Қуръони Карим Ислом динининг абадий мўъжиз манбаи бўлиб, бирор нарса мўъжизакорлик борасида ундан олдин вужудга келмаган. Аллоҳ таоло Расулуллоҳга кишиларни зулумат ботқоғидан иймон нурига чиқариш, тўғри йўлга бошлаш учун Қуръонни нозил қилди. Расулуллоҳ Қуръон оятларини саҳобаларига етказдилар. Улар ушбу оятларни англаб олар, агар бирор оятга тушинмай қолсалар, уни дарҳол Расулуллоҳдан сўраб билиб олишар эди.
Икки Шайх (Имом Бухорий ва Имом Муслим) ва бошқа ровийлар Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича: “Анъом сурасининг – Иймон келтирган, ўз иймонларини зулм (ширк) билан аралаштирмаган зотлар — ана ўшалар хотиржам бўлгувчидирлар ва ўшалар ҳидоят топгувчидирлар , маъносидаги, 82-ояти нозил бўлганда, бу маъно кишиларга оғир туюлди. Шунда улар: Эй, Расулуллоҳ: Бизнинг қай биримиз нафсимизга зулм қилмаганмиз? деганларида, У Зот: “Бу сиз назарда тутганингиздек эмас”, Солиҳ банда айтган сўзни эшитмаганмисиз? “Эсланг, Луқмон ўғлига панд-насиҳат қилар экан,: «Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк келтириш катта зулмдир» деган эди. (Луқмон сураси 13-оят)”, дедилар”. Бу ерда келтирилган зулмдан мурод ширкдир.[1]
Шунингдек, Расулуллоҳ саҳобаларга баъзи оятларни тафсир қилиб берар эдилар. Муслим ва бошқа ровийлар Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича: “Мен, Расулуллоҳнинг минбарда туриб: Анфол сурасининг 60-ояти: “(Эй мўминлар), улар учун имконингиз борича куч ва эгарланган отларни тайёрлаб қўйингиз!”ни ўқиб, Огоҳ бўлинг! Қувват, бу ўқ отишдир”, деганларини эшитганман, деди. Саҳобалар Қуръон оятларини Расулуллоҳдан ўрганиш, уларни ёдлаш ва тушинишга жуда қизиқар эдилар. Бу ҳол улар учун шарафли иш эди. Анас р.а: “Бақара ва Оли Имрон сураларини ўқиган киши бизнинг орамизда улуғ саналар эди”, дер эди. Саҳобалар Қуръонга амал қилиш ва унинг ҳукумларига эътиборли бўлишга ҳаракат қилар эди.
Абу Абдурраҳмон Суламийдан ривоят қилинишича: “Бизга Қуръон ўқитган Усмон ибн Аффон, Абдуллоҳ ибн Масъуд ва бошқа кишилар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўн оят таълим олишса, уларда мавжуд илмни ўрганмай ва уларга амал қилмай бошқа оятга ўтмас эдилар. Улар У зотдан: “биз, Қуръон, илм ва амални ҳаммасини бирга таълим олар эдик”, дер эдилар”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга ўзларидан Қуръондан бошқа нарсани ёзиб олишга изн бермадилар. Чунки ўша пайтда Қуръонга бошқа нарсаларни аралашиб кетиш хавфи бор эди. Муслим Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича: Расулуллоҳ с.а.в: “Ким мендан Қуръондан бошқа нарсани ёзиб олса, уни ўчирсин! Мендан ҳадис айтинглар, унда ҳараж йўқдир. Ким қасдан менинг ҳаққимда ёлғон гапирса, ўзига дўзахдан жой таёрласин!”, дедилар. Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи саҳобаларига ҳадис ёзишга изн берган бўлсаларда, Қуръонга тегишли маълумотлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва Умар розияллоҳу анҳуларнинг даврларида оғзаки ривоят услубида олиб борилган.[2]
Усмон розияллоҳу анҳу халифалик даврларига келиб, мусулмонларни бир мусҳафга амал қилдириш эҳтиёжи вужудга келгач, бу иш амалга оширилди ва уни “Бош Мусҳаф” деб номланди. Ундан нусха кўчирилиб, бошқа диёрларга юборилди ва бу нусхани Усмон розияллоҳу анҳуга нисбат бериб, “Усмоний расм-хат” деб номланди. Ушбу нусха “Қуръон ёзиш илми” учун биринчи манба ҳисобланади. Али розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида, Абул Асвад Дуалий халифанинг буйруғи билан Қуръон нутқини саломат сақланиш мақсадида унга наҳв қоидаларини қўйиб чиқди. Шунингдек, бу иш “Қуръон эъроби илми” учун биринчи манба ҳисобланади.
Саҳобалар Қуръон маънолари ва унинг баъзи оятларининг тафсирини тушиниш ва Расулуллоҳнинг ҳузурларида бўлишларига қараб айрим фарқлар билан бўлсада, бир-бирларига етказишар эдилар.Ушбу ривоятларни уларнинг шогирдлари ҳам ривоят қилардилар.Энг машҳур муфассир саҳобалар сифатида ,Тўрт халифа, Ибн Масъуд, Ибн Аббос, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит, Абу Мусо Ашъарий ва Абдуллоҳ ибн Зубайрларни келтириш мумкин. Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Убай ибн Каъблардан тафсир борасида кўп ривоят қилинган бўлса, улардан бошқа саҳобалардан Қуръоннинг тўла тафсири ривоят этилмай, балки айрим оятларнинг маънолари, ноаниқ жойлари ва мужмал ўринларигина ёритиб бериш билан кифояланган. Тобиъинлардан эса машҳур бир жамоа тафсирчилар бўлиб, улар бу илмни саҳобалардан олишган ва баъзи оятлар тафсирида ўзлари ҳам ижтиҳод қилишган.
Маккада Ибн Аббоснинг шогирдларидан машҳурлари: Саъийд ибн Жубайр, Мужоҳид, Икрима, Ибн Аббоснинг мавлоси, Товус ибн Кайсон Ямоний ва Ато ибн Аби Рабоҳлардир.
Мадинада Убай ибн Каъбнинг шогирдларидан машҳурлари: Зайд ибн Аслам, Абулолия ва Муҳаммад ибн Каъб Қуразийлардир.[3]
Ироқда Абдуллоҳ ибн Масъуднинг шогирдларидан машҳурлари: Алқама ибн Қайс, Масруқ, Асавд ибн язид, Омир Шаъбий, Ҳасан Басрий, Қатода ибн Диома Садусийлардир. Шунингдек, Кўфада Абдуллоҳ ибн Масъуднинг шогирдлари ҳам машҳур эдилар. Мадина муфассирлари қаторига Зубайр ибн Асламни ҳам қўшиш мумкин, у тафсир илмини Имом Моликдан ўрганди, ундан ўғли Абдурраҳмон ва Абдуллоҳ ибн Ваҳблар ўрганди. Юқорида зикр қилинган олимлар, тафсир, ғарибул-қуръон, асбобун-нузул, маккий ва маданий оятлар, носих ва мансухга доир ўз илмларини устозларидан оғзаки услубда олганлар. Ҳижрий иккинчи асрда тадвин даври бошланди. Бу пайтда ҳадисларни турли бобларга ажратиб ёзиш жараёнида тафсирга тегишли маълумотлар ҳам тўплана борди. Баъзи олимлар Расулуллоҳ, саҳоба ва тобиъинлардан ривоят қилинган тафсирга оид маълумотларни тўплашган.
Бундай маълумотларни тўплаган машҳур олимлар қаторида: Язид ибн Ҳорун Суламий (ваф-117 ҳиж.), Шуъба ибн Ҳажжож (ваф-160 ҳиж), Вакиъ ибн Жарроҳ(ваф-197 ҳиж), Сўфён ибн Уяйна (ваф-198 ҳиж) ва Абдурраҳмон ибн Ҳумом(ваф-211 ҳиж)ларни санаб ўтиш мумкин. Уларнинг барчалари ҳадис имомларидан бўлишган, лекин улар жамлаган тафсир ҳақидаги маълумотлар бизгача етиб келмаган. Улардан кейин тафсир борасида уларнинг йўлини давом эттирган машҳур олимлардан Ибн Жарир Тобарий(ваф-310ҳиж) бўлиб, Қуръон оятларининг тартиби бўйича тўлиқ тафсир таълиф этди. Тафсир илми аввалда эшитиш ва ривоят қилиш услубида бўлган, кейинчалик у ҳадисларнинг бир боби сифатида тадвин қилинган, вақтлар ўтиши билан тафсир алоҳида фан сифатида шаклланди.[4]
Шунингдек, тафсир маъсур ва раъйга кўра қилинадиган бўлди. Муфассир Қуръонга оид мавзуларни билишлиги шарт. Асбобун-нузул ҳақида Имом Бухорийнинг устози Али ибн Маданий( ваф 234 ҳиж) асар таълиф эди. Шунингдек, Абу Убайд Қосим ибн Салом (ваф 224 ҳиж) носих ва мансух борасида, Ибн Қутайба(ваф276 ҳиж) Мушкилул-Қуръон ҳақида китоб ёзишган. Юқорида исми зикр қилинганлар ҳижрий учинчи аср Улумул Қуръон олимларидандир. Абу Бакр Муҳаммад ибн Қосим Анборий ( ваф 328 ҳиж) Улумул Қуръонга доир асар таълиф этган. Абу Бакр Сижистоний( ваф 330 ҳиж) ҳам Ғарибул Қуръон ҳақида қалам тебратган. Муҳаммад ибн Али Адқавий(ваф 388 ҳиж) “Ал-Истиғнау фи улумил-Қуръон” номли китобини ёзди. Юқорида исми зикр қилинганлар ҳижрий тўртинчи аср Улумул-Қуръон олимларидан ҳисобланадилар.
Шунингдек, олимлар бу борада ўз изланишларини давом эттириб, махсус асарлар таълиф этганлар. Жумладан: Абу Бакр Боқилоний(ваф 403 ҳиж) Эъжозул Қуръонга доир, Али ибн Иброҳим ибн Саъид Ҳивафий( ваф 430 ҳиж) Эъробул Қуръонга тегишли китоблар таълиф этди. Мовардий( ваф 450 ҳиж) эса Амсолул Қуръон борасида асар ёзди. Изз ибн Абдуссалом( ваф 660 ҳиж) Мажозул Қуръон борасида асар таълиф этишди. Аламуддин Саховий (ваф643 ҳиж) қироъатлар илми ҳақида, Ибн Қайюм( ваф 751 ҳиж) “Ақсомул Қуръон” ҳақида китоб ёзди. Юқорида номи келтирилган асарлар Қуръон илмларидан бир навини ёритиб берган китоблардир. Шайх Муҳаммад Абдулазим Зарқоний ўзининг “Маноҳилул ирфон фи улумил қуръон” номли асарида дорулкутубил-мисрия матбаасида Ҳивафий номи билан машҳур бўлган Али ибн Иброҳим ибн Саъиднинг қўл ёзма шаклдаги “Ал-Бурҳон фи улумил-қуръон” номли асари тадқиқ қилиш арафасида. Ушбу асар ўттиз жилдлик бўлиб, унинг тартибланмаган ҳолдаги ўн беш жилди топилди. Ушбу асарда муаллиф мусҳаф тартиби бўйича Қуръон оятининг бирини олиб, ундаги улумул Қуръонга оид масалалар ҳақида гапирган, ҳар бирини бир унвон билан “Аллоҳнинг бу ояти ҳақида сўз” деб келтирган.[5]
Муаллиф оятни зикр қилиш билан бирга, оятларнинг қоидаларини “Қоидалар ҳақида сўз” деб келтирган бобда зикр қилган. Бу бобда оятларнинг наҳвий ва луғавий жиҳатлари ҳақида сўз юритган. Шунингдек, “Маъно ва тафсир ҳақида сўз”, деган бобида эса оятларни маъсур ривоятлар ва ақл орқали шарҳлаган. Муаллиф “Вақф ва тамом ҳақида сўз” деб номланган бобида тўхташ мумкин бўлган ва бўлмаган ўринлар ҳақида сўз юритган. Қироъат борасида алоҳида боб ажратиб, уни “Қироъат ҳақида сўз” деб номлаган. Оятлардан чиқарилган ҳукумларни оятнинг тўғрисига келтириб, ўша ҳукумлар ҳақида ҳам сўз юритган. Ҳижрий 330-йили вафот этган Ҳивафий ҳам Улумул Қуръон ҳақида биринчилардан китоб ёзган бўлиб, унинг китоби бу илмни хоссатан ёритиб берган. Ҳижрий 597-йили вафот этган Ибн Жавзий ҳам бу тўғрида “Фунунул-Афнан фий ажоиби улумил-қуръон” номли асар таъилиф этган.Кейинчалик Бадруддин Заркаший ( ваф 794 ҳиж) “Ал-Бурҳон фий улумил-қуръон” номли китоб ёзди. Ушбу асарга ҳижрий 824-йили вафот этган Жалолуддин Балқиний баъзи маълумотларни қўшиб, “Мавоқиъул-улум маъа мавоқиъин-нужум” номли асар таълиф этди. Ҳижрий 911-йили вафот этган Жалолуддин Суютий ўзининг машҳур “Ал-Итқон фий улумил-Қуръон” номли асаринни таълиф қилди. Янги асрда улумул-Қуръон борасида таълиф этилган асарлар қадимда ёзилган китоблардан кам эмас. Ҳар давр олимлари давр талабига кўра Қуръон мавзуларига доир асарлар ёзиб боришган. Жумладан Мустафо Содиқ Рофиъийнинг “Эъжозул-Қуръон” китоби, Саййид Қутубнинг “Ат-тасвирул-фанний фил-Қуръон” ва “Машааҳидул-қияма фил-Қуръон” номли иккита асари, Муҳаммад Мустафо Муроғийнинг “Таржиматул-Қуръон” номли асари бўлиб, муаллиф унда Муҳиббуддин Хатибнинг изланиншларидан фойдаланган. Мустафо Собрийнинг “Масъалату таржиматил-Қуръон” асари, Доктор Муҳаммад Абдуллоҳ Дирознинг “Ан-Набаъул-Азийм” асари, Муҳаммад Жамолуддин Қосимийнинг “Маҳасинут-таъвил” номли тафсирининг муқаддимасини мисол қилиб келтириш мумкин. Шунингдек, Тоҳир Жазоирий ҳам “Ат-Тибён фий улумил-Қуръон”, Муҳаммад Али Салома “Манҳажул-фурқон фий улумил-Қуръон”, Муҳаммад Абдулазим Зарқоний “Манаҳилул-ирфон фий улумил-Қуръон”, Аҳмад Аҳмад Али “Музаккирату улумил-Қуръон”, Доктор Субҳий Солиҳ “Мабаҳис фий улумил-Қуръон” ва Доктор Аҳмад Муҳаммад Жамол “Абҳос ала маъидатил-Қуръон” каби асарларини таълиф этдилар. Бу изланиншлар Улумул-Қуръонни бир илм бўлиб, шаклланишга олиб чиқди. Улумул-Қуръон фанининг мақсад вазифаси Қуръонга доир бўлган сабабун-нузул, Қуръонинг жамланиш ва тартибланиши, маккий ва маданий оятлар, носих ва мансухлар, муҳкам ва муташобиҳ ва бошқа маълумотларни тақдим қилишдан иборатдир. Бу илм “Усулут-тафсир” ҳам деб номланади, чунки унда муфассир Қуръонни тафсир қилишда билиши керак бўлган маълумотлар баён қилинади.[6]
ТИИ Модуль таълим шакли
талабаси Абдулхайиров Зайниддин
[1] “Саҳиҳул Муслим” Имом Муслим. Байрут. 2020. 246 б.
[2] Қуръон илмлари. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳилол-нашр”. Тошкент – 2019. 68 б.
[3] Қуръон илмлари. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳилол-нашр”. Тошкент – 2019. 69 б.
[4] Жалолиддин ас-Суютий. Тарих ул-хулафо. – Байрут. 2010. 354 б.
[5] Хайриддин ибн Маҳмуд ибн Муҳаммад ибн Али ибн Форис аз-Зираклий ад-Дамашқий. Аълом. Дор ал-илм, 2002. 436 б.
[6] Шамсиддин Абу Абдуллоҳ аз-Заҳабий. Сияру аълам ан-нубало. Муассасат ур-рисала, 1985. 429 б.