Инсоният Аллоҳ таоло яратган махлуқотларнинг гултожидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ер юзидаги ўринбосарини яратишини, унга Ўз руҳидан киритишини ва қачонки бус бутун инсон шаклида қад кўтаргач мукаррам бандалари яъни фаришталарни унга эҳтиром кўрсатишга буюрганини хабарини беради.
Шу ўринда бир мулоҳаза қилиш даркор. Фаришталар Аллоҳнинг ҳурматли бандалари бўлишига қарамай Одамга сажда қилишга буюрилдилар, нима учун? Тафсиршунос уламоларимиз айтишади: Қайсики нарса Аллоҳнинг каломига алоқадор бўлса, унинг даражаси икки дунёда юксак бўлади.
Қориларнинг ҳам қиёмат кунида ўзига хос мавқеъда бўлишлари ҳам уларнинг Аллоҳга тегишли каломини ёд олганликларидандир. Буни қаранг Аллоҳнинг каломига алоқадорлик қориларни анбиёлар ҳавас қиладиган мақомга олиб чиқдими, Аллоҳнинг ўзига изофа қилиниб, Аллоҳнинг ер юзидаги ҳалифаси мақомида яратилган Одамга эҳтиром кўрсатишга буюрилишлари табиийдир. Одамга фақат Аллоҳга ибодат қилиш билан бирга ер юзини обод қилиш вазифаси ҳам топширилгани Қуръони каримда хабари берилади. Қачонки Аллоҳга ибодатни комил кўринишда йўлга қўйгач биз учун ер юзини обод қилиш вазифаси кўндаланг туради.
Хўш! Бу вазифани қанчалик амалга ошира оляпмиз? Шаҳарларимиз кўркам қишлоқларимиз ҳам обод бўлмоқда. Лекин кўчларни асфальт қилиш кўплаб кўркам иншоотларни қуришни ўзи билангина биз ер юзини обод қиламизми? Имкониятлар кенгайгани сари яшаш қийинлашиб бораётгани ҳам бор гап-ку. Бунинг сабаби Инсоният фақат моддият йўлини тутиб олгани эмасми? Аввалги даврларда яшаш шароитлари тор бўлсиҳига қарамай инсонлар тотув ҳаёт кечиришгани, ҳозирги даврда эса инсонларда меҳр-оқибат қолмагани тўғрисида ёши улуғларимиз сўзлаб беришади. Хўш ана шундай инсонийлик каби ижобий сифатлар камайиб кетишига нима сабаб деб ўйлайсиз? Маърифатдан узоқлашганимиз эмасми?
Мустақилликнинг илк йилларида динга эркинликлар берилган даврда дин душманлари фитналари сабаб қанча-қанча инсонлар ёстиғи қуриди. Ана шу машъум фожеаларга марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бошчилигида олиб борилган маънавий ислоҳотлар, илмий давра суҳбатлари қаторида энг самарадор ечим, бу диний бағрикенглик мавзусида ёзилган ва таржима қилинган китоблар бўлганини ўша даврда китобларни мутолаа қилиб ўз қалбидаги ғилла-ғашликларга ечим топган кўплаб шахслар этироф қилишади. Буни натижасини ўша даврдаги кескин ижобий ўзгаришлардан ҳам билсак бўлади.
Ана шу юксалиш ҳозир ҳам давом этмоқда. Шундай экан табиий савол туғилади, унда нима учун оммавий ахборотларда, ижтимоий тармоқларда янги-янги фитналар чиқмоқда? Ахир ўша ислоҳотлар мунтазам давом этмоқдаку!
Тўғри етарли ислиҳотлар амалга оширилмоқда лекин ҳозирги ёш авлод биз юқорида зикр қилган қулай кенг имкониятларда фақат истеъмолчи сифатида ўсиб келмоқда. Бу ҳам майли ақалли ана шу истеъмолчилигини тўғри амалга оширганда ҳам фитналардан омонда бўларди. Аслида эса ижтимоий тармоқларда «тренд» даражасига чиқаётган мавзуларни ишончли манбаларга мурожаат қилиб, шу масалага доир китобларни мутолаа қилиб, замонамиз аҳли илмларига мурожаат қилганимизда ва ана шу маълумотларни қабул қилиб олишда инсоф қилсак бундай муаммоларга дучор бўлмаймиз.
Шу билан бирга яна бир нарсани унутмаслигизмиз керакки диний бағрикенлик дегани ҳар ким диндан билганини гапириши мумкин дегани эмас албатта. Ҳар ким ўз ишида мутқин бўлиб ўзга ишларни ўз аҳлларига топширмоғи керак. Диний бағрикенглик намуналарини кўрмоқчи бўлсак саодат асридан гўзал намуналарни топамиз. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида: “Кимки диёримиздаги зиммийга зулм қилса мен билан хусуматчи бўлибди”, деган мазмунда марҳамат қилганлар.
У зотнинг буйруқларига кўра ўз қўлларидаги ўзга дин вакилларидан иборат асирларга ғоят ҳушмуомалада бўлишар ва таомларининг энг яхшиларини уларга тортиқ қилишар эди бундай гўзал муомалани кўрган асирларнинг қалблари исломга мойил бўларди. Бундан ташқари шундай курсатма ҳам берардиларки асирларни масжид устунларига боғлаб қўйилар ва улар мусулмонларнинг ўзаро гўзал одоб намуналарини кўриб исломнинг гўзал моҳиятини тушуниб етиб натижада исломни қабул қилар эдилар.
Кўпчилигимиз эътибордан четда қолдираётган яна бир жиҳат, Аллоҳнинг: “Исломга тўлиғича киринглар“- деган буйруғига амал қилмаганимиздадир. Исломнинг комиллиги 3 қисмда том бўлади.
1. Эътиқод масалари (Ақоид)
2. Ибодат масалалари (Фиқҳ)
3. Гўзал хулқлар (Тасаввуф)
Мусулмон киши эътиқод, ибодат масалаларини гарчи тўлиқ эгалласада гўзал хулқлар билан яни нафс тарбияси билан машғул бўлмас экан ислом ҳаловатини ҳамда биз “диний бағрикенглик” дея ифодалаётган гўзал хулқ намуналарига эриша олмайди. Зеро Исломнинг асл моҳияти ҳам шу. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мен гўзал хулқларни комолотга етказиш учун юборилганманʼʼ, – деб марҳамат қилганлар.
ТИИ талабаси Арабхон Муртазоев