islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

«Ҳаққаст рост» ҳақидаги гаплар ҳақростми ёки тўқима

الحمد لله و الصلاة و السلام على رسول الله و على آله و صحبه و من والاه. أما بعد:

ёхуд

Ҳадисга саҳиҳ ё заиф ҳукмини беришда илм аҳли ўртасидаги ихтилоф. Уларга доир сабабларнинг илмий-амалий баёни.

Ҳар бир халқнинг дини, этник шаклланиши, географик жойлашуви ҳамда ҳаёт тарзи таъсирида юзага келган ўзига хос миллий анъана, урф-одатлари мавжуд. Айни шулар ўша халқнинг минталитетини ҳам ифода этади. Бу тушунчалар ўз олтин ўрталигидан қизил чизиқ томон силжиб боргани сари улар “ирим”га айланади. Ирим-сиримлар чегара чизиғига қанчалик яқин келгани ёхуд уни босиб ўтганига қараб, уларни бидъат ёки хурофотлар деб аташ мумкин. Бу эса уламолар ёқламайдиган ва ақли расо ҳеч бир киши оқламайдиган хавфли ҳудуддир. Ушбу мақола асносида халқ орасида машҳур бўлган одат «ҳаққаст рост» ҳақида сўз юритамиз. Кўпчилик кишилар бу иборани ҳадис деб эътибор қилади. Камина, бандайи фақир, мазкур мавзуни илм мажлисларидан бирида ушбу иборага доир бўлиб ўтган музокаранинг баёни билан ёртиб беришга ҳаракат қиламан. Сиз ўқувчиларга баҳс(тадқиқот) ва ундан кўзланган мақсадимиз тушунарли бўлиши учун баъзи ўринларда илмий маълумотларни ҳам илова қилиб ўтишга ижозат берасиз.

Мавзумиз “қаҳрамони” бўлиб турган иборанинг ҳадис экани ёки бу нисбат нодурустлиги борасида бир мажлисда илмий муноқаша бўлди. Бу борада бир тарафдан ҳофиз Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳнинг шунга доир “тўқима”, “асли йўқ” ҳамда “ботил” деган хулосалари нақл қилинса, ҳадисга “асли бор”, “ҳасан”, “санади қуёшнинг ёғдуси каби равшан” деб ҳукм берган ва уни ўз китобларида келтирган иккинчи томон илм аҳлларининг эътирозига сабаб бўлди. Шундан келиб чиқиб, бир савол туғилади: «ҳадисга саҳиҳ ёки заиф ҳукмини беришда илм аҳлининг ихтилофи қандай ўрганилади ва унинг сабаблари нима?». Аслини олганда сиз азилар ўқиб турган мақоланинг ёзилишига ҳам шу саволлар туртки бўлди.

Биринчи ўринда бу каби масалалар ва шунга ўхшаш хабарларда олимлар томонидан тақдим қилинадиган хулосаларнинг нима учун ихтилофли бўлишини билиб олишимиз зарур. Хўш?! Сабаб – тасҳиҳ ва тазъиф синоати билан боғлиқ. Ҳадисга ҳукм бериш масаласига бориб тақалади. Шу ўринда: «саҳиҳ ҳадислар қаердан олинади? Уларнинг манбаси қайси китоблар? каби саволларга ҳам аниқлик киритиб ўтсак. Шунда юқоридаги кўрсатган сабабимиз ҳам янада ойдинлашади. ҳадис илмининг олим, имомлари томонидан айтилган умумий гапга кўра, «Саҳиҳи Бухорий» ва «Саҳиҳ Муслим» китоблари саҳиҳ ҳадисларни топишдаги биринчи даражали асл – манбалар бўлса, ундан кейин Насаъий, Ибн Ҳиббон, Ибн Ҳузайманинг китоблари, кейинги ўринларда эса сунанлар ва ундан сўнг муснадлар тартиб топади. Биз ўрганаётган акса уриш билан боғлиқ хабар юқоридаги усули ситтада ҳам унинг «мулҳақот»ларида ҳам тахриж қилинмаган. Лекин бу хабар бундан бошқа саҳиҳ топилиши мумкин бўлган ҳадис китобларининг бир нечтасида келтирилган.(Қуйида Абу Яъло ўзининг «муснади»да қилган ривоят тақдим қилинади). Шунинг учун ҳам уламолар ўртасида: «бу мақбуллик шартлари топилган ҳадисми ёки у мардуд хабарми?», деган саволлар доирасида ихтилоф юзага келган.

عن أبي هريرة قال : قال رسول الله ـ صلى الله عليه و سلم : » من حدث حديثا فعطس عنده فهو حق.«

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким сўз сўзласа-ю, унинг олдида акса урилса, демак унинг гапи рост экан».

Имом Нававий ушбу ҳадисга мақбул деб ҳукм берган. У кишига эргашган имом Суютий ҳам санад эътиборидан мақбуллигини қўллаган. Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний ҳам шайхлари ҳофиз Хайсамийнинг “مجمع الزوائد”ига ёзган зиёдаси “المطالب العالية”да ҳам Абу Яълонинг муснадидан биз юқорида келтирган ривоятни тахриж қилган. Лекин мақбул ёки мардудлиги борасида сўз очмаган. Булариннг бари наздида ҳадиснинг мақбуллиги устун келган олимларнинг ҳолати ҳисобланади.

Мардуд деганлар кимлар?!

Уни қўллаётганларнинг илмий залвори қай даражада?

Демак, мардуд борасидаги далиллар ўқувчилар учун қониқарли бўлишини ўйлаб, эътиборли муҳаддисга тўхталамиз. Бу – ҳофиз Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳдир. Мазкур ўринда у зот ровийлар ҳолати, хусусан, Бақийя ва Абдуллоҳ ибн Жаъфар мадиний ҳақида тўхталиб ўтган. Ҳофиз бу ривоятни санад эътиборидан заифга чиқарган. Фазоилул аъмаллар борасида ҳам қабул қилишга ярамайдиган даражада деб ҳукм берган.

Ўрганаётган хабаримизнинг мақбул ҳамда мардудлик тарафини кўриб чиқдик. Шу ўринда муҳим бир мулоҳазани ҳам музокара майдонига ташлашимиз керак:

«Гарчи баъзи аҳли илмлар бу хабарни санади эътиборидан мақбул деган бўлсалар ҳам, матни жиҳатидан шоз, шариатнинг куллий қоидаларига номувофиқ эканини кўп маротаба такрорлаб, таъкидлаб келишган.

Устига-устак қачондан бери хабарнинг рост ёки ёлғон эканини аниқлаш аксириш билан белгиланадиган бўлди?!

Айтинг-чи, кашф, илҳом билан шаръий далил собит бўлишининг бошланғич нуқтаси қайси асрга тўғри келади?!

Иш шу билан битадиган бўлса, бундан чиқди фосиқ, учига чиққан ёлғончи кишилар даврасида акса урилиши уларнинг сидқига, гапининг омонатига далолат қиладими?!

Балки ўша мажлисда фаришталар ҳам иштирок этишар?!

Бу каби ҳолатларни ҳатто ҳиссий мезон ҳам қабул қилмайди. Шундай экан бу хабар матни шоз, унинг ўзи ботил. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилиши ножоиздир!!!».

Ҳадисларни тадқиқ қилиб ўрганиш, тўқималарини аниқлаш борасида Ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳнинг моҳирлигини эътиборга олинса ва мавзу ҳадисларни аниқлашга доир белгилаб берган қоидалари атрофлича ўрганиб кўрилса, у кишининг бу борадаги пешқадамлиги яққол намоён бўлади. Айниқса, бунга доир баҳслар билан “المنار المنيف” китобида батафсил танишиш мумкин. Қолаверса, ибн Аррок, ибн Жавзий, ибн Қоййим, имом Суютий, мулла Али Қорий, кейингилардан Абдулҳай Лакнавий ҳаммалари бор гапдан, тасаҳул, ташаддуд – баридан хабардор бўлишган. Ишнинг миридан-сиригача шу қадар хабардор бўлган киши ибн Қоййимнинг гаплари анчайин тош босишини тушуниб етади. Мулла Али Қорий الموضوعات الكبرىда бунга алоҳида тўхталиб ўтган. Бироқ ихтилоф борлиги аниқ бўлганидан таъйинли хулоса бермаган.

Масалага бир тарафдан қараётган кишилар ёки ҳадис илмига энди қадам қўйган толиби илмларнинг хаёлига, санади дуруст бўлса, шунинг ўзи етарли эмасми? шаклидаги жумбоқ ўйлов келиши мумкин. Уларга қарата айтамизки, ҳамма иш санаднинг ўзи билангина битиб кетаверганидами..! Ғарониқ» воқеаларида ҳам санад эътиборидан мақбул тоифага киргизиб Ғарониқ воқеасини исбот қилган зотлар анчагина паллани оғир келади. Лекин муҳаққиқ уламолар буни рад қилишгани санаднинг ўзигина кифоя эмаслигига яққол далилдир.

Энди баҳс қилаётган масаламизга қайтсак. Келинг, акса уриш борасидаги хабарни мақбул деган замонамиз уламоларига мурожаат қилсак. Бу ўринда «Ғуморийлар» оиласига юзланамиз. Улар ҳофизлар оиласи бўлиб, бу муборак оила вакили мағрибул ақсо ҳофизи шайх Аҳмад Сиддиқ Ғуморий ҳам мақбул томонни қўллаб-қувватлаган.

Мана баҳсни ҳам бақадри ҳол баён этишга ҳаркат қилдик. Шу ўринда бир қоидани эслатиб ўтмоқчиман: демак икки томондан бири танланса, албатта, далилга суяниш зарур. Фақат бир тарафнинг хулосаларини нақл қилиб, иккинчи томонни қорадай кўрсатиш қосирлик бўлади. Шунинг эътиборидан мақбул ҳамда мардуд ҳукмини берган ҳар икки тоифа вакилларининг гаплари билан танишган бўлдик. Бу каби вазиятларда толиби илмлардан хушёрлик талаб этилади. Демак, ҳадис муснадларда келди, дегани доим ҳам унинг саҳиҳлигини англатмас экан. Мисол учун айтайлик, улуғ саҳоба Абдурраҳман ибн Авф розияллоҳу анҳунинг жаннатга эмаклаб кириши ҳақидаги хабар ҳам имом Аҳмаднинг муснадида келган. Минбарларда, мавъизаларда кўп такрорланади. Эл ичида машҳур хабар. Лекин воқеанинг «жаннатга эмаклаб киради» деган қисми мункар эканини имом Аҳмад, гарчи муснадида келтирса ҳам, айтиб ўтган. Имом Саховий ҳадис илми ҳақида фатволари йиғилган «الأجوبة المرضية» китобида бунга алоҳида тўхталиб, бу қисмнинг маъноси шоз экани ва шариатнинг куллий қоидаларига тўғри келмаслигини айтиб ўтган. Ибн Қоййимнинг гаплари устунлигини юқорида таъкидлаган пайтимиз айни шу меъзонга таянган асосларга суянгандик.

Лекин шу ўринда бир нарсани ёддан чиқармаслик керакки, ҳадис илми синоати деган тушунча бор. Бу илмда моҳир бўлиш, ундаги моҳирларнинг гапи оғир келиши бу – тарозининг бир палласи. Хусусан, Жалолиддин Суютий роҳимаҳуллоҳнинг Ибн Жавзий «Мавзуотлар»ига қилган хизматлари, ундаги кўп мавзуъ, асли йўқ деб ҳукм берилган хабарларни асли борга чиқаришлари илм аҳлига маълум. Бу ишнинг кўпида тўғри топган бўлса ҳам, баъзи ўринларда асли мавзуъ бўлганига мақбул ҳукмини бериб тасааҳул қилишини муҳаққиқ уламолар таъкидлашган. Масаланинг бу томонини ҳам эътиборга олиш зарур.

Хулоса шуки, албатта, олдин ўтган олимнинг бир асари кейин келган олим томонидан тахриж бўладими, таҳқиқ бўладими ёки бошқа кўринишдами ўрганилиши керак масала экан. Айтайлик, кимдир мавзуъ ҳадисларни йиғиб китоб ёзган бўлса, уларнинг бари ёппасига мавзуъ деб айтилмайди. Китоб битган зотлар маъсум эмас. Улар ҳам хато қилиши мумкин бўлган одам. Бу гап билан уларнинг қилган хизматлари, Ислом умматига келтирган беназир фойдаларини йўққа чиқариш, бекор дейиш ўйидан йироқмиз. Уларнинг хизматлари бошимиз устига. Уларнинг ҳаққига дуодамиз: Аллоҳ уларни яхшилик билан мукофатласин. Айтмоқчи бўлганимиз эса мана бу: Одам боласи борки, унинг гапларининг бир қисми қабул қилинса, маълум қисми тарк этилади. Билкул, сўзсиз қабул қилинадиган зот – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдир.

 

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи

фанлари кафедраси

Ўқитувчиси Халилуллоҳ Юсуф

416150cookie-check«Ҳаққаст рост» ҳақидаги гаплар ҳақростми ёки тўқима

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: