“Қозиюл-қузот” тахаллусини олган машҳур қози, аллома, муфассир Имом Байзовийнинг тўлиқ исми Абдуллоҳ ибн Абулқосим Умар ибн Муҳаммад Алий Байзовий Шерозий Шофеъийдир. Куняси Абулхайр бўлган. Баъзи уламолар Абу Саъийд деб ҳам айтишган. Носируддин тахаллуси билан машҳур бўлган. У зот Шероз яқинидаги Байзо шаҳрида таваллуд топганлар. Имомнинг нисбатлари ҳам ўша шаҳарга берилган. Олимнинг таваллуд топган санаси тўғрисида аниқ маълумотлар келтирилмаган. Имом Байзовийнинг туғилган йиллари борасида айтилган таҳминларнинг аксари ҳижрий еттинчи асрнинг бошларини тақозо қилади.
Имом Байзовий кўплаб улуғ устозлар қўлида илм таҳсил қилганлар. Лекин Имом Байзовийнинг таржимаи ҳолларида асосан қуйидаги уламолар зикр қилинади:
Дастлаб ўз оталари Абулқосим Умар ибн Муҳаммад ибн Алининг қўлида сабоқ олган. Отаси кўпгина илмлар ва тақво соҳиби бўлган. Жумладан ҳадисга боғлиқ илмлар билимдони бўлиб, мударрислик ҳам қилганлар. Шофеъий мазҳабининг етук уламолардан бўлиб, ўз замонасида шофеъий мазҳаби бўйича усул, фиқҳ илмларида пешволиги билан танилган. Шу сабабдан ҳам Шероз шаҳрига қози этиб таъйинланган. Отасидан бошланғич илмлар ҳамда шофеъий мазҳабига оид фиқҳ илмини ўрганди. Отасидан жуда ҳам кўп манфаат олганлиги боис ўз қаламига мансуб китобларнинг кўр жойларида отасининг сўзларига ишора қилиб ўтган.
Имом Байзовий Шайх Муҳаммад ибн Муҳаммад Каҳтоий Суфий роҳимаҳуллоҳга ҳам шогирд тушиб, у зот қўлида руҳий тарбия топган, унинг сулукларида бўлган.
Имом Байзовий Шайх Шарафиддин Умар Бушконий Аз-закий (ҳижрий 680 йилда вафот этган)нинг қўлида узоқ вақт илм таҳсил қилиб, хос шогирдларидан бўлганлар. Шайх Шарафиддин зоҳид ва тақводорлиги, илмига амали билан танилган, дин илмларининг барча соҳаларида етук илм соҳибларидан бўлган. Имом Байзовий ҳам айнан шу устозига нисбатан алоҳида муҳаббат ва эҳтиромда бўлган. Шайх Шарафиддин вафот этганларида унга атаб узун марсия битганлар. Кейинчалик ўша марсия шайхнинг мақбарасига битиб қўйилган.
Байзовий улуғ устозлардан таълим олиб дин илмларида пешқадам уламолардан бирига айланган. Шу сабабли ҳам у ҳақида ёзилган таржимаи ҳолларда у зотни олим, зукко, фозил, солиҳ обид, кўзга кўринган мусанниф, усул ва фиқҳ илмлари билимдони, муҳаддис, муфассир, фасиҳ адиб, тилшунос, муфтий, Шероз ва Озарбайжон олами қозиларининг қозиси каби сифатлар васф этишган.
Имом Байзовий Шерозда узоқ йиллар қозилик қилиб, дарс бериш билан машғул бўлганлар. Кўплаб инсонлар унинг илмий салоҳиятидан асарларидан манфаат олганлар. Ёзган асарлари ҳам уламолар эътирофларига сазовор бўлган. Кейинчалик Имом Байзовий Шероз қозилигини тарк етиб, Табриз шаҳрига кўчиб ўтади.
Тожиддин Субкий ўз “Тобақот”ларида шундай ҳикоя қилади:
Имом Байзовий Шероз қозилигини тарк етгач Табризга кўчиб ўтдилар. Шаҳарга кириб боргач бир мударриснинг дарс ҳалқасига келиб қолди. Дарс мажлисига кириб, ҳеч ким билмайдиган даражада ҳалқаларнинг охирроғига бориб ўтирди. Кейин мударрис бир нозик масалани дарсда йиғилганлар эътиборига ҳавола қилди. Масалани ҳеч ким тушунмади деб ўйлади ва ўша ерда йиғилганлардан бунинг ечимини баён қилишни ва қайтаришини сўради. Агар бунга қодир бўлмаса жавобнинг ўзини, унга ҳам қодир бўлмаса масалани қайтариб айтишини сўради. Шундан сўнг Имом Байзовий жавоб беришга киришдилар. Мударрис унга жавобан: “сизнинг тушунганингизни билгунимга қадар эшитмайман”, деди. Имом Байзовий агар хоҳласа масалани сўзма-сўз ўзини, хоҳласа унинг маъносини айтиб беришини ошкор қилди. Мударрис мот бўлиб қолди. Кейин “Сўзма-сўз қайтар”, деди. Имом Байзовий масалани сўзма-сўз баён қилиб, сўнгра унинг жавони ҳам тушунтириб берди. Мударрис тартибда адашиб кетган ўрнини ҳам баён қилиб, уни ҳам тўғирлаб қўйди. Шу ўринда ўша масалага ўхшаган бошқа масалани ҳам солиштириш учун ўртага ташлади. Мударрис уни ҳам ечиб беришини сўраган эди, Имом Байзовий узр айтди. Ўша ерда вазир ҳам ўтирган эди. У имомни ўрнидан турғазиб кимлигини сўради. Имом Байзовий ўзини таништирди, Шероздаги қозиликни тарк этиб келганини хабарини берди. Вазир унга икром кўрсатиб устидаги либосини ечиб унга кийдириб қўйди. Имом Байзовийнинг ҳожатини раво қилиб, иззат-икром қилиб кузатиб қўйди.
Имом Байзовийдан кўплаб илмий мерослар қолган бўлиб, мусулмон аҳли уларнинг манфаатларидан бугунгача баҳраманд бўлмоқда. Имом Байзовий қаламига мансуб машҳур асарлар қуйидагилардир:
– Анворут-танзил ва асрорут-таъвил. Имомнинг тафсир борасида ёзган машҳур асари.
– Минҳажул-вусул ила илмил-усул. Усулул-фиқҳ борасида ёзилган асар бўлиб, Армавийнинг “Ҳосил” китобининг мухтасаридир.
– Товалиъул-анвар фий усулид-дин. Имом Субкий бу китоб борасида шундай деганлар: “Бу китоб калом илмида ёзилган энг буюк мухтасар китобдир”.
– Ғоятул-қусва фий дироятил-фатва. Шофеъий мазҳаби фиқҳига доир китоб.
– Фахриддин Ар-розийнинг “ал-маҳсул фи усулил-фиқҳ” асарига шарҳ
– Мисбаҳул-арваҳ. Калом илми борасида ёзилган китоб
Имом Байзовийнинг бундан бошқа бир қанча китоблари ва бошқа уламолар китобларига ёзган шарҳлари мавжуд.
Имом Байзовий ҳижрий 685 йилда (бу Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ фикри. Имом Субкий ва Ал-аснавийларнинг маълумотларига кўра у зотнинг вафотлари ҳижрий 691-йилда бўлган) Табризда вафот этдилар.
Комилжонова Фотима
Тошкент ислом институти 4-босқич толибаси