Маълумки, Имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳдан кўплаб олимлар дарс олган. У зотнинг шогирдлари орасида фақиҳлар, муҳаддислар ва бошқа олимлар ҳам бор эди. Ушбу мақолада Имом Абу Ҳанифанинг ҳадис соҳасида танилган шогирдлари ҳақида сўз юритамиз.
Абдуллоҳ ибн Муборак Ал-Марвазий
Муҳаддис Абдуллоҳ ибн Муборак Ал-Марвазий ҳижрий 118 (милодий 736) таваллуд топиб, ҳижрий 181 (797) санада вафот этганлар. Оталари туркийлардан, оналари эса хоразмлик бўлган. У зот ҳаётларини тижорат билан шуғилланиш, китоблар ёзиш, илм билан машғул бўлиш, ҳаж қилиш ва бошқа яхши амаллар билан ўтказганлар.
У зот Имом Абу Ҳанифанинг машҳур шогирдларидан саналадилар. Бундан ташқари Сулаймон Таймий, Ҳишом ибн Урва, Авзоъий, Холид Ҳаззо ва бошқа кўплаб олимлардан дарс олганлар. Ҳофиз Миззий у кишини ҳанафий уламолар табақасида зикр қилганлар. Абдуллоҳ ибн Муборакнинг ўзлари шундай дейдилар: “Агар Аллоҳ менга Абу Ҳанифа ва Суфён билан кўмак бермаганида бошқа инсонлар каби бўлиб қолар эдим”. Абдуллоҳ ибн Муборакдан саноғи йўқ даражадаги олимлар ҳадис ривоят қилишган. Абдурроҳман ибн Маҳдий, Яҳё ибн Маъин, Абу Бакр ибн Шайба, Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа олимлар шулар жумласидандир.
Абу Усома ва Яҳё ибн Маъийнлар у кишини ҳадисда “Мўминларнинг амири” деб атаган. Шўъба айтадилар: “Бизнинг олдимизга Абдуллоҳ ибн Муборакка ўхшагани келмаган”. Исмоил ибн Айёш айтадилар: “Ер юзида Абдуллоҳ ибн Муборакка ўхшаши йўқ”. Аббос ибн Мусъаб айтадилар: “Абдуллоҳ ибн Муборак ҳадис, фиқҳ, араб тили, тарих, шижоат ва саховатни ўзида жамлаган эди”.
Яҳё ибн Яҳё айтадилар: “Имом Моликнинг мажлисларида эдик. Ибн Муборак келганини айтиб изн сўрашди, у зот изн бердилар. Имом Молик ўтирган жойларидан силжиб Абдуллоҳ ибн Муборакни ёнларига ўтқиздилар. Ваҳоланки, у зотни бошқа одам учун мажлисларидан қимирлганларини кўрмаган эдим. Бир талаба китобни ўқир, бирор масала ўтиб қолса Имом Молик у кишидан “Бу хусусда нима дейсиз?”, деб сўрар, у киши эса махфий тарзда жавоб берардилар. Сўнгра у киши мажлисдан туриб чиқиб кетдилар. Имом Молик у кишининг бу одобларидан ҳайратландилар ва: “Бу киши Хуросоннинг фақиҳи Ибн Муборакдир”, дедилар.
Яҳё ибн Саъийд Ал-Қаттон
Абу Саъид Яҳё ибн Саъид Ал-Қаттон Ал-Басрий. 120 (милодий 738) санада таваллуд топиб, 198 (милодий 814) санада вафот этганлар. У зот Шўъба ибн Ҳажжож, Суфён Саврий, Молик ибн Анас, Саъийд ибн Аруба ва Суфён ибн Уяйна каби олимлардан ҳам дарс олганлар. Алий ибн Мадиний, Абдурроҳман ибн Маҳдий, Аҳмад ибн Ҳанбал ва Яҳё ибн Маъийн каби олимларга устозлик қилганлар. Қуроший у кишини ҳанафий уламолар табақасида зикр қилганлар.
Яҳё ибн Маъийн айтадилар: “Яҳё Ал-Қаттон Абу Ҳанифанинг сўзи билан ҳам фатво берар эдилар”. Яҳё Ал-Қаттоннинг ўзлари айтадилар: “Аллоҳга қасамки, Абу Ҳанифанинг масжлисида бўлдик, у зотни тингладик. Аллоҳга қасамки, унга қараган вақтимда Аллоҳга тақво қилишини билдим”. Яҳё ибн Маъийн у зотни ҳадисда “Мўминларнинг амири” эканликларини айтганлар.
Улуғ имомларнинг барчаси у кишини ҳужжат сифатида кўришган ва шундай дейишган: “Яҳё кимни тарк қилган бўлса биз ҳам тарк қиламиз”. Иброҳим ибн Исҳоқ айтадилар: “Мен Яҳё ибн Саъийдни аср намозини ўқиб бўлгандан сўнг суяниб ўтирганини кўрдим. У зотнинг ҳузурларида Алий ибн Мадиний, Аҳмад ибн Ҳанбал, Яҳё ибн Маъийн, Шозукий ва Амр ибн Алийлар бўлиб у зотнинг ҳайбатларидан тик турган ҳолларида ҳадис сўрардилар”.
Ҳофизлар саййиди Суфён Ас-Саврий
Абу Абдуллоҳ Суфён ибн Саъид Ас-Саврий Ал-Куфий. Ҳижрий 97 санада таваллуд топиб, 161 санада вафот этганлар. У зот Зайд ибн Ҳорис, Ҳабиб ибн Абу Собит, Асвад ибн Қайс, Муҳориб ибн Дисор ва бошқа кўплаб олимлардан таълим олганлар. У зотдан Яҳё Ал-Қаттон, Ибн Муборак, Ибн Ваҳб, Вакиъ, Абу Нуайм ва бошқа олимлар дарс олишган.
Имом Шўъба, Яҳё ибн Маъийн ва бир қанча инсонлар у зотни ҳадисда “Мўминларнинг амири” деб атаган. Вакиъ айтадилар: “Суфён бир денгиз эди”. Авзоий айтадилар: “Суфёндан бошқа уммат ишончли деб билган ва у кишидан рози эканлигига жамланган бирор киши қолмаган”. Суфён Саврий бу қадар улуғлик ва илм соҳиби бўлишларига қарамай Имом Абу Ҳанифадан таълим олганлар. Алий ибн Мадиний айтадилар: “Абу Ҳанифадан Саврий, Ибн Мубораклар ҳадис ривоят қилган, у ишончли кишидир”. Шунинг учун ҳам Қураший у кишини ҳанафий олимлар табақасида зикр қилганлар.
Маккий ибн Иброҳим Ал-Балхий
Маккий ибн Иброҳим ибн Башир ибн Фарқад Ал-Ҳанзалий Ал-Балхий ҳижрий 126 (милодий 744) санада таваллуд топиб, ҳижрий 214 (милодий 829) санада вафот этганлар. У зот Хуросон юрти муҳаддисларидан саналадилар. У зот Имом Абу Ҳанифадан ташқари Язид ибн Абу Убайд, Жаъфар Ас-Содиқ, Баҳз ибн Ҳаким ва Ибн Журайж каби олимлардан дарс олганлар. У зотдан эса бир қанча олимлар, жумладан, Имом Бухорий, Имом Аҳмад, Яҳё ибн Маъийн ва Аббос Дурий каби олимлар дарс олишган. У зот айтадилар: “Абу Ҳанифа ўз замонининг энг олими эди”. Ҳофиз Миззий у кишини Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари сирасига киритганлар.
Имом Бухорийнинг кўпгина сулосиёт (Росулуллоҳ (с.а.в) билан Бухорийнинг ўрталарида учта ровий бўлган ҳадис) ҳадислари айнан Маккий ибн Иброҳимдан ривоят қилинган. У зот жуда кўп ибодат қиладиган, кўплаб уламолар мақтов айтган олим бўлганлар. Ибн Саъд айтадилар: “У киши ишончли ва собит кишидир”. Халилий айтадилар: “У кишининг ишончи эканликларига иттифоқ қилинган”.
Мисъар ибн Кидом
Абу Салама Мисъар ибн Кидом ибн Зоҳийр Ал-Ҳилолий Ал-Куфий. Ҳижрий 153 (милодий 722) санада вафот этганлар. Алий ибн Собит, Ҳакам ибн Утайба, Қатода, Амр ибн Мурра ва бошқа олимлардан дарс олганлар. У кишидан Суфён ибн Уяйна, Яҳё Ал-Қаттон, Муҳаммад ибн Бишр, Яҳё ибн Одам, Абу Нуъайм ва бошқа кўплаб ўз замонининг олимлари дарс олишган. У киши Имом Абу Ҳанифадан ҳам ҳадис ривоят қилганлар. Абдуллоҳ ибн Муборак айтадилар: “Мисъар ибн Кидомни Абу Ҳанифанинг ҳалқасида кўрдим. У Абу Ҳанифанинг ҳузурида ўтирган ҳолида савол сўрар эди”.
Яҳё ибн Саъийд айтадилар: “Мисъар ибн Кидомдан кўра собитроқ кишини кўрмадим”. Аҳмад ибн Ҳанбал айтадилар: “Ишончлилик Шўъба ва Мисъар кабидир”. Шўъба айтадилар: “Биз Мисъарни мукаммал бўлгани учун “Мусҳаф” деб номлар эдик”.
Юқорида Имом Абу Ҳанифанинг машҳур муҳаддис шогирдлари билан танишдик. Аслида Имомдан юзлаб муҳаддислар дарс олишган ва у зотга юксак баҳо беришган. Аллоҳ таъоло Имом Абу Ҳанифа ва у кишининг шогирдларидан рози бўлсин!
Манбалар асосида 401-гуруҳ талабаси
Аббосов Акмалхон тайёрлади