islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Боби Бани Шайба – Ҳарамдаги Бани Шайба дарвозаси

Боби Бани Шайба (باب بني شيبة) сўзма-сўз таржима қилинса, “Шайба авлодлари эшиги” деган маънони англатади. Маккадаги Масжидул Ҳаром, Каъба майдонига киришга мўлжалланган тарихий дарвоза ҳисобланади. Дарвоза маккалик Бану Шайба қабиласи номи билан боғлиқ. Маълумки, Бани Шайба уруғи қўлида Каъбанинг калитлари сақланади. Дарвоза арксимон шаклда қурилган бўлиб, ҳозирда ушбу дарвоза олиб ташланган.

 

Боби Бани Шайба Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврда Масжидул Ҳаром ҳудудига ўтиладиган дастлабки кириш жойларидан бири бўлган.

Мақдисий ўзининг Макка тарихига бағишланган китобида, ҳижрий IV асрнинг иккинчи ярмида Масжидул Ҳаромнинг ўн тўққизта дарвозаси бўлгани ва энг асосий дарвоза Боби Бани Шайба эканлиги ҳақида маълумот берган. Мақдисийнинг ёзишича, Масжидул Ҳаромнинг шарқий томонида бешта дарвоза бор эди, жумладан, улардан бири Боби Бани Шайбадир.

 

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ қилган йили Бани Шайба уруғининг саййидига калитларни топшириб, шундай дедилар: “Эй Бани Талҳа, унга қиёматга қадар эгалик қилинглар, адолатсиз ва золим бўлмагунингча калитлар сизлардан олинмас”. Бани Шайба уруғига мансуб оила ҳозирги кунгача Каъбатуллоҳ калитини ўзида сақлаб, ташриф буюрувчилар, зиёратчилар ва тозаловчиларга Каъба эшигини очиб беради.

 

Қурилиши

Дарвоза тарихига назар ташласак, Боби Бани Шайба бирор бир девор билан туташ бўлмаган, у ҳар доим ўзи алоҳида тик турувчи арк шаклида бўлган. Саудия ҳукумати ҳокимият тепасига келгач, Матоф, яъни тавоф ҳудудини ёдгорлик ва иншоотлардан тозалаш учун бузиб ташланганда ҳам, дарвоза деворсиз алоҳида тик ҳолатда турган. Дарвоза Мақоми Иброҳимнинг шарқида жойлашган эди. Аркнинг умумий баландлиги тахминан 8 метр бўлган.

Аркнинг олд юқори қисмида Ҳижр сурасининг 46-ояти ёзилган:
ٱدۡخُلُوهَا بِسَلَٰمٍ ءَامِنِينَ
“Унга тинчлик билан соғ-омон киринглар”!

 

Аркнинг ички томонида Исро сурасининг 80-ояти ёзилган:
وَقُل رَّبِّ أَدۡخِلۡنِي مُدۡخَلَ صِدۡقٖ وَأَخۡرِجۡنِي مُخۡرَجَ صِدۡقٖ وَٱجۡعَل لِّي مِن لَّدُنكَ سُلۡطَٰنٗا نَّصِيرٗا
“Ва айтинг: “Парвардигорим, мени ҳаққи-рост дохил қилгин ва ҳаққи-рост чиқаргин, ҳамда мен учун ўз даргоҳингдан бир мададкор қувват ато қилгин”.

 

Матоф ҳудудини ер усти иншоотлардан холи қилиш ва зиёратчиларга тавоф қилиш учун кўпроқ жой ажратиш мақсадида 1967 йил 22 октябрда (ҳижрий 1387 йил, 18 ражаб) Бани Шайба дарвоза арки бузиб ташланди.

 

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси

катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

276010cookie-checkБоби Бани Шайба – Ҳарамдаги Бани Шайба дарвозаси

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: