Абу Мусо Исо ибн Аббон Ироқ фақиҳларидан бўлиб, Имом Муҳаммаддан фиқҳ илмини ўрганган. Исмоил ибн Жаъфар, Яҳё ибн Закариё ва бошқалардан ҳадис ривоят қилган. Ҳижрий 210, милодий 825 йил Бағдоднинг жанубий-шарқий томонига қози этиб тайинланади. 211/826 йил Басра қозилигидан Исмоил ибн Ҳаммод четлатилгач, Исо ибн Аббон қози этиб тайинланади. Аллома жуда ҳам саховатли, ўта зукко, ҳукмларни тезда амалга оширадиган иффатли фақиҳ бўлган. Қозилик лавозимида ўн йил ишлаган. Қози бўлишдан олдин молдор кишилардан бўлган. Аллома 221/836 йил вафот қилган ва фарзандларига бирор нарса ҳам мерос қолдирмаган. Алломанинг “Ал-Ҳаж” номли китоби машҳурдир.
Имом Таҳовий: Қози Абу Хозимнинг “Мен ўхшашни орзу қилган Исо ибн Аббон ва Муҳаммад ибн Самоадан ўзга бирор кишини кўрмадим. У иккисидан кўра тавозуъли кишини ҳам кўрмадим, деганини” айтган.
Ҳилол ибн Яҳёдан “Исо ибн Аббон қози бўлган вақтдан бошлаб ундан кўра фақиҳроқ кишини кўрмадим”, дегани ривоят қилинади.
Аллома Басрага қози бўлган кезларда қуйидаги ҳодиса рўй берган. Масжидга кирмоқчи бўлиб турганда бир аёл унга: “Эй қози! Менинг ишим борасида Аллоҳдан қўрқ, менга ҳукм чиқаришдан олдин менинг ишим ҳақида фақиҳлар ва Ҳилол ибн Яҳёдан сўра”, деган. Аллома унга: “Эй аёл! Бизнинг Ҳилол ибн Яҳёга муҳтожлигимиз йўқ”, деб айтган.
Алломанинг фақиҳ бўлиши ҳақида Муҳаммад ибн Самоадан қуйидагилар ривоят қилинади: “Исо ибн Аббон юзидан нур ёғилган чиройли киши эди. Биз билан намоз ўқир эди. Мен уни имом Муҳаммаднинг ҳузурига бориб фиқҳ илмидан тинглашини сўрадим. Исо ибн Аббон: “Улар ҳадисга хилоф қиладилар-ку”, деди. Исо ибн Аббоннинг ўзи ҳадисни яхши ҳифз қилган, яхшигина муҳаддис эди. Имом Муҳаммаднинг дарс мажлиси бўладиган куни биз билан бирга бомдод намозини ўқиди, токи биз билан мажлисда ўтирмагунча ундан ажрамадим, қўярда-қўймай уни ҳам биз билан бирга ўтиришга кўндирдим. Имом Муҳаммад дарс айтиб бўлгач унга яқинроқ бориб, “мана бу биродарингнинг ўғли Исо ибн Аббон бўлади. У жуда ҳам зийрак ва ҳадисдан ҳам анча хабари бор. Уни ҳузурингизга таклиф қилсам у менга: “Сизлар ҳадисга хилоф қиласизлар” деб, келишдан бош тортмоқда” дедим. Шунда имом Муҳаммад унга юзланиб: “Эй толиб! Бизнинг қайси ҳадисга хилоф қилганимизни кўрдинг, токи биздан бирор нарса эшитмагунингча бизга нотўғри гувоҳлик берма”, деди. Исо ибн Аббон Имом Муҳаммаддан ўша куннинг ўзидаёқ йигирма беш боб ҳадис сўради. Имом Муҳаммад унинг барчасига, ундаги носих ва мансухлари билан далили ва воқеъ бўлиш сабабларигача келтириб жавоб берди. Исо ибн Аббон имомнинг олдидан чиққандан сўнг менга юзланиб: “Мен ва нур ўртасида парда бор экан, у мендан кўтарилди. Мен Аллоҳ Таолонинг мулкида бу кишидек изҳор қиладиган бандаси бор деб ўйламагандим”, деди ва имом Муҳаммадни қаттиқ лозим тутиб, фиқҳ илмини ўрганди”, деган.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари
кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев