Юртимизда олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш, улар учун муносиб меҳнат шароити яратишга доимо алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда меҳнат ярмаркаларининг ўтказилиши, ёшларнинг ушбу тадбирларда фаол иштирок этиб, ўзларига муносиб иш ўринларини топаётгани бунинг ёрқин далилидир.
Шу маънода Тошкент шаҳридаги «Шайх Зайниддин» жоме масжиди мажлислар залида Тошкент ислом институти ҳамда «Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасасини 2024–2025 ўқув йилида тамомлаган битирувчилар билан учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов олиб борди. Йиғилиш жараёнида битирувчилар билан самимий суҳбат ташкил этилиб, уларнинг саволларига атрофлича жавоблар берилди.
Шундан сўнг Абдуқаҳҳор домла ёшларни «Шайх Зайниддин» жоме масжидига бошлаб кириб, минбар ва меҳробнинг маънавий аҳамияти, улар билан боғлиқ масъулиятлар ҳақида батафсил тушунтириш берди.
Тадбир давомида битирувчилар «Шайх Зайниддин» қабристонига ҳам ташриф буюриб, Қуръон тиловат қилиб, савобини марҳум устозлар руҳига бағишладилар.Учрашув сўнгида эса Абдуқаҳҳор домла ҳар бир битирувчига ҳадялар топшириб, уларга келгусидаги хизматларида муваффақият тилади.