islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Саломлашиш одоблари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳақиқатан, ҳар бир ота-она фарзандига тарбия-одоб берар экан, энг аввало, саломлашишни ўргатади. Жаҳонда одобнинг бу жиҳатига эътибор бермайдиган бирор миллат ёки халқ йўқ. Бежизга доно халқимиз «Гапнинг боши – калом, одоб боши – салом», демаган.

Бирор нотаниш киши билан кўришиб-танишмоқчи бўлсангиз, салом беришингиз билан гап-гапга қовушади, ўртадаги бегонасираш, ноқулайлик барҳам топади. Ҳатто мухолифингизнинг ҳузурига «Ассалому алайкум», (Сизга тинчлик-омонлик бўлсин) деб кирсангиз, у жаҳлидан тушади, кеки йўқолади, кўнгли сизга мойиллашади. Саломлашишнинг савоби, бунга бериладиган ажр-мукофотлар-ку, ҳаммасини босиб кетади.

Абдуллоҳ ибн Аббос: «Ҳар бир нарсанинг ниҳояси бор, саломнинг ниҳояси баракотдир», деганлар. Хабарларда келишича, энг яхши амал очларни тўйдириш ва таниган-танимаган кишига салом беришдир.Салом бериш ва алик олиш хусусида ахлоқ-одобимизнинг қуйидаги бир қанча кўрсатмалари бор:

«Аввал салом, кейин калом» (яъни бошқа гап-сўзлар).

«Салом бермагунича, бировни таомга чақирманглар»

Саломга алик олиш мақбул бўлмаган ўринларда салом бериш макруҳ саналади. Қуръон ўқиётганга, намоз ўқиётганга, азон ёки такбир айтаётганга, ҳаммомда ювинаётган кишига, ҳожатхонада ўтирганга, номаҳрам аёлларга, оғзида таоми бўлган кишига, ухлаётганга, дуо, хутба ўқиётганга, ҳажда «Лаббайка» айтаётган эҳромли кишига салом бериб бўлмайди.

Қўл бериб кўришганда, кафтни кафтга қўйиб, икки қўллаб кўришилади, узрли ҳолатлардагина бир қўллаб кўришса бўлади.

Узоқ кўришмаганда ёки яқин кишиларникига меҳмонга борганда, эркакларнинг қучоқлашиб кўришишлари мақбул. Бунда бир-бирини аввал ўнг кўкракка, кейин чап кўкракка босилади. Сўнгра қўл беришиб, ҳол-аҳвол сўралади.

Аммо айрим кишилар ўртасида урфга кирганидек, оғиз-бурун ўпишиб кўришиш одобимизга мутлақо зиддир. Кўп замонлар кўришмаганда пешона ёки бошдан ўпса бўлади.

Олимлар, фазилатли кишилар, улуғ устозларнинг қўлидан ўпиш мумкин. Ёш болаларни бағрига босиб, эркалатиб, пешона ёки бошидан ўпса бўлади.

Номаҳрам аёллар билан қўл бериб кўришилмайди.

Инсонлар бир-бирлари билан саломлашишларининг тарихи жуда қадим замонларга етиб боради, хусусан унинг “Салом” сўзи билан бўлган ифодаси кўҳнадир.

Аллоҳ таоло салом сўзини биринчи бўлиб, башарият отаси Одам (а.с.) ҳаёт тарзларига киритган эди. Бу ҳақда Имом Бухорий ва Имом Муслим (рҳ.)лар Пайғамбар (а.с.) ривоят қилган ҳадисларида, Расулуллоҳ (сав) марҳамат қилиб айтдилар:

 خلق اللهُ عَزَّ وَ جَلَّ آدَمَ عَلىَ صُورَتِهِ ، طُولُهُ سِتُّونَ ذِرَاعًا ، فَلَمَّا خَلَقَهُ قَالَ : إِذْهَبْ فَسَلِّمْ عَلىَ اُولَئِكَ ، نَفَرٍ مِنَ الْمَلاَئِكَةِ ذُرِّيَّتِكَ : فَقَالَ : اَلسَّلاَمُ عَلَيْكُمْ ، فَقَالُوا : اَلسَّلاَمُ عَلَيْكَ وَ رَحْمَةُ اللهِ ، فَزَادُوا : وَرَحْمَةُ الله فَكُلُّ مَنْ يَدْخُلِ الْجَنَّةَ عَلىَ صُورَةِ آدَمَ فَلَمْ يَزَلِ الْخَلْقُ يَنْقُصُ بَعْدُ حَتىَّ الْآنْ

яъни: “Расулуллоҳ (сав): Аллоҳ таоло Одам (а.с.)ни ўз суратида (яъни, унга ўзида бор бўлган “тирик, билувчи, эшитувчи, кўрувчи, сўзлашовчи” каби сифатларни ато этиб яратди ва бўйларини олтмиш зироъ (газ) қилди. Яратиб бўлгач, у кишига “Анави ўтирган бир нафар фаришталарнинг олдига боргинда, салом бергин, сўнг уларнинг сенга берадиган алигини яхшилаб эшитиб олгин, чунки бу сенга ва сендан тарқаладиган зурриётларингга йўлланган салом бўлади!” – деди. Одам (а.с.) бориб, “Ассалому алайкум (Сизларга салом!)” – дедилар. Фаришталар: “Ассалому алайка ва раҳматуллоҳи! (Сенга ҳам салом ва Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!” – деб алик айтишди, сўнг яна “Ва раҳматуллоҳи факуллу ман ядхулул жанната ала сурати Одам! (Жаннатга Одам суратида кирадиган барча инсонларга ҳам Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!)” – деб қўшиб қўйишди. Шу вақтдан бошлаб ҳозиргача инсонларнинг хилқати (табиати, қиёфаси, бўй-басти) камайиб бормоқда”. Ҳақ таоло Салом бериш ва саломга қайтариладиган алик чиройли суратда бўлиши ҳақида марҳамат қилиб айтади:

وَإِذَا حُيِّيتُمْ بِتَحِيَّةٍ فَحَيُّوا بِأَحْسَنَ مِنْهَا أَوْ رُدُّوهَا

سورة النساء/86

яъни: “Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз…”.

Саломлашиш инсонлар ўртасида ўзаро тотувлик, дўстлик, бирдамлик ва муҳаббат ришталарини мустаҳкамлашини ҳар бир оқил инсон яхши билади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло жанннат аҳли ўрталаридаги ва малоикалар билан бўладиган сўрашишлари салом билан бошланишини ихтиёр қилган. Уламои киромлар салом бериш суннатга мувофиқ савобли амаллардан бўлиб ҳисобланади ва унга жавоб қилиш фарз бўлади, саломга алик қайтарилмаса, тарки фарз қилинган бўлиб, гуноҳкор бўлади, деб айтишади.

Бир неча ўрин ва ҳолатларда салом бериш ва алик қайтариш жоиз бўлмайди:

Салом берилган киши қазойи ҳожатда бўлса, унга салом бериш ҳам ва саломга алик қайтариш ҳам макруҳ;

Шу каби Салом берилган киши намоз ўқиётган ёки азон айтаётган бўлса, унга ҳам салом бериш жоиз эмас. Намоз ўқиётган киши “алайкум” деб жавоб қилса, намози бузилади;

Уйқуда ёки мудроқда бўлган кишига ҳам салом берилмайди;

Салом берилган киши таом танавул қилаётган бўлса ва таом оғзида бўлса унга ҳам салом берилмайди ва жавоб ҳам қилмайди. Агар луқма оғзида бўлмаса, салом бериш мумкин ва саломга жавоб қилиш фарз бўлади;

Қуръони карим тиловат қилаётган кишига ҳам салом бериш жоиз эмас, агар салом берилса, унга жавоб қилиб, сўнгра Қуръонни ўқишда давом қилади. Дуо қилаётган , эҳромда талбия “Лаббайкаллоҳумма” айтаётган кишига ҳам салом бериш ножоиздир.

Салом бериш одоблардан яна бири, инсон ҳеч ким бўлмаган хона ёки уйга кирса ҳам “Ассалому алайкум Аҳлал байти ва раҳматулллоҳи ва барокатуҳу” деб салом бериб кириши мақсадга мувофиқдир. Бу ҳақда Жаноби Расуллуллоҳ (сав) Анас (рз.)га айтган ҳадисларида марҳамат қилиб айтганлар:

 ياَ بُنِىَ إِذاَ دَخَلْتَ عَلىَ اَهْلِكَ فَسَلِّمْ تَكُنُ بَرَكَةً عَلَيْكَ وَ عَلىَ بَيْتِكَ

 رواه الترمذى

яъни: “Эй ўғилчам! Аҳли-аёлинг ҳузурига кирадиган бўлсанг, салом бергил! Саломинг шарофати билан сенга ва оила аъзаларинга Алллоҳнинг баракоти нозил бўлади”.

Аллоҳ таоло барчаларимизга Исломнинг макоримул аҳлоқ борасидаги беназр бебаҳо йўл-юриқларига, гўзал одоб-ахлоқларга амал қилишимизда ва азиз фарзандларимизни ҳам юксак маънавият соҳиби этиб тарбиялашимизда улкан муваффақиятлар ато қилсин! Омин.

 

Тошкент ислом институти талабаси

  1. Қодиров Абдулбосит
411690cookie-checkСаломлашиш одоблари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: