Абжад – араб алифбосининг илк тартиби ва ҳарфлар ифодалаган сон қийматига асосланган ҳисоб системаси.
Абжад тартиби –“الترتيب الأبجدي” то умавий халифаси Абдулмалик ибн Марвон давригача алифбо тартиби бўлган, ундан бошлаб ҳуруфул ҳижо тартиби – “ترتيب حروف الهجاء” истеъмолга кирган. Ҳуруфул ҳижо ҳозир биз муаллими сонийда ёдлаган алифбодир.
Абжад тартиби, аслида, алифбо ҳарфларини осонгина эсда сақлаш учун тузилган бўлиб, абжад калималарининг маълум маъноси йўқ. Шунинг учун луғат титиб, овора бўлмаслик керак..!
Абжад калималари қуйидагилардир:
١) أَبْجَدْ – абжад
٢) هَوَّزْ – ҳавваз
٣) حُطِّي – ҳуттий
٤) كَلَمَنْ – каламан
٥) سَعْفَصْ – саъфас
٦) قَرَشَتْ – қорашат
٧) ثَخَّذْ – саххоз
٨) ضَظَغْ – дозоғ
Бу номланишни арабчадан ўзбекчага транслитерация қилишнинг ўзи бироз ғалати, чунки арабий ҳарфлар берадиган товушлар билан бизникилар мутлақо фарқ қилади.
Юқоридаги 8 калимадаги ҳар бир ҳарф – бирлик, ўнлик, юзлик ва охирги ҳарф 1000 да тугайди – сон қийматига эга. Жадвалга қараб, чапдан ўнгга қараб ўқийсиз.
Келинг, абжадга доир мисол ишлаб кўрамиз:
Масалан,
بسم الله الرحمن الرحيم
калимасини олайлик. Аввал унинг сонларда ифодаси, сўнг умумий йиғиндисини кўриб чиқамиз:
ب – 2
س – 60
م – 40
ا – 1
ل – 30
ل – 30
ه – 5
ا -1
ل – 30
ر – 200
ح – 8
م – 40
ا – 1
ن – 50
ل – 30
ر – 200
ح – 8
ي – 10
م – 40
Энди шу сонларнинг умумий йиғиндисини ҳам билиб олсак:
2+60+40+1+30+30+5+1+30+200+8+40+1+50+30+200+8+10+40=786
786 сизга таниш рақам эмасми?🙂
Абжад шеъриятдаги тарих санъати учун ҳам қўлланилади. Бунда адиб, байт ичида, маълум жумла келтиради ва жумлани абжад ҳисобига чаққанда, асарнинг ёзилган тарихи, байтларининг сони, қайси воқеа олдидан ёзилгани ва ҳаказолар келиб чиқади. Биз Олий маъҳадда буни, “Туҳфатул атфол” ва “Муқаддиматул Жазарий” матнларининг хотимасини мисол қилиб ўрганамиз.
“Туҳфатул атфол”дан мисол:
“تاريخها – “بشرى لمن يتقنها
Юзаки маъноси – “уни эсда сақлаш – пишиқ ёдлаган киши учун суюнчидир”
Аммо, абжад ҳисоби-чи?
” بشرى لمن يتقنها”-
1198 га тенг бўлиб, мисра маъноси:
“Асарнинг ёзилиш тарихи -1198 йилдир”, дегани.
Мумтоз адабиётимизда ҳам бунга мисоллар талайгина. Кейинги мақолаларда миллий адабиётимиз ва классик усмонли шеъриятидан мисоллар келтирамиз.
P/c:
Википедиадан ўзбек тилидан бошқа тилда фойдалана олмаслик – интернетдан, википедиадан маҳрумлик эканига яна бир бор амин бўлдим. Ўзбек тилида “абжад ҳисоби” деб қидирмасликни тавсия қиламан, изоҳлар жуда қисқа, саёз ва бунинг устига тўғри берилмаган.
Ҳаволада туркча биладиганлар учун абжад ҳақида ажойиб илмий мақола👇
https://islamansiklopedisi.org.tr/ebcед
ТИИ Таҳфизул Қуръон кафедраси
ўқитувчиси Робия Нажмиддинова