islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Мир Араб олий мадрасаси янги бинога кўчиб ўтади

Бухоро вилоятидаги Мир Араб олий мадрасаси ва Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти фаолияти янада такомиллаштирилиб, моддий-техника базаси мустаҳкамланади ҳамда диний-маърифий соҳада малакали кадрлар тайёрлаш учун қўшимча шароитлар яратилади.

«Kun.uz»га маълум бўлишича, Бухоро шаҳри Пойи Калон мажмуасидаги моддий маданий мерос объекти ҳисобланган Мир Араб ва Сайид Амир Олимхон мадрасалари биноларига Мир Араб олий мадрасаси текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

Шунингдек, Бухоро шаҳри Абу Ҳавс Кабир кўчасида жойлашган Бухоро ихтисослаштирилган маданият мактаб-интернатининг бино ва иншоотлари тегишли ҳудуд билан биргаликда Мир Араб ўрта махсус ислом билим юртига бепул берилади.

Бухоро вилояти ҳокимлиги Мир Араб ўрта махсус ислом билим юртига зарур инфратузилма объектларини қуриш учун Бухоро шаҳар Абу Ҳавс Кабир кўчасидаги Бухоро ихтисослаштирилган маданият мактаб-интернатига туташ ҳудуднинг шимолий-ғарбий томонидан 1,4 гектар майдонни доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратади.

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ҳудудида барпо этиладиган инфратузилма объектларидан Мир Араб олий мадрасаси ҳам фойдаланади.

Мир Араб олий мадрасаси ва Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти бино ва иншоотларида амалга ошириладиган реставрация-тиклаш, қурилиш-таъмирла ва жиҳозлаш ишлари Ўзбекистон республикаси ҳузуридаги Алоҳида муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш дирекцияси маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан биргаликда Мир Араб олий мадрасаси хорижий давлатлар таълим муассасалари билан белгиланган тартибда ҳамкорлик ўрнатишида амалий ёрдам кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, Мир Араб олий мадрасаси 2017 йилнинг мартида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига ташрифи чоғида берган кўрсатмаси билан ташкил қилинганди.

kun.uz

48580cookie-checkМир Араб олий мадрасаси янги бинога кўчиб ўтади

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: