Мусулмон олими Абу Али Ҳусайн ибн Сино ўз асарида биринчи марта “Карантин” атамасини ишлатганини биласизми? Ибн Сино ғарбда “Авиценна” номи билан машҳур. Абу Али Ибн Сино 980 йил август ойида Бухоронинг Афшона қишлоғида дунёга келган.
Ўша вақтдаёқ Ибн Сино микроорганизмлар, бактерия, вируслар орқали юқадиган касалликларни даволаш устида иш олиб борди ва унинг олдини олиш учун бемор 40 кун давомида ўз-ўзини изоляциялаши, одамлардан ўзини четга олиши усулини тиббиётга киритди. Ибн Сино бу усулни “Ал-Арбаъин иййа” деб атади. Ушбу сўз “қирқ кун” деган маънони англатади.
Ибн Сино мусулмон олими сифатида “Олтин Ислом” даври вакили ўлароқ дунёнинг машҳур астрономлари, табиблари, мутафаккирлари ва ёзувчилари қаторидан жой олди. Ибн Сино замонавий тиббиётнинг отаси сифатида ҳам тилга олинади. У ҳозирги давргача бутун дунёга машҳур қомусий олим ҳисобланади.
Аристотел асарлари асосида Ибн Сино фалсафани ўрганди. У тахминан 450 та асар ёзган бўлиб, шулардан 240 таси бизгача етиб келган.
У жорий қилган усул Венеция савдогарлари ёрдамида Италияга ва бутун Европага тарқалган. Ва ўз-ўзини изоляциялаш усулига италян тилида “қирқ” деган маънони англатувчи “quarantena-карантена”, инглизча “Карантин” номини беришди.
Ва аста-секин “карантин” сўзи оммалашиб борди. Дастлаб Ислом оламига тегишли бўлган ушбу усул ҳозирги кунда бутун дунё бўйлаб коронавирус билан курашишда қўлланилмоқда.
Эътиборлиси, неча аср олдин яшаб ўтган олимнинг ушбу усули ҳозирги даврда ҳам дунё бўйлаб миллионлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолди.
Унинг машҳур “Тиб қонунлари” – тиббиёт энциклопедияси, ҳозирда кўплаб университетларда фундаментал тиббиёт дарсликлари қаторига киритилган.
Шунингдек, у “Даволаш китоби” деб номланган илмий ва фалсафий энциклопедиясини ёзди. Унинг бошқа китоблари кимё, психология, мантиқ, математика, Ислом илоҳиётшунослиги, астрономия, физика, география ва геология ҳамда шеъриятга бағишланган.
Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев