Институтимиз масжидида пешин намозини ўқиб дуо қилар эканман, Роббимдан намозимни қабул этишини ва Уни зикр қилишда, Унга шукр қилиб гўзал ибодат қилишда менга ёрдам беришини сўрадим. Сўнгра тилимга бирдан ушбу дуонинг зикри келди:
“Эй Роббим, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўзимиз қувонадиган нарса ҳадя этгин….”
Шунда бирдан тўхтаб қолдим. Чунки, дуойимнинг тартиби бузилди. Бу дуонинг тартиби ота-онам ва устозларим ҳаққига қилинадиган дуолардан сўнг эди. Гўё, ушбу тартибни ўзгариши, яъни ота-онамдан олдин аҳли оилам ва фарзандимни дуо қилишим, менга ғариб бир ҳисларни келтирдики, ичимдан бир нарса нидо қиларди: “Ҳаа, аёл ва фарзандинг ота-онангданда устун бўлдими..?!” … ва ҳоказо.
Ичимда, ростдан ҳам ота-онамга кам эътибор бериб, оилам билан бўлиб қолдимми деб тушкинликка тушдимда, Аллоҳга истиғфор айтдим. У дуони биринчи қилганим учун ўзимни бироз айбдор ҳис қилдим.
Пешинни ўқиб бўлиб, уйга қайтар эканман, идорамиз олдидан ўтдим. Тасодифан йўлда икки эркак ва бир ёш қиз тортишаётганига гувоҳи бўлдим. Қиз:
“Бўлди, билганларингизни қилинглар, чарчадим, бу ҳаётдан тўйдим”,-деб кета бошлади. У икки эркакдан бири: “У мен билан кетади”, деса, бошқаси:” Йўқ, мен билан кетади”,- деб бир-бирига бақириб, тортишаётган эди. Кейинчалик билсам, булар қайнота-куёв экан…
Бу тортишув ёш куёвнинг хотинига уч талоқ қўйишидан келиб чиққан эди. Ота: “Қизим мен билан кетади, сен талоғини бергансан”, деса, йигит: “Барибир ўзим билан олиб кетаман. Чиқ машинага”, деб туриб олди. Охири иш муштлашувгача борди. Тасаввур қиляпсизми…
Ортига қарамай, жаҳл устида кетаётган қиз муштлашувни кўриб, яна ортига қайтди. Уларни ажратишга ва тўхтатишга қанча уринмасин, қўлидан келмади. Атрофдаги инсонлар уларни қийинчилик билан ажратишди. Ота кўзида ёшлари билан (ушбу кўз ёшлар ҳали ҳам кўз олдимда, қалбимни қаттиқ ларзага солган эди, чунки, отанинг йиғиси қалбдан чиқар эди), жаҳл устида : “Қизим…агар у билан кетсанг, сен менинг қизим эмассан… сени оқ қиламан”,-деди.
Ҳалиги сўтак эса: “Ҳей.. Машинага чиқ деяпман сенга, тез бўл”,- деб қизга бақириб, қайнотасини итариб юборди.
Бу воқеага бир неча ой бўлган бўлсада, ҳозир ҳам қаттиқ бир изтиробда ёзяпман. Ўшанда, уларнинг ҳар бирини ҳолатига назар солиб, бу қиз у икки эркакнинг бирига фарзанд, бирига аёл эканлигини англаганимда, пешин намозидан кейин қилган дуойим ёдимга тушди…
“Эй Роббим, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўзимиз қувонадиган нарса ҳадя этгин….”
Шунда, аҳли оила ва фарзандлар кўзларнинг қувончи бўлиши нима эканини ва уни сўраш қай даражада муҳимлигини тушундим. Асли, Қуръонда келган ҳар бир дуо гўзал умр кечиришимиз учун ўта муҳимдир.
Тошкент ислом институти талабаси
Жавоҳир Абдураҳимов