islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Агар мажлис ва ўзаро суҳбатларда беҳуда гап-сўз кўпайиб кетса…

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир мажлисда ўтирса ва у ерда беҳуда гап-сўз кўпайиб кетса, мажлисдан туришдан олдин “Субҳанака аллоҳумма ва биҳамдика, ашҳаду ан лаа илаҳа илла анта, ва астағфирука ва атубу илайҳи” деса, ушбу калима мажлисда бўлган беҳуда гаплари учун каффорот бўлади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Қиёмат кунидаги ҳасратнинг сабабларидан бири агар инсон бир мажлисда ўтирса-ю, у ерда Аллоҳ таолони зикр қилмасдан туриб кетса, гарчи у ерда ҳалол бўлмаган сўзларни гапирмаган бўлса ҳам қиёмат кунида ҳасратда қолади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар бир қавм мажлисда ўтириб, у ерда Аллоҳ таолони зикр қилмас экан, бу нарса улар учун ҳасрат бўлади. Бир киши йўлда юрар экан, Аллоҳ таолони зикр қилмаса, бу нарса ўша одам учун ҳасрат бўлади. Бир киши ётоғига ётар экан, Аллоҳ таолони зикр қилмаса, бу нарса ўша одам учун ҳасрат бўлади”, дедилар (Ибн Ҳиббон ривояти).

Агар бундай ўтиришларда ботил сўзлар гапирилса, бировларни ғийбат қилинса, чақимчилик ва бўҳтон қилинса қандай бўлади?! Гоҳида фаҳш сўзлар айтилади ёки бировларни мазах қилинади, ва ҳокозо….

Юқоридаги ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч қандай ёмон гап сўз бўлмаган мажлисни назарда тутиб, гапирганлар. Энди беҳуда гаплардан иборат бўлган мажлисларни нима дейишимиз мумкин?!

Ҳеч қандай шак-шубҳа йўқки, инсон боласига барча офатлар тили орқали келади. Шунинг учун инсон доимо Аллоҳ таоло рози бўладиган сўзларни гапириши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни нафсларимиз заиф эканлигини билганлар. Биз ҳар қанча ҳаракат қилмайлик барибир тилимиздан келадиган офатлардан сақлана олмаймиз. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга улуғ бир суннатларини таълимини беряптилар. Агар биз бу нарсага амал қилсак, тилимиздан келадиган офатлардан сақланган бўламиз. Бу эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мажлиснинг сўнгида айтишга тарғиб қилган “Субҳанака аллоҳумма ва биҳамдика, ашҳаду ан лаа илаҳа илла анта, ва астағфирука ва атубу илайҳи” деган дуо билан бўлади. Бу дуо Аллоҳ таолони айбу-нуқсонлардан поклаш маъносини ўз ичига олади ва яна унда Аллоҳ таолонинг шериги бўлмаган илоҳ эканлигини ҳам исботи ҳам бор. Сўнгра инсон ўзини гуноҳкор эканлигини ҳис қилиб, Аллоҳ таолодан мағфират сўрайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мажлисларини қандай тамомлар эдилар?

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мажлисларини Аллоҳ таолони зикр қилувчи дуолар билан якунлашни яхши кўрар эдилар. Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мажлисдан саҳобаларининг ҳақларига ушбу дуони қилмасдан ўринларидан турмаганлиги зикр қилинган:

اللَّهُمَّ اقْسِمْ لَنَا مِنْ خَشْيَتِكَ مَا يَحُولُ بَيْنَنَا وَبَيْنَ مَعَاصِيكَ، وَمِنْ طَاعَتِكَ مَا تُبَلِّغُنَا بِهِ جَنَّتَكَ، وَمِنَ الْيَقِينِ مَا تُهَوِّنُ بِهِ عَلَيْنَا مَصَائِبَ الدُّنْيَا، وَمَتِّعْنَا بِأَسْمَاعِنَا وَأَبْصَارِنَا وَقُوَّتِنَا مَا أَحْيَيْتَنَا, وَاجْعَلْهُ الْوَارِثَ مِنَّا، وَاجْعَلْ ثَأرَنَا عَلَى مَنْ ظَلَمَنَا، وَانْصُرْنَا عَلَى مَنْ عَادَانَا، وَلاَ تَجْعَلْ مُصِيبَتَنَا فِي دِينِنَا, وَلاَ تَجْعَلِ الدُّنْيَا أَكْبَرَ هَمِّنَا, وَلاَ مَبْلَغَ عِلْمِنَا، وَلاَ تُسَلِّطْ عَلَيْنَا مَنْ لاَ يَرْحَمُنَا. رواه الترمذي

(Аллоҳумма ақсим ла наа мин хошятика маа яҳулу байнанаа ва байна маъасийка, ва мин тооъатика маа тубаллиғунаа биҳи жаннатака, ва минал яқийни маа туҳаввину биҳи ъалайна масоъибад-дуня, ва маттиънаа би-асмааъина ва абсооринаа ва қувватинаа маа аҳяйтанаа, важъалҳул ваариса миннаа, важъал саърона ъала ман золаманаа, вансурнаа ъала ман ъадаанаа, ва лаа тажъал мусибатанаа фий дийнина, ва лаа тажъалид-дуня акбаро ҳамминаа, ва лаа маблағо ъилминаа, ва лаа тусаллит ъалайнаа ман лаа ярҳамунаа)

(Маъноси: Эй Аллоҳим! Ўзинг сенга қарши қилинадиган гуноҳлар ва биз ўртамизда Ўзингдан қўрқишни бир тўсиқ қилгин! У орқали жаннатинга киришга сабаб бўладиган тоатингдан бир насиба бергин! Дунё мусибатларини бизга енгил қиладиган ишончдан бир насиба ато айлагин! Модомики тирик эканмиз қулоқларимиз, кўзларимиз ва қувватимиз ила роҳатлантир! Шу нарсаларни биздан мерос айлагин. Бизга зулм қилганлардан қасос олишимизни насиб айла! Бизга душманлик қилганларга қарши бизга нусрат бер ва динимизда мусибат етишидан сақлагин! Дунё матоҳларини асосий ғамимиз ва илм олишдаги мақсадимиз қилиб қўйма ҳамда бизга раҳм-шафқат қилмайдиган кимсани бошлиқ қилиб қўйма!)

Демак, биз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарғиб қилган ушбу дуоларни ёдлаб, мажлисларимиз охирида айтсак ва инсонларни бу нарсага ундасак, Аллоҳ таолонинг мағфиратига эришамиз. Шу билан бир қаторда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яна бир суннатларини тирилтирган бўламиз. Иншааллоҳ!

Андижон вилояти “Чинор” масжиди

имом-хатиби Мўминов Авазбек

29870cookie-checkАгар мажлис ва ўзаро суҳбатларда беҳуда гап-сўз кўпайиб кетса…

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: