islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Фитна қотилликдан ҳам ёмондир”

Тошкент ислом институтида профессор-ўқитувчилар ва ходимлар учун “Ижтимоий тармоқлардан фойдаланишнинг тартиб-қоидалари ва одоблари” мавзусида тадбир ўтказилади.
Давра суҳбатида ТИИ ректори У.Ғафуров сўзга чиқиб, жамоат олдида ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишларда эътибор берилиши лозим бўлган жиҳатлар, инсон шаъни ва қадр-қимматини оёқ ости қилмаслик, ёлғон ва фейк хабарларни тарқатмаслик, ҳиссиётга берилмас, фитнага сабаб бўладиган маълумотларни эълон қилинмаслик тўғрисида нуқт сўзлади.
Танқиднинг меъёрларига амал қилиш, соҳада кузатилаётган камчиликлар бўлса, тезлик билан бартараф этиш чораларини кўриш ҳамда ижтимоий тармоқларда трендда бўлиб турган мавзулар атрофда ўралашиб қолмаслик зарурлиги таъкидланди.
Диний соҳа вакиллари ахборот тарқатишда, фатволарни эълон қилишда аввало Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг муносабатини инобатга олиши, Фатво бўлими ҳукмларига мувофиқ жавоб беришга ҳаракат қилмоғи лозим.
Бугунги ижтимоий тармоқ фаоллари орасида фитнали баҳс-мунозаралар ва ҳаракатлар ҳам кўп учрайди.
Ҳанафий мазҳабининг кўзга кўринган йирик олимларидан имом Зайнуддин Биргивий раҳимаҳуллоҳ “Тариқат ул-муҳаммадия” асарида исломий одоб-ахлоқ, хусусан қалб ҳасталиклари борасида қатор сўз юритар экан қирқ саккизинчи ўринда “Фитна” ҳақида алоҳида тўхталган. Имом Муҳаммад Ходимий асарни шарҳлар экан қуйидагиларни айтади:
Маънавий иллатлардан яна бири фитначиликдир. Фитна деб одамларни изтироб, ихтилоф, машаққат ва балога гирифтор қилишга айтилади. Масалан халқни боғийликка ташвиқ қилиш, подшога қарши чиқишга тарғиб қилиш, ваъз айтишда тингловчиларнинг савиясини ҳисобга олмасдан тушунмовчилик келтириб чиқарувчи мураккаб тилда гапириш каби ҳолатлар умуммаънода фитнага мисол бўлади.
Шунингдек, китоб мутолаа қилишда эҳтиётсизлик қилиб, тушуниб-тушунмасдан оммага нотўғри тушунча бериб қўйиш ҳам фитна дейилади. Ва яна, жамоатчилик одатда ўз имкониятидан келиб чиқиб адо қилиб келаётган ибодатларини тарк этишларига сабаб бўладиган гаплар ҳам фитна бўлади. Масалан, тажвид билан қироат қилишга мутлақо қодир бўлмаган аҳоли орасида “Тажвидсиз қироат билан ўқилган намоз намоз эмас”, деб айтса ва унинг ортидан шу жамоа намоз ўқишимиздан фойда йўқ экан, деб тарки ибодат қилишса, бу ҳам катта фитна бўлади. Зеро, мутлақо намоз ўқимагандан кўра, тажвидсиз бўлсада қироат қилиб ўқишлик авлодир.
Ҳар мақомнинг ўз мақоли, ва ҳар майдоннинг ўз рижоли бор. Уламолар айтадилар: “Кимки ўз даври урф-одатларини билмаса, бас, у жоҳилдир!”. Шундай экан, мўмин-мусулмон киши омма олдидаги ҳар қандай ҳатти-ҳаракатларида эҳтиёткор бўлса, гапираётган гапларини ўйлаб гапирса фитнадан ҳоли бўлади.
Амри маъруф, наҳий мункар қилиш ҳам юқоридаги қабилдадир. Бу икки амал гарчи қирқ фарздан бўлса-да ўз ўрнини топиб қилинса мақсадга мувофиқ бўлади. Тўғри келган жойда амри маъруф, наҳий мункар қилиб кетавермаслик керак. Одамларнинг ҳолини, савиясини ҳисобга олиш шарт. Акс ҳолда мункар ишларни кўпайиб кетишига сабаб бўлади, тингловчини таассубга батарроқ берилишига замин яратиб берган бўлади. Ундан ташқари ўзининг бошига ҳам балолар орттириб олиши мумкин.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтган эканлар: “Кимки биродарига омма олдида ошкора насиҳат қилса, бас уни айблабди. Агар ёлғиз ўзига гапирса, бас уни тузатибди”.
Аҳолиси тинч осуда ҳаёт кечириб турган одамлар орасидан ҳаловат ва тинчликни кўтарилишига сабаб бўладиган ҳар қандай фитна ҳаракатлари аслида одамларнинг қонини тўкишдан ҳам оғир, ёмон оқибатларга олиб келадиган гуноҳдир. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг бир эмас икки жойида бу маънони таъкидлаган:
وَالْفِتْنَةُ أَشَدُّ مِنَ الْقَتْلِ
“Фитна қотилликдан ҳам ёмондир”. Золим ва қлнхўр кимсалар ҳамиша инсонлар, бутун-бутун қабилалар ўртасида фитна, нифоқ солиб, жамиятнинг тинч ҳаётини пароканда қилишади. Фитна эса одамларни қатл қилишдан ҳам жиноятдир.
وَالْفِتْنَةُ أَكْبَرُ مِنَ الْقَتْلِ
“Фитна қотилликдан ҳам оғир гуноҳдир”.
Фитнадан сақланиш учун нима қилмоқ керак?
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилдилар:

ستكون فتن، القاعد فيها خير من القائم، والقائم فيها خير من الماشي، والماشي فيها خير من الساعي، مَن تشرَّف لها تستشرفه، فمن وجد منها ملجأ أو معاذًا فليعذ به
“Яқин орада фитналар бўлади. Ўша чоғда ўтириб олган одам тик тургандан яхшироқдир. Ўрнида жим тик турган эса юраётган одамдан яхшироқдир. Яёв юрган эса тез-тез юраётган одамдан яхшироқдир. Ким ўша фитналарга эътибор берса уни фитна ўзига тортиб олади. Кимки қутулишга жой топса ўша жойда фитнадан ҳимоялансин”.
Бу ҳадисга диққат билан назар солар эканмиз Расулимиз алайҳиссалом киноя билан фитнага аралашиб қолишдан қаттиқ қайтармоқдалар. Тик турган одам билан ўтирган одам деганда, фитнага қизиқиб турган одам билан унга эътибор қилмаган одам назарда тутилмоқда. Демак, фитначилар ҳақида қизиқишдан кўра уларга асло эътибр қилмаслик яхши экан.
Ўрнида жим тик турган одам билан юараётган одамдан эса, фитнага қизиқиб кўрган ва фитнага қўшилиш учун ҳаракатга ўтганлар кўзда тутилаган. Демак, фитнага қўшилиш учун ҳаракатга ўтганлардан кўра, унга қўшилмасдан улар ҳақида шунчаки қизиқувчилар яхшироқ.
Яёв юрган одам билан тез-тез юраётган одамдан эса фитна сари тез ҳаракат қилаётганлардан кўра, суст ҳаракат қилаётганлар Аллоҳнинг наздида сал тузукроқ одамлар, деганидир.
Фитнага аралашган одам ундан чиқиб кетиши қийин экан. Чунки фитна одатда жозибадор бўлади, унга қизиққанларни дарров жалб қилиб олади. Мўмин киши ҳар қандай оғир бўлмасин фитнадан қочиш керак. Зотан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан қочишни иложини топган одам қочсин, деганлар.

ТИИ Матбуот хизмати

273810cookie-check“Фитна қотилликдан ҳам ёмондир”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: