24 октябь куни Ўзбекистонда соат 8 дан президент сайловларида овоз бериш учун 14 та сайлов округида 10 мингдан кўпроқ сайлов участкаси ўз ишини бошлади ва соат 20гача фаолият юритади.
Мазкур муҳим тадбирда Тошкент ислом институти аъзолари ҳам муносиб иштирок этмоқдалар.
Таҳфизул Қуръон кафедраси биносидаги 52 нафар талабалар Олмазор тумани Олимпиа маҳалласида жойлашган 720-сайлов участкасида овоз бердилар.
Қори талабалар Таҳфизул Қуръон кафедраси мураббийи Аслиддин Мирзамиддинов ҳамроҳлигида ўзлари муносиб деб билган номзодга овоз бериб, сайловда фаол иштирок этдилар.
Шунингдек кафедранинг ўқитувчи ва ходимлари ҳам ўзларига яқин бўлган сайлов участкаларида овоз бермоқдалар.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент ислом институтининг асосий биносида таълим олаётган 162 нафар талаба Тошкент шаҳар Олмазор тумани 767-сайлов участкасида, Модуль таълим шаклининг 56 нафар талабаси Мирзо Улуғбек туманида жойлашган 39-сайлов участкасида овоз бердилар.
Маълумот учун, сайловни жами 971 нафар халқаро кузатувчи, жумладан, йигирмага яқин нуфузли халқаро ташкилотлар, хусусан Европада Хавфсизлик Ҳамкорлик Ташкилотининг Парламент Ассамблеяси ва Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ва МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, Туркий тиллий давлатлар ҳамкорлик кенгаши, Туркий кенгаш Парламент Ассамблеяси ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалардан жами 631 нафар, дунёнинг 50 га яқин давлатидан 340 нафар халқаро кузатувчи бевосита кузатиб бормоқда.
ТИИ Матбуот хизмати