Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлар диний бошқармаси ташкил этилгунга қадар, масжид ва мадрасалар, мақбара, авлиёлар зиёратгоҳлари, муқаддас қадамжолар қаровсиз қолиб, вайронага, баъзи масжид ва мадраса бинолари отхоналарга айлантирилиб, таҳқирланган эди.
Иккинчи жаҳон уруши даврида совет тузумининг диний сиёсатида кескин ўзгариш кузатилди. 1943 йилнинг октябрида Тошкент шаҳрида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг диний идораси ташкил этилди. Мазкур Диний бошқарма фаолияти бешта совет республикасини[1] қамраб олган эди. Бу ўзгаришлар авваламбор ҳаж зиёратини, кейинчалик эса Марказий Осиё ҳудудида ўрта ва олий диний таълимни тикланишига олиб келди. 1944 йилдан бошлаб совет ҳукумати муқаддас ҳаж зиёратини адо этишга рухсат беради. Шу йилнинг ўзида Ўрта Осиё Республикалари ҳамда Қозоғистондан 6 нафар киши Совет Иттифоқи даврида илк бор ҳаж сафарига отланади.
Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлар диний идораси ташкил этилганидан кейин, аста-секинлик билан диний идора ташаббуси ва халқнинг ҳоҳиш-истакларига биноан муассаса таркибига кирувчи ташкилотлар ҳам очила бошлади. Янги диний марказни таъминлаш мақсадида республиканинг йирик шаҳар ва вилоятларида биттадан масжид очилишига рухсат этилди. Бир неча йиллар дин-у диёнатдан маҳрум этилган халқ хароба ҳолга келиб қолган масжидларни таъмирлашга киришдилар. Сабаби масжидларнинг очилишига рухсат этилишининг ўзиёқ улар учун тарихий воқеа эди.
1943-1945 йиллари Россия, Кавказорти, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари муфтийлари ўз минтақаларида масжид ва мадрасалар очишга киришган. Натижада, 1944 йил охири ва 1945 йил бошларида Тошкентда 26 та, Андижонда 41 та, Наманганда 31 та, Сурхондарёда 10 та, жами бўлиб 108 та масжид мусуломонлар томонидан қурилган ва таъмирланган.
Диний бошқарма ўз фаолияти давомида бир қатор қийинчиликларга ҳам дуч келган. 1941-1946 йилларда диний идораси таркибида 8 та масжид бўлган. Мана шу масжидларда ишлайдиган ишчиларига ҳақ тўлашда диний идора бир қатор қийинчиликларга дуч келган.
Малакали мутахассис имомларни, уламоларни тайёрлаш, қатағонлик даврида қурбон бўлган ёки қувғин қилинган диндор мутахассислар ўрнини тўлдириш, диний китоблар, газета-журналлар нашр этиш жуда муҳим вазифа бўлган. Шунинг учун Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг диний кадрлар тайёрлаш зарурияти ҳақидаги талабларини ўрганиб чиқиб, 1945 йил 14 мартида Бухоро вилоят ижроия қўмитасига вилоятдаги тарихий биноларидан бирини диний билим юрти очиш учун диний назорат ихтиёрига беришни топширади. Вилоят раҳбарияти, ўз навбатида, Бухородаги қадимий обидалар: Чор Бакр, Абдуллохон ва Мир Араб мадрасаларининг биноларини тавсия этади.
Диний бошқарма ўқув бинолари учун диний билим юртларига азалдан Ўрта Осиёда илм марказлари бўлган Бухородаги Мир Араб, Тошкентдаги Кўкалдош мадрасалари бинолари бўшатиб берилди. Адабиётларда ва архив ҳужжатларига[2] кўра диний назоратга иккита диний билим юрти очишга рухсат берилди ва Мир Араб мадрасаси расман ишга туширилди, дейилади.
Дастлаб мадрасага йигирма нафардан кўп талаба қабул қилмаслик шарти қўйилади. 1945 йил 25 майда СССР ХКС қошидаги диний ишлар кенгашининг раиси И.В. Полянскийга ёзилган мактубда: “иш бошлайдиган диний билим юртларида Тошкентда-30 ўқувчи, Бухорода-60 ўқувчи, жами 90 ўқувчи қабул қилиниши” хабар қилинади. Хабарномада эндигина иш бошлайдиган билим юртларининг ўқув режаси, уларда ўқитиладиган фанлар ҳақида маълумот келтирилади.
Мадрасаларнинг очилиши, уларда диний ва дунёвий илмларнинг бирдай ўқитилишини ташкиллаштиришда Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохоннинг хизматлари беқиёсдир.
Тошкент ислом институти талабаси
Сулейманов Шамсиддинходжа
Фойдаланилган адабиётлар.
- Юлдуз Бобокуловна Турсунова, Ўтмишга назар 3 жилд, 10 сон. Т.,2020.
- Ғафуров У. Тошкент ислом институти: Бароқхондан Имом Бухорийгача // Тошкент Ислом университети илмий-таҳлилий ахборотномаси. 2002, 1- сон. – Б. 8-13.
- Салмонов А.“Ўзбекистонда совет ҳокимиятининг диний сиёсати: уйдирма ва тарих ҳақиқати” – Тошкент: Тафаккур, 2015.
- “Ҳидоят” ойлик диний- ижтимоий, илмий- адабий нашр 2003 й. 9 сон.
- Пўлатов F.Эътиқодлар кураши. – Т., 1964;
[1] Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон.
[2] СССР ХКСнинг 1945 йил 10 октябрдаги 4808-р сонли фармойиш