islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тошкент ислом институтининг Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг коронавирус инфекцияси бўйича чиқарган фатвосига МУНОСАБАТИ

15 март куни ҳукумат раҳбари Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида коронавирус мавзусига бағишланган брифинг бўлиб ўтиб, 16 март кунидан бошлаб юртимизда карантин жорий қилинди.

Ушбу касалликни кенг тарқалиб кетмаслиги учун барча профилактик чора-тадбирлар тўлиқ амалга оширилмоқда. Хусусан, турли оммавий тадбирлар, сайллар, ўйинлар бекор қилинди. Шунингдек, Ҳукуматимиз томонидан барча диний идораларга диний маросимларни ўтказишни вақтинча чеклаш бўйича тавсия этилди.
Бугун 16 март куни юқоридаги чора-тадбирларни ҳисобга олиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши шошилинч йиғилишини ўтказди. Йирик исломий ташкилотлар ва уламоларнинг фатво ва хулосалари ўрганилиб фатво қабул қилинди.

Фатвода динимизда инсоннинг жони, эътиқоди, ақли, моли ва обрўсини сақлаш муҳим эканлигини ҳисобга олиб, зарар етадиган ҳолатларда шариат ўз кўрсатмаларини енгиллатиши асос қилиб олинди.

Мўътабар фиқҳий китобларимизда:

درء المفاسد مقدم على جلب المصالح

яъни: “Зарарни даф қилиш фойдани жалб қилишдан олдинга қўйилади”.

المشقة تجلب التيسير

яъни “Машаққат енгиллатишни талаб этади” каби фиқҳий қоидалар келтирилган. Шулардан келиб чиқиб, шариат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ўз кўрсатмаларини енгил тарзда бажаришга рухсат беради.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус – COVID-19 ни пандемия деб эълон қилиб, касаллик асосан, ҳаво-томчи, қўл бериб сўрашиш каби ҳолатларда юқишини маълум қилди. Шундай экан, жамоа бўлиб тўпланиш ҳолатлари ушбу хатарли вируснинг тарқалишига сабаб бўлмоқда.

Уламолар Кенгашининг коронавирус инфекцияси бўйича чиқарган фатвосига кўра Тошкент ислом институтида қуйидагилар амалга оширилади:

1. Институт талабаларига таътил эълон қилинди ва таълим муассасаси тўлиқ карантинга олинди.

2. Узоқ вилоятлардан келган талабаларни уйларига кетиш жадвали ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда уларга имтиёзли йўл чипталари харид килиш ва уйларига кузатиш ишлари йўлга қўйилди.

3. Талабаларни таътилга кузатишдан олдин санитария-гигиена қоидалари ҳамда йўл ҳаракати ва ҳаракатланиш қоидаларига қатъий амал қилиш бўйича тегишли тушунтириш ишлари олиб борилди.

4. Институтда коронавирус тарқалишини олдини олиш ишлари кучайтирилиб, педагог-ўқитувчи ва ишчи-ходимларнинг санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилишлари тушунтирилди, таълим муассасасининг ўқув ва ёрдамчи бинолари коронавирус инфекциясига қарши даврий дезинфекция қилиш белгиланди.

5. Институтнинг тиббиёт хонасини зарурий тиббиёт асбоб-ускуналар, зарарсизлантирувчи воситалар ва дори-дармонлар билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.

6. Таътил вақтида талабалар имкон қадар касалликни тарқалишининг олдини олишга ўз ҳиссаларини қўшиши ва ўз устиларида ишлаб, илмларини ошришга ҳаракат қилишлари тавсия этилди.

7. Бундай вазиятларда озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур воситаларни нархини ошириш, сунъий равишда тақчилликни юзага келтириш ҳамда аҳоли ўртасида турли ваҳимали хабарларни тарқатиш шаръан ҳаром эканлиги тўғрисида институт устозлари томонидан оммавий ахборот воситалари ва интернет нашрларида аҳолига тушунтириш ишлари олиб борилади.

8. Ёш болали аёл ўқитувчи ва ходимларга қисқа муддатли иш соатлари жорий қилинди.

9. Ҳар бир мусулмон ибодатлар ва дуоларда Аллоҳ таолодан ушбу касалликни даф қилишини сўраб, ихлос билан илтижо қилишлари лозимлиги таъкидланди.

Ҳадиси шарифда вабо чиққан жойга кирмаслик, агар ўша ерда бўлса, у ердан чиқиб кетмаслик буюрилган. Бу касалликнинг олдини олиш учун энг яхши чорадир. Бунинг устига жамоат жойлари ва бошқа катта тадбирларда бу вируснинг тарқалиш эҳтимоли катта бўлади.

وَلَا تُلْقُوا بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ وَأَحْسِنُوا إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ

яъни: “Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг. Эҳсон қилинг, албатта Аллоҳ эҳсон қилувчиларни хуш кўрадир” (Бақара сураси, 195-оят).

Бу оятда ҳалокатга сабаб бўладиган ишлардан тўхташга буюрилган. Абу Саъид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

“لا ضرر ولا ضرار” (رواه ابن ماجة والدارقطني )

яъни, “Зарар бериш ҳам ва зарар кўриш ҳам йўқ” деганлар (Имом Можа, Имом Дорақутний ривоятлари).

Демак, ҳадиси шарифда инсон ўзига ёки ўзгаларга зарар келтирадиган сабаблардан узоқ бўлишга буюрилган.

Аллоҳ таоло ушбу касалликни тез кунларда бартараф этишини ҳамда халқимиз ҳаётини тинчлик ва осойишталикда давом этишини насибу рўзи айласин! Омин!

Милодий: 16 март 2020 йил.
Ҳижрий: 21 Ражаб 1441 йил.

Тошкент ислом институти Матбуот хизмати

125560cookie-checkТошкент ислом институтининг Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг коронавирус инфекцияси бўйича чиқарган фатвосига МУНОСАБАТИ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: