Уламолар инсонларнинг фаришталарни кўришлари мумкинлиги ҳақида бундай деганлар: фаришталар нурдан яратилганлари сабабли уларни асл қиёфаларида кўришга башарнинг тоқати етмайди. Шунинг учун асл қиёфаларидан инсон кўринишига ўтганларидан кейингина инсонлар уларни кўришлари мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Жаброил алайҳиссаломни асл кўринишларида икки марта кўрганлари эса у зотнинг ўзларига хос хусусият ҳисобланади.
Фаришталар жуда кўп ададда бўлиб, уларнинг қанча эканини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай баён қилинган:
“Роббингнинг аскарларини Ўзидан бошқа ҳеч ким билмас” (Муддассир сураси, 31-оят).
Шунингдек, ҳадиси шарифларда “Байтул маъмур” (Каъбанинг тепасида, еттинчи осмонда фаришталар тавоф қиладиган уй)ни ҳар куни етмиш минг фаришта тавоф қилиши ва ададлари кўплигидан бир марта тавоф қилганлари қайта тавоф қила олмасликлари хабар берилган.
Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим