islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Имом Абу Ҳанифа: “Аллоҳ осмонда” деган гапларининг ҳақиқатлари

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ мужтаҳид тобеинлардан бўлиб, ҳанафий мазҳаби асосчисидир.

У зот ҳақида баъзи ишончсиз ривоятлар борки, баъзан қайта қайта ушбу ривоятлар келтираверилади. Мана шу ишончсиз ривоятлардан бири имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг “Аллоҳ осмонда” деб айтганидир. Баҳсимиз мана шу ривоят ишончлими ёки ишончсизми, нега имом Абу Ҳанифанинг асл китобларида у зот “Аллоҳ макондан беҳожат” деб айтгани ҳолда, айни мана шу ишончсиз ривоятда буни аксини айтгани ҳақида бўлади.

Ҳозирда такрор такрор тақдим қилинаётган ва у ила ҳужжат қилинадиган маълумотлардан бири қуйидагичадир:

وسئل الإمام أبو حنيفة رضي الله عنه عن الاستواء فقال : (( من قال لا أعرف الله أفي السماء هو أم في الأرض فقد كفر )) (الفقه الأبسط ص 49)،

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан истиво ҳақида сўралди. У зот: “Ким Аллоҳни осмондами ёки ердами эканини билмайман деб айтса кофир бўлади”, деб айтди. (Фиқҳул абсат. 49-бет).

Аммо, айни шу ривоятнинг давоми ҳам бор ва у бундай келтирилган:

وسئل الإمام أبو حنيفة رضي الله عنه عن الاستواء فقال : (( من قال لا أعرف الله أفي السماء هو أم في الأرض فقد كفر )) (الفقه الأبسط ص 49)، لأن هذا القول يوهم أن للحق مكانا ومن توهم أن للحق مكانا فهو مشبه.

وهذا القول ثابت عن الإمام أبي حنيفة نقله من لا يحصى كالإمام ابن عبد السلام في حل الرموز والإمام تقي الدين الحصني في (( دفع شبه من شبه وتمرد )) (ص 18) والإمام أحمد الرفاعي في (( البرهان المؤيد )) (ص 24) وغيرهم .

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан истиво ҳақида сўралди. У зот: “Ким Аллоҳни осмондами ёки ердами эканини билмайман деб айтса кофир бўлади”, деб айтди. (Фиқҳул абсат. 49-бет). Зотан, ушбу сўзда Аллоҳ таолога макон иснод қилиш ваҳми бор. Ким Аллоҳнинг макони бор деган ваҳмга борса у мушаббиҳа бўлади”.

Бу қавл имом Абу Ҳанифадан ривоят қилинган бўлиб, уни Изз ибн Абдуссалом (“Ҳаллур рамуз”) ва имом Тақийюддин ибн Ҳисний (“Дафъу шубаҳи ман шаббаҳа ва тамаррада”, 18-бет), имом Аҳмад Рифоий (“Бурҳонул муаййид”, 24-бет) ва бошқа кўплаб олимлар ривоят қилишган.

Эътибор қилсак, бу қавлдан мурод Аллоҳга макон иснод қилиш эмас, аксинча макон иснод қилмаслик экан!

Имом Абу Ҳанифанинг ушбу қавли ҳақида икки ҳил маълумот бор:

1. Бу қавлдан мурод Аллоҳга макон иснод қилиш ножоиз экани. Яъни, ким Аллоҳни осмондами ёки ердами эканини билмайман дея гумонланса кофир бўладики, у мана бу икки гумонида Аллоҳга ёки ерда ёки осмонда дея бирон маконни иснод қилаётган бўлади. Аллоҳ макондан беҳожатдир. Маконлар йўқлигида ҳам бор бўлган Зотдир.

2. Бу қавлни баъзилар ўз раъйлари билан имом Абу Ҳанифа Аллоҳ осмонда демоқчи бўлган, дейишади.

Аммо бу қавл ровийси Абу Мутеъ Балхийнинг ҳадис тўқувчи кимса бўлганини эса айтишмайди.

Абу Мутеъ Ҳакам ибн Абдуллоҳ ал-Балхий (117-199) раҳимаҳуллоҳ ҳақларида Имом Бухорий ва Насоий раҳимаҳумаллоҳ уни ривоятда заиф деб баҳолаганлар. Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ эса уни жаҳмий деб билгани учун, ривоятлари умуман олинмайди, деган. Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ эса уни муржиийларнинг каттаси, суннатни ёмон кўрадиган кимса деб баҳолаган. Абу Ҳотим ар-Розий раҳимаҳуллоҳ билан Имом ал-Жавзақоний раҳимаҳуллоҳ уни муржиий деб туриб, каззоб одам, деганлар. Имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳ эса унинг бир ҳадисни тўқиб чиқарганлигини аниқ айтган (“Лисонул-мезон”, 2/1369; “Мезонул-эътидол”, 1/2181; 3/5523).

Демак, бу қавл аслида Аллоҳга макон бермаслик ҳақида экан. Мабодо аввалги қисмининг ўзидан маъно олинади, дея таъна қилинса, унда бу қавл ровийси муҳаддис имомлар наздида ёлғончи, ёлғон ҳадис тўқувчи бўлиб, унинг ривояти олинмас экан. Қолаверса имом Абу Ҳанифадан келтирилган бошқа ривоятларда айнан бунинг акси борлиги собит ҳақиқатдир.

Бу қавл ҳақида ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ келтирган “Бу имом Абу Ҳанифа ва унинг шогирди имом Абу Юсуф ундан ривоят қилган қавлдир” дея келтирган маълумоти ёлғондир.

Имом Абу Ҳанифа айтади:

والله واحد لا من طريق العدد ولكن من طريق أنه لا شريك له لم يلد ولم يولد ولم يكن له كفوا أحد لا يشبه شيئا من الأشياء من خلقه ولا يشبهه شئ من خلقه )) وفيه أيضا (ص 136-137): (( ويراه المؤمنون وهم في الجنة بأعين رؤوسهم بلا تشبيه ولا كيفية ولا كمية ولا يكون بينه وبين خلقه مسافة

“Аллоҳ бирдир, шериги йўқдир. Туғмаган, туғилмаган ва Унга тенг келадиган бирон кимса бўлмаган. Махлуқотларидан бирон нарсага ўхшамас ва махлуқотларидан бирон нарса Унга ҳам ўхшамас. (“Фиқҳул акбар”, 30-31-бетлар).

Яна: “Мўминлар Аллоҳни жаннатда ўз кўзлари ила бирон нарсага ўхшатмасдан, кайфиятсиз ва масофасиз кўришади”. (“Фиқҳул акбар”, 137-138-бетлар).

Имом Абу Ҳанифа “Васия” китобида (“Шарҳу Фиқҳил акбар”, 70-бет) бундай деган:

وفي (( الوصية )) (انظر شرح الفقه الأكبر ص 70) : ((نقر بأن الله على العرش استوى من غير أن يكون له حاجة إليه واستقرار عليه وهو الحافظ للعرش وغير العرش من غير احتياج ، فلو كان محتاجا لما قدر على إيجاد العالم وتدبيره كالمخلوق ولو كان محتاجا إلى الجلوس والقرار فقبل خلق العرش أين كان الله تعالى ! تعالى الله عن ذلك علوا كبيرا”.

“Аллоҳ таоло аршга унга бирон бир эҳтиёжсиз ва ўрнашмай истиво қилганига иқрор қиламиз. Аллоҳ аршни ва аршдан бошқа махлуқотларни уларга бирон бир эҳтиёжсиз ҳофизи (сақловчисидир). Агар махлуқотларга эҳтиёжи бўлса эди, махлуқлар каби оламларнинг ийжоди ва тадбирига қодир бўлолмас эди. Агар ўтиришга ва қарор топишга муҳтож бўлса эди, аршни яратмасидан аввал қаерда бўлган эди! Аллоҳ таоло бундайин (арш устида бўлиш, аршга ўтириш ва осмонга жойлашиш)дан ўта олийдир!”.

Имом Абу Ҳанифа (“Фиқҳул абсат”, 57-бетда) бундай деган:

وفي (( الفقه الأبسط ))(ص 57) :” كان الله ولا مكان كان قبل أن يخلق الخلق كان ولم يكن أين ولا خلق ولا شئ وهو خالق كل شئ”.

“Аллоҳ бор эди ва макон йўқ эди. У Зот махлуқотларни яратмасидан аввал ҳам бор эди. Қаерда (айна) йўқ эди, халқ ҳам йўқ эди, нарсалар ҳам йўқ эди. У Зот барча нарсаларнинг холиқидир”.

وقال أيضا : (( فمن قال لا أعرف ربي أفي السماء هو أم في الأرض فهو كافر ، كذلك من قال إنه على العرش ولا أدري العرش أفي السماء أم في الأرض))

Яна бундай деган: “Ким Роббимни осмондами ёки ердами эканини билмайман деса у кофирдир. Шунингдек, ким Аллоҳ аршда аммо мен аршни осмондами ёки ерда эканини билмайман деса ҳам кофир бўлади”.

Имом Абу Ҳанифа юқоридаги икки иборани айтувчини кофир бўлади деб айтди. Зотан, бу сўзларни айтувчи кимса Аллоҳ таолони бир тараф, жиҳат ила хослаб қўйган бўлади. Ҳар бир тараф ила чегараланган шаксиз муҳтож ва муҳдас (яратилган) бўлади.

Бу қавлдан мурод мушаббиҳалар гумон қилганидек арш ва осион Аллоҳнинг макони эмас. Биз бунга юқорироқда Имом Абу Ҳанифанинг бу ҳақида: “Агар ўтиришга ва қарор топишга муҳтож бўлса эди, аршни яратмасидан аввал қаерда бўлган эди?!”, дея айтган очиқ ойдин қавлини келтирдик

Бу қавлда имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бундайин чегара ва ташбиҳ сўзларини айтувчиларни куфрга ҳукм этганларига ишора бор.

Аллома Баёзий Ҳанафий. (“Ишоратул маром”, 200-бет).

Шайх Кавсарий. (“Такмила”, 180-бет).

Демак, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган саҳиҳ ривоятларда у зотнинг “Аллоҳ осмонда” дегани йўқ, аксинча биз “Аллоҳ макондан беҳожат” деган қавлларни асл манбалардан келтирдик.

Аммо, бу ҳақида келтирилган ривоят ровийси ёлғончи, ишончсиз ва ёлғон ҳадис тўқувчи эканига ҳужжат ҳам келтирдик.

Баъзилар Имом Байҳақий “Асмо ва сифот” китобида имом Абу Ҳанифанинг “Аллоҳ осмондадир”, деб айтганини ва буни имом Заҳабий келтирганини айтишади.

Имом Байҳақийдан келтирилган ривоятнинг аслида эса إن صحت الحكاية “Агар ҳикоя саҳиҳ бўлса”, дея келтирилиб, бу ривоятнинг ишончсиз эканига ишора қилинган.

أن الإمام البيهقي ذكر في (( الأسماء والصفات )) في كثير من المواضع أن الله منـزه عن المكان والحد ومن ذلك قوله (ص 400) : ( واستدل بعض أصحابنا في نفي المكان عنه – تعالى – بقول النبي صلى الله عليه وسلم : (( أنت الظاهر فليس فوقك شئ وأنت الباطن فليس دونك شئ )) (رواه مسلم) وإذا لم يكن فوقه شئ ولا دونه شئ لم يكن في مكان ).

Имом Байҳақий “Асмо вассифот” китобининг кўплаб ўринларида Аллоҳ таолонинг макон ва чегаралардан пок эканини зикр этган. Ушбу китоб (400-бети)да бундай дейди: “Баъзи асҳобларимиз Аллоҳ таолодан маконни нафий этишда имом Муслимнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ушбу ҳадисни далил қилишади: “Сен Зоҳирсан, Сендан юқорида ҳеч нарса йўқ. Сен ботинсан, Сендан бошқа ҳеч нарса йўқ”.

Агар Аллоҳдан юқорида ва Ундан бошқа ҳеч нарса бўлмаса, унда У Зот бирон бир маконда бўлмайди”.

وقوله (ص 448-449) : (وانّ الله تعالى لا مكان له )) ، ثم قال : (( فإن الحركة والسكون والاستقرار من صفات الأجسام والله تعالى أحد صمد ليس كمثله شئ )

Яна шу китоб (448-449-бети)да бундай келтирган: “Албатта, Аллоҳ таолонинг макони йўқдир. Зотан, ҳаракат, сукун ва истиқрор (бирон нарсага ўрнашиш) жисмлар сифатидан бўлиб, Аллоҳ таоло аҳад (ёлғиз илоҳ) сомад (мутлақ беҳожат) бўлиб, У Зот каби ҳеч нарса йўқдир”!

Хулоса: Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ номларидан айтиладиган “Аллоҳ осмондадир” деган қавл у зот номларидан тўқилган ёлғондир. Юқорида биз бунга бу ривоятнинг асли, матн давоми ва ровийнинг ёлғон тўқувчи эканига ишончли далиллар келтирдик.

Шунингдек, имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг “Аллоҳ макондан беҳожат” деб айтган қавлларини ишончли китоблардан келтирдик.

Имом Байҳақийнинг “Асмо ва сифот” китобидаги Аллоҳ макондан беҳожатлигини ва унда келтирилган макон ҳақидаги ривоят даражаси ўта заифлиги, баъзи китобларда буни айтилмай келтирилганини ҳам келтирдик.

Аллоҳ таоло маконлардан беҳожат Зотдир!

©️ Суннатуллоҳ Абдулбосит

225950cookie-checkИмом Абу Ҳанифа: “Аллоҳ осмонда” деган гапларининг ҳақиқатлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: