Аллоҳ таоло Каломи мажидида: “Тонгга қасам, ўн кечага қасам…” деган (Фажр, 1-, 2). Саҳиҳ қавлларга кўра, оятдаги ўн кечадан мурод зулҳижжа ойининг аввалги ўн кечасидир.Оятда мазкур ойнинг ўн кечаси билан қасам ичилиши ўша кечаларнинг қадри баланд эканидан дарак беради.
Зулҳижжанинг аввалги ўн кунлиги фазилати ҳақида ҳадисларда ҳам алоҳида таъкидланган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ учун ушбу ўн кунликда қилинадиган солиҳ амаллардан кўра севимлироқ амал йўқдир”, дедилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилиш ҳамми?” деб сўралди. У зот: “Ҳа, Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилиш ҳам. Фақат бир киши ўз жони ва моли билан чиқиб, ундан бирон нарсасиз қайтиб келса, бундан мустасно”, дедилар” (Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Доримий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти. Ривоят лафзи Абу Довудга тегишли).
Ҳадисдаги “ўн кунлик” зулҳижжа ойининг ўн кунлигидир. Бу нарса бошқа ривоятларда аниқ айтилган. Жумладан, Ибн Ҳиббон ва Абу Авона келтирган ривоятда “Аллоҳ даргоҳида зулҳижжанинг ўн кунидан афзал кунлар йўқ”, дейилган.
Бу ўн кунликда солиҳ амалларга тарғиб қилинишидан мақсад шуки, ундаги амаллар Аллоҳ учун энг севимли саналади. Бунинг ҳикмати ва сабаби ёлғиз Аллоҳгагина маълум. Бандалар буюрилган ишни адо қилишлари билан кўп мукофот ва савобларга эришадилар. Биз Зулҳижжанинг аввалги ўн кунлиги афзал кўрилишидан кўзланган ҳикмат борасида шуни айтамизки, ўша кунларда ҳожилар ҳаж амалларини бажараётган бўладилар, кунларнинг энг улуғи Арафа ва Қурбон ҳайити ҳам айнан шу ўн кунлик ичидадир. Шу сабаб бу вақтда қилинган амаллар Аллоҳ учун энг маҳбуб саналади.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Дунё кунларининг энг афзали ўн кунлик (яъни зулҳижжанинг ўн куни)дир” (Баззор ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Уламолар зулҳижжанинг ўн кунлиги афзалми ёки рамазоннинг охирги ўн кунлиги афзалми, деган масалада ихтилоф қилишган. Аллома Ибн Қаййим бу борада қуйидаги фикрни билдирган: “Рамазоннинг охирги ўнлигининг тунлари зулҳижжанинг аввалги ўн кечасидан афзалдир. Зулҳижжанинг аввалги ўн куни рамазоннинг охирги ўн кунидан афзалдир. Арафа ва қурбонлик қилинадиган кун сабабидан зулҳижжанинг аввалги ўн куни афзал. Лайлатул қадр сабабидан рамазоннинг охирги ўн туни афзал саналади”.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ойларнинг саййиди – рамазон, уларнинг ҳурмати энг баланди – зулҳижжадир” (Байҳақий, Баззор ва Ибн Асокир ривояти. Ривоят санади заиф).
Уламолар рамазон ойи зулҳижжадан афзаллигини айтишган. Аслида ой ёки амаллар бир-биридан устун бўлади. Масалан, намоз рўзадан афзал. Бироқ бир кун рўза тутиш икки ракат намоздан яхшироқ.
Доримий ва Байҳақий саҳиҳ санад билан келтирган ривоятда айтилишича, Саид ибн Жубайр зулҳижжанинг ўн кунида ибодатга жидду жаҳд билан киришар, бошқа вақтда қилмаган саъй-ҳаракатини айнан шу ўн кунликда қиларди.
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом хатиби,
модуль таълим тизими талабаси Суфиев Жаъфархон