ таоло “Моида” сурасида шундай деб марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالْأَنْصَابُ وَالْأَزْلَامُ رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

“Албатта, хамр, қимор, бутлар ва чўплар шайтон амалидан бўлмиш ифлосликдир. Бас, ундан четланинг. Шоядки, зафар топсангиз” (90-оят).

Араб тилида “хамир” сўзи “тўсиш”, “беркитиш” маъноларни англатади. Истеъмол қилган кишининг онгига таъсир этадиган, унинг ақлини тўсадиган, беркитадиган, бошқача қилиб айтганда, маст қиладиган ҳар бир нарсани “хамир” дейилади.

Шариатнинг барча буйруқ ва қайтариқларидан кўзланган мақсадлардан бири “حفظ العقل”, яъни “инсон ақлини ҳимоя қилиб, уни сақлаш” бўлиб, хамр шу шариат мақсадига зид, бу нарса ҳаромдир. Мусулмон кишилар ундан четда бўлишлари, яқинига йўламасликлари лозим.

Аллоҳ таоло “Моида” сурасида яна бундай деб марҳамат қилади:

 إِنَّمَا يُرِيدُ الشَّيْطَانُ أَنْ يُوقِعَ بَيْنَكُمُ الْعَدَاوَةَ وَالْبَغْضَاءَ فِي الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ وَيَصُدَّكُمْ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَعَنِ الصَّلَاةِ فَهَلْ أَنْتُمْ مُنْتَهُونَ

“Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва нафратсолишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни истайди. Энди тўхтарсизлар?!”(90-оят)

Бу ояти каримада хамр билан қимор сабабли мусулмонлар орасида ўзаро адоват ва ёмон кўриш пайдо бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда.

Хамрнинг шахсга, оилага, жамиятга ва бутун инсониятга келтирадиган зарарлари ҳаммага, ҳаттоки уни истеъмол қилувчиларнинг ўзларига ҳам маълумдир. Бу ҳақиқатларни бутун дунё- мусулмон ҳам, кофир ҳам, худосиз ҳам яхши биладилар.

Қаерда ичкилик бўлса, ўша жойда кўнгилсизлик келиб чиқади. Ичкилик туфайли оилаларнинг бузилади, ака-укалар, ота-болалар, дўстлар, қўни-қўшнилар бир-бирига душман бўлади. Ишхона, маҳалла, тўйлар, жамоатчилик тўпланадиган ерлардаги адоват ва душманлик, уриш жанжалларнинг ҳисоби йўқ. Шундай экан, оиласи бузилмаслигини, фарзандлари хору зор бўлмасилигини, дунё ва охирати барбод бўлмаслигини холаган одам ароқ ичмайди.

Гиёҳвандлик туфайли янги уйланган йигитлар келинга қўшила олмай, оилалар бузилиб кетишнинг ўзи катта мусибат. Гиёҳвандлик нафақат оилани, балки инсон зотини барбод қилувчи омиллардан бири экани аллақачон ҳеч кимга сир эмас,гиёҳвандлик ҳам “حفظ العقل”, яъни “инсон ақлини ҳимоя қилиб, уни сақлаш” га зид бўлиб, шариатда қатъиян ман қилинган.

نَهَى رسول الله صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّم عن كلِّ مُسْكِرٍ ، ومُفَتِّر. رواه أبو داود عن أم سلمة قالت:

Умму салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштирувчидан қайтардилар”. Абу довуд ривоят қилган.

Демак, истеъмол қилганда танани, аъзоларни, асабни ва бошқа жойларни бўшаштирувчи ҳар қандай нарса ҳаром бўлади.

Худди ҳадиси шарифдаги айтилган “бўшаштирувчи”лик сифати бошқа тилларда “наркотик” деб номланаётган гиёҳвандлик моддаларининг асосий сифатидур.

Асрдош уламоларимиз гиёҳвандлик моддаларни истеъмол қилиш, ишлаб чиқариш, уларнинг тижорати билан шуғулланиш ҳақида: “гиёҳвандлик моддалари орқали қилинган касб ҳаромдир, уларнинг таъсири остида намоз ўқиган одамнинг намози қабул эмас, улардан келган фойда ҳаромдир, уни садақа ҳам қилиб бўлмайди, яхшилик ишларга ҳам ишлатиб бўлмайди” деб, ҳаммаси ҳаром эканига иттифоқ қилганлар.

 “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Раҳимов Неъматуллоҳ

113930cookie-checkАжралиш сабаблари ва уларнинг ечимлари (иккинчи мақола)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: