islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Муфтийликка сайлаган Нуриддин домла Холиқназаровни Исро ва Меърож ери бўлган Фаластиндан туриб чин кўнгилдан табриклаймиз!”

Маҳмуд Сидқий ал-Ҳаббош, Фаластин бош судьяси, Фаластин давлати Президенти маслаҳатчиси:

Фаластин бош судьяси, Фаластин давлати Президенти маслаҳатчиси Маҳмуд Сидқий ал-Ҳаббош муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларига табрик йўллади. Унда жумладан шундай дейилади:
– Муқаддас Исро ва Меърож ери бўлган Фаластиндан, муборак Ақсо масжидининг ёнгинасидан Сизга энг самимий саломларни йўллаймиз. Аллоҳ таолодан Сизга сиҳат-саломатлик тилаймиз. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг Сизга юксак ишонч билдириб, муфтийлик лавозимига сайлагани билан чин кўнгилдан табриклаймиз.
Аллоҳ азза ва жалладан Сизга бу буюк омонатни зиммангизга олишингизда мадад тилаймиз. Сизга элу юрт хизматида муваффақият ато этсин. Сизга, Ўзбекистон диёри ва халқига омонлик, тинчлик-хотиржамлик ато этсин. Фаластин ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатларнинг икки халқ ва Ислом уммати ҳамда бутун инсоният манфаати йўлида янада ривожланишини, тилаб қоламиз.

***

Шайх Камил ҳазрат Самигуллин, Татаристон муфтийси:

Татаристон муфтийси Шайх Камил ҳазрат Самигуллин муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларига табрик йўллади. Унда жумладан шундай дейилади:
– Менинг Сизни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси лавозимига сайланганингиз билан самимий табрикларимни қабул қилгайсиз.
Сизга ушбу масъул лавозимда Аллоҳ таоло Ислом ва барча ўзбек уммати манфаатига хизмат қилиш ишларидаги барча самимий ният ва эзгу ишларингизни муваффақиятли рўёбга чиқариш имконини берсин, сизга тўғри қарорларни кўрсатсин, ўз атрофингизда ҳамфикр инсонларнинг содиқ жамоасини тўплаш имконини ато этсин, мустаҳкам соғлиқ, сабр-тоқат ва узоқ йиллик самарали касбий йўлни бахшида этсин.
Аллоҳ таоло Сиз ва Сизнинг яқинларингизни эзгу ният ва ишларингиз учун ўз раҳматини дариғ тутмасин.

***

Замир ҳожи Ракиев, Қирғизистон муфтийси:

Қирғизистон муфтийси Замир ҳожи Ракиев муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларига табрик йўллади. Унда жумладан шундай дейилади:
– Қирғизистоннинг барча мусулмонлари, Қирғизистон мусулмонлари диний идораси ва шахсан ўз номимдан чин дилдан Сизни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида юқори ва жуда муҳим лавозим Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига сайланганингиз билан табриклайман.
Биз учун ушбу хушхабар барча биродар Ўзбекистон мусулмонлари учун самимий қувонч бўлиб хизмат қилади ва Аллоҳ таолонинг марҳамати билан анъанавий Ислом қадриятларига асосланган бутун Ўзбекистон халқининг диний-аҳлоқий тинчлик-хотиржамлиги ва фаровонлиги йўлидаги саъй-ҳаракатларингизда У Зотнинг энг эзгу ниятлари ва ишончини оқлай олишингиз борасида бизда шундай ишонч уйғотади.
Нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунё бўйича ҳақиқий Исломни мустаҳкамлаш тарихида ўзининг жуда муҳим изини қолдирган Ўзбекистонинг барча мусулмонлари ҳаётида тинчлик ва маънавий бойликнинг гуллаб-яшнаши йўлида эргашиш учун яхши намуна бўлиб хизмат қилувчи аҳамияти ва муҳимлиги бўйича Сизнинг самимий меҳнатингиз ва саъй-ҳаракатларингиз, Сизнинг юқори даражадаги диний маданиятингиз ва маърифатлилигингиз айнан Сизни бутун қардош Ўзбекистон диний идорасининг энг юқори лавозимига сайлаш борасидаги Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши қарорига асос бўлиб хизмат қилди.
Бундан ташқари, Сизнинг юқори даражадаги маърифатлилигингиз, шунингдек диний идорада хизмат қилишнинг бой ва бебаҳо тажрибангиз жамики қардош Ўзбекистон мусулмонларига фойда келтирувчи яна кўплаб режалар, кенг кўламли лойиҳаларни қийинчиликсиз ҳаётга тадбиқ этишга хизмат қилади ва мамлакатларимиз диний идоралари ўртасидаги самимий ўзаро муносабат ва қўллаб-қувватлаш ҳамда мустаҳкам ҳамкорликни янада кучайтиради.

***

Науризбой ҳожи Тағанули, Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, бош муфтий:

Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, бош муфтий Науризбой ҳожи Тағанули муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларига табрик йўллади. Унда жумладан шундай дейилади:
– Сиз муқаддас динимизнинг тарқалишига салмоқли ҳисса қўшдингиз. Раҳматли Усмонхон Алимовнинг хайрли ишларини давом эттириб, яхши ташаббусларни мунтазам тарзда амалга ошириб борасиз, деган умиддаман.
Аминманки, Сиз икки диний идора ўртасидаги олтин кўприкка айланасиз. Умид қиламанки, келгусида динимиз ривожига, икки мамлакат ўртасидаги диний алоқаларнинг мустаҳкамланишига биргаликда ҳисса қўшамиз, инша Аллоҳ.

***

Ахмед Абдулаев, Доғистон Республикаси муфтийси:

Доғистон муфтийси Ахмед Абдулаев 2021 йил 21 октябрь куни Уламолар Кенгашида Диний идора раиси, муфтий лавозимига сайланган Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларига табрик йўллади. Унда жумладан шундай дейилади:
– Доғистон Республикаси муфтияти ва шахсан ўз номимдан чин дилдан Сизни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси лавозимига сайланганингиз билан табриклайман! Сизга мустаҳкам соғлиқ, фаровонлик, Ўзбекистон мусулмонлари манфаати йўлида яратувчанлик фаолиятингизда муваффақиятлар тилайман.
Аллоҳ таолодан жамиятнинг маърифати ва уйғунлашувига қаратилган Сизнинг барча саъй-ҳаракатларингиз Ўзбекистон халқининг маънавий юксалиши, ахлоқий такомиллашуви, ўзаро тушуниш ва тотувликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилишини сўраб қоламан.

Сизга тинчлик, Ҳақ таолонинг раҳмати ва баракотини тилайман. Омин!

250660cookie-check“Муфтийликка сайлаган Нуриддин домла Холиқназаровни Исро ва Меърож ери бўлган Фаластиндан туриб чин кўнгилдан табриклаймиз!”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: