Тарихга назар ташласак кўрамизки, ҳар қандай ривожланган жамият борки, албатта, ўзининг бирламчи қонунларини жорий қилиб, унинг устуворлигини таъминлаган. Айнан мана шу қонунлар устуворлиги уларнинг ривожланишида асосий омил бўлиб хизмат қилган.
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан бошлаб, ўзининг конституциясини шакллантириб борди ва 1992 йилнинг 8 декабрь санасида асосий қонун ва эркинликлар, ҳуқуқ ва вазифалар жамланмаси бўлган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси» қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг бошчилигида бир неча йиллар давомида эски ва ривожланган давлатларнинг амалдаги конституциялари ўрганилди ва миллий ва диний қадриятларимизга зид келмайдиган, халқимизнинг урф одатлари ва менталитетига мос бўлган жиҳатлари сараланиб, мувофиқлаштирилган ҳолда қонунга киритилди. Халқимизнинг аксар қисми мусулмонлардан иборат эканлиги ва уларнинг диний расм-русумларга, фиқҳий аҳкомларга сидқи дилдан риоя этишлари инобатга олиниб, Ислом фиқҳида мўътабар манбалардан бири бўлган «Ҳидоя» асаридан ҳам маълумотлар ўрганилиб, конституциямиз таркибидаги қонун ва ҳуқуқлар жамланмасида ўз аксини топди.
Албатта, конституция бекорга бундай машаққат билан, игна билан ер ковлагандек даражада синчиковлик билан ўрганилиб, сунгра қабул қилинмади. Зеро, халқнинг фаровонлиги-ю жамиятнинг ривожланиши, барчаси мустаҳкам қонуннинг, ҳуқуқий етукликнинг натижасида юзага келади. Шунинг учун ҳам қонун устуворлиги биринчи ўринда таъминланиши шарт ва лозимдир.
Мана шундай машаққатли йўл натижаси ўлароқ шакллантирилган конституциямиз қабул қилинган сана, яъни 8 декабрь 25 йилдан буён халқимиз томонидан юқори руҳда, хуш кайфиятда кутиб олинади ва байрам қилинади. Ҳукуматимиз томонидан бу сана дам олиш куни деб эълон қилиниб, сайилгоҳлар ва боғ – ҳиёбонлар байрам безаклари билан безатилиб халқимизга байрам шукуҳини тақдим қилиш учун тайёрланади. Барча муассасаларда тадбирлар, байрам дастурхонлари ёзилади.
Буларнинг барчаси юртимизда тинчлик ва адолат ҳукм сураётганлигининг натижасидир. Бунда эса конституциямиз муҳим аҳамият касб этади. Зеро, конституция тинчлик омили, адолат устунидир.
ТИИ 2-а курс талабаси Жиемуратов Ажинияз