islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

МАШАҚҚАТ ОРТИДА ЕНГИЛЛИК БОР

«Аллоҳ чивин, балки ундан ҳам “юқори” нарсалар ҳақида зарбулмасал айтишдан уялмайди»
(Бақара сураси, 26 оят)

Миттигина, кўзга кўринмас махлуқнинг бутун оламни қамраб олиб, ҳаммани уйда қолишга мажбур этиши… Дунё аталмиш катта карвонни тўхтатиб қўйиши… Бутун бошли мегаполис шаҳарлар, катта-катта майдонларнинг бўшаб қолиши… Бундай ҳолатни биз-ку: эллик ёшнинг нари-берисидаги кишилар, ҳатто юз билан юзлашган боболаримиз ҳам, момоларимиз ҳам эслай олишмайди.

Ҳақиқий мўмин ҳар қандай вазиятдан унумли фойдаланишни билиши керак. Ҳар қандай инқироз, ҳар бир фалокат Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси билан содир бўлишини чуқур англаб етмоғимиз лозим. Бежиз “Ҳар қандай яхшилик ва ёмонлик Аллоҳдандир” деган ақида имон рукнига киритилган эмас. Шарҳ сурасининг 6-оятида: «Албатта ҳар бир оғирлик-машаққат билан бирга бир енгиллик ҳам бордир», дейилади.

Бу тин олиш натижасида Ер курраси ҳавоси анча тозаланди. Ер шари бирров “нафас олди”. Денгизлар нисбатан тозаланди. Вирус орқали Аллоҳ таоло инсониятга “Тўхта!” деб амр қилди. Ваҳоланки, кунига 16–20 соатлаб елиб-югураётганлар қанча эди орамизда. Бу тўхташ, тин олиш бани башарни бир муддат ўйлашга, фикрлашга мажбур қилди. Кўз олдига ўлимни келтириб кўришига фурсат ҳозирлади. Пул билан сотиб олиб бўлмайдиган нарсалар ҳам борлигини яна бир бор эслатиб қўйди. Ҳолбуки, умримизни, вақтимизни пулдан кўра пастроқ санаб сарфлаётганимизнинг фарқига бордик.

Коронавирус сабаб кўпчилигимиз моддий-молиявий манфаатлар кўзимизни кўр қилиб қўйган бир даврда оиламиз борлиги ва улар билан биргаликда вақт ўтказишимиз муҳим аҳамиятга эга эканлигини очиқ-ойдин тушуниб етдик. Аҳли оиламиз ва фарзандларимиздан масъул эканимизни, уларнинг тарбияси қанчалик муҳим, бу тарбияда ота-онанинг ўрни беқиёслигини англадик.

Ошна-оғайни, дўсту ёронлар билан йиғилиб, гап-гаштак, чойхонаю сўрилар… Ҳаммаси бўм-бўш ҳозир. Одамлар бир-бирини бағрига босиш у ёқда турсин, ҳатто қўл бериб сўрашолмай қолди. Икки метр масофада туриб, ниқоб остидан гаплашмоқда.

Пулимиз бўлса ҳам баъзи хоҳишларимизга эришолмай қолдик. Еган-ичганларимизга ҳаром, шубҳа аралашганми-йўқми деб ўйламайдиганларимиз ҳам, ҳар луқмамизни алоҳида назорат қила бошладик.

Демак, нима содир бўлса бўлсин, бизнинг вазифамиз ҳеч тараддудга, ҳеч ваҳимага тушмасдан ўз вазифамизни адо қилиш экан. Чунки имонимиз комилки, содир бўладиган ҳар бир жараён Аллоҳнинг изни биландир. Зеро, Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат бошланса ҳам қўлингдаги ниҳолни экиб қўйгин!” деганлар. Бу бир фурсат, бу бир имконият. Маънавий камчиликларимизни тўғрилаш имконияти, амалларимизни сарҳисоб қилиш фурсати. Амал дафтаримизни қўлимиздан олинишидан олдин, Аллоҳга етказилишидан аввал тафтиш қилиб олиш имтиёзидир бу… Маънавий, руҳий, онг ва шуурда, ақлий уйғониш даври бу. Мана, қанақа баҳоласак бўлади вазиятни!

Қанчалаб инсонлар пешонасини саждага қўйишга фурсат тополмаётган эди. Битта сура ёдлаш учун вақт йўқ эди. Қазо намозларини ўқишга, таҳажжудга, зикр қилишга-чи?! Мана бизга имконият, мана вақт. Дунёвий илмларнинг аҳамияти ҳам ҳеч булардан кам эмас, албатта. Бугун мактабда ўқимаган, дарсда эътибор бермаган илмларимизни уйда фарзандларимиз билан ўқиб, ўрганишга мажбур бўляпмиз. Ҳурмат-эҳтиромини вақтида жойига қўймаган устоз-мураббийларнинг ҳолига ўзимиз тушдик. Буларни бажаришимиз учун Раббимиз бизни бир муддат ташқи дунёдан узиб, иҳоталаб қўйди.

Масжидларимизнинг ёпилишига ўзимиз сабабчимиз. Аллоҳнинг уйига бориб ҳам ўнгланмадик. Ҳазрат Али розиаллоҳу анҳудан сўрашди: “Бошимизга келаётган балолар имтиҳонми ёки жазоми?” У Зот жавоб бердилар: “Агар бу бало сизни Аллоҳга яқинлаштирса, имтиҳондир! Агар Аллоҳдан узоқлаштирса, жазодир!”.

Динимизда мусибатнинг зоҳирий ва ҳақиқий сабаблари бор. Бугунги кунда зоҳирий сабаби коронавирус. У ҳолда ҳақиқий сабаби нима? Тақдири илоҳий не боис бизга бундай ҳукм қилди?

Қиссадан ҳисса: узоқ тарихда Фиръавнга битта ҳашарот билан ҳадди билдирилган. Намруд эса оддий пашша билан жинни қилиб қўйилган. Бугун-чи? Бугун дунёда тарихдаги маънавий жиноятларнинг ҳаммаси бир кунда содир қилинмоқда. Чунки фиръавнлик, намрудлик хулқи умумийлашди. Кимлардир Фиръавнга ўхшаб кетмоқда. Худбинлик, мансаб, мақом, мартаба одамларни чегарадан чиқариб юборди. Фиръавн ва Намрудни ҳалок қилган уларнинг феъли эди. Демак, улар содир қилган амаллар ҳар қандай инсонни, ҳар қандай жамиятни ҳалокатга етаклар экан. Мана гап нимада?!

Келинг, барчамиз дуо қилайлик: “Эй Раббимиз! Биз сенга берган ваъдамизда турмадик. Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ўхшаб ўзимизни тарбияламадик. Ҳазрати инсон бўлолмадик. Бекорчи ишлар билан машғул бўлдик. Бемаъни, икки дунёга фойдаси йўқ нарсалар билан машғул бўлдик. Ўйламасдан гапирик. Ҳисоб-китобни унутиб қўйдик. Сен буюрган амрларни беъэтибор қолдирдик, Сен қайтарган нарсаларни беписандлик билан қилавердик. Буйруқларингни оёқости қилдик. Ота-онамизнинг ҳақини адо қилмадик. Фарзандларимизнинг бошини силамадик. Неки камчилик бўлса, биздандир, эй Буюк Раббимиз! Марҳамат ва раҳмат Седандир! Эй карами кенг Раббимиз! Сен Роъуфур Роҳимсан, афв қилишни севасан! Бизни афв эт! Бошимизга келган балони ўзинг даф қил! Камчиликларимиз, қусурларимиз, гуноҳларимизни тушуниб етдик ва қатъий тавба қилдик! Бизни афв эт!

Бу балони биз учун ҳалокатга сабаб қилма, эй Раббимиз! Бу офатни биз учун тарбия, тўғри йўлга қайтариш сабабчиси қил! Ўзингни рози қилиш учун ҳаётимизни, хатти-ҳаракатларимизни тўғрилаб олишимизга восита қил, эй марҳаматлиларнинг марҳаматлиси!

Нигора УСМОНОВА,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси

128000cookie-checkМАШАҚҚАТ ОРТИДА ЕНГИЛЛИК БОР

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: