islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Меҳмоннинг мукофоти (сийлови) ҳақида

Ҳадиси шариф:

Абу Шурайҳ Адавийдан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деётганларини икки қулоғим эшитиб, иккала кўзим кўрган: “кимки Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, қўшнисини иззат қилсин. Кимки Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, меҳмонининг мукофотини икром билан берсин”. “Унинг мукофоти қандай бўлади, ё Расулуллоҳ?” – деди. Жавоб бердилар: “(Мукофоти) бир кеча-кундуз. Зиёфат (меҳмон қилиш эса) уч кун. Ундан ортиғи унга эҳсондир. Кимки Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, яхшиликни сўзласин ёки жим турсин!” (Имом Бухорий: ал-адаб ал-муфрад).

Изоҳ: Ҳадиси шарифда “меҳмоннинг мукофоти” ҳақида сўз боради. Унда меҳмонни зиёфат қилиш уч кун эканлиги таъкидланиши баробарида, унинг “мукофоти” бир кечаю бир кундуз эканлиги ҳам айтилди. Уламолар мазкур “мукофот”га шарҳ бериб айтадиларки, бундан мурод меҳмон келган куни бир кеча-кундуз давомида уни астойдил икром қилиш, меъёр даражасидаги қандайдир жисмоний машаққатни ўз устига олиб бўлса ҳам уни сийлаш, шунингдек, хонадон соҳибалари ҳам тансиқ таомлар пиширишда бор маҳоратларини ишга солишлари ҳамда меҳмонга камоли эҳтиром кўрсатиш лозимлиги каби нарсалар тушунилади. Меҳмоннинг мезбон уйидаги биринчи куни шундай алоҳида аҳамиятга эга бўлган кун ҳисобланар экан. Ундан уёғидаги икки кунда эса умумий, одатдаги зиёфат билан кутилади. Илк кеча-кундуздаги мазкур мукофот, меҳмоннинг ўз мезбон биродари устидаги ҳақларидан саналади. Қолган икки куни мустаҳаб, бордию меҳмондорчилик яна давом этадиган бўлса, ундан уёғи мезбон томонидан меҳмонга садақа ва эҳсон ҳисобида бўлади.

Меҳмонни икром этишга кўплаб набавий ҳадисларда тарғиб қилинади. Баъзи ҳадисларда “ليلة الضيف حق واجب على كل مسلم“ яъни “меҳмоннинг биринчи куни ҳар бир мусулмон зимамасида (биродарига нисбатан) вожиб бўлган ҳақдир!“, деган қатъий сўзлар билан ифода этилган (имом Бухорий: “ал-адаб ал-муфрад“). Шу боис, Имом Аҳмаддан келган бир ривоятда, Лайс ибн Саъднинг мазҳабида, Ибну-л-Қаййим, Ибн Ражабва бошқаларга кўра меҳмонни зиёфат қилиш (меҳмон қилиш) вожиб саналади ва у бир кеча-кундузни ўз ичига олади. Қолган икки кун ҳам меҳмон қилиш бу мукаммал зиёфат ҳисобланади.

Аммо, ҳанафий, моликий ва шофеийлардан иборат жумҳур наздида ҳамда Имом Аҳмаддан келган бир ривоятда мусофирни меҳмон қилиш вожиб эмас, балки, суннатдир. Яъни, жумҳур наздида мусофирни меҳмон қилиш суннат ва мустаҳаб маъносидаги ҳақлардан ҳисобланади.

Бироқ, имом Моликка кўра қачонки, меҳмон йўловчи бўлиб, уни манзилига етказадиган имкониятлари тугаб қолган бўлсагина уни меҳмон қилиш вожиб бўлади. Бундай меҳмон фиқҳий манбаларда “مجتاز“ (мужтоз) деган сўз билан фиода қилиниб, аслида у ерда қолиш ва муқим бўлиш учун келмаган, балки, қасд қилиб кетаётгани жойга бориш учун ўртадаги шаҳар ёки қишлоқларда тўхтаб ўтишга мажбур бўлган мусофир тушунилади.

Шунингдек, имом Моликка кўра ҳамда имом Аҳмаддан нақл этилган бир ривоятга биноан мусофирни уйига олиб кетиб меҳмон қилиш шаҳар аҳли зиммасида эмас, балки, қишлоқ аҳли зиммасидадир. Моликийя мазҳабининг шимолий Африка ҳамда Андалусияга тарқалишига сабабчи бўлган энг машҳур фақиҳларидан имом Саҳнун Танухийга кўра зиёфат фақат қишлоқ аҳли зиммасида бўлади, шаҳар аҳлининг эмас. Зеро, мусофир шаҳарга келса, албатта, меҳмонхона ёки карвонсарой топади. Бинобарин, бу ҳолатда меҳмонни мандубликка кўра зиёфат қилиш таъйин бўлади. Ва шаҳар аҳли зиммасига мусофирни меҳмон қилиш масаласи қишлоқ аҳли зиммасига тушганидек тушмайди. Имом Саҳнун бунинг сабабини қуйидаги икки иллатга боғлайди: биринчидан, бу ҳолат яъни шаҳарга мусофирлар кўп келиши такрор-такрор юз берадиган нарсадир. Агар шаҳар аҳли келган ҳар бир мусофирни меҳмон қилишни зиммасига олса, улар ҳеч қачон бу ишдан бошқа нарсага бўшолмай қоладилар. Қишлоққа эса шаҳардан мусофир бориши нодир ҳолатдир. Шу боис, бу борада уларга машаққат етмайди. Иккинчи сабаб шуки, мусофир шаҳарда албатта, маскан ва таом топа олади. Шундай экан, уни биров уйига олиб кетиб меҳмон қилмаганлиги туфайли катта машаққат етмайди.

Бироз мавзудан чекиниш қилган ҳолда, шуни айтиш жоизки, 160-ҳижрий санада туғилган яъни, саккизинчи милодий асрда яшаган олимнинг шаҳарда “فندق“ (фундуқ) ва “نزل“ (нузул) яъни, “меҳмонхона“ бўлиши ҳақида сўзлари кишини таажжубга солади ва ўша пайтларда ислом олами ва хоссатан Мағриб ва Андалусия шаҳарсозлик, маданият ва бошқа соҳаларда нақадар олдинлаб кетган бўлганлигини кўрсатади. Ўша даврдаёқ демак, шаҳарлар ва катта қишлоқларда мусофирлар учун меҳмонхоналар, работлар ва карвонсаройлар мавжуд бўлган. Бу сўзларни фақат буюк ўтмиши билан мақтаниб, ҳозирини унутиб қўйган кишиларга ўхшаб гапирмаяпман. Аслида бу ишни ёмон кўраман. Зеро, амаллар хотималарига қараб ҳақиқий эътибор қозонади. Аммо, барибир, ўша ўтмишда нимадир бор. Айниқса, шимолий Африкадаги қатор давлатларни ўз ичига олган араб Мағриби ўлкаларида маданият ва халқ санъати жуда юксак даражага чиққан. Европа ўзининг бугунги тараққиёти учун қайсидир маънода улардан қарздор десак, муболаға бўлмайди.

Яна ўз сўзимизга қайтадиган бўлсак, юқорида ўқиганларимиздан қуйидагиларни хулоса қилиш мумкин:

1. Мусофир меҳмоннинг сийлови бир кеча-кундуз бўлади. Мазкур сийлов ҳадисларда “жоиза“ яъни, мукофот, ато деган сўзлар билан ифодаланган. Бу сийлов ёки мукофот биринчи куни бор эътиборни меҳмонни икром этишга бағишлаш орқали рўёбга чиқади. Қолган икки кунда эса одатда ўз уйида нима пиширилса, ўша билан ортиқча такаллуф қилмасдан меҳмон қилинади.

2. Уламолар жумҳурига кўра, жумладан ҳанафий мазҳаби уламоларига кўра меҳмонни зиёфат қилиш вожиб эмас, балки, суннат ёхуд мустаҳаб саналади.

3. Мусофир меҳмонни уйига олиб кетиб меҳмон қилишни суннат ёхуд вожиб маъносида мусулмонларнинг бир-бирлари устидаги ҳақларидан деб ҳисобловчилар ҳам бу борада шаҳар аҳли билан қишлоқ аҳлининг ҳолатини алоҳида баҳолайдилар. Моликий ва ҳанбалийларнинг айримларига кўра бу иш шаҳар аҳли эмас, қишлоқ аҳли зиммасида таъкидлидир. Зеро, шаҳарга мусофир ва меҳмон келиши давомий ва такрорий ҳолат. Қишлоққа эса шаҳардан мусофир бориши камроқ учрайди.

4. Шаҳарлар билан қишлоқларда яшаш ва иш тизими қайсидир маънода бир-биридан фарқ қилиши туфайли шаҳарга келган мусофир қишлоқдагидек мукаммал кутиб олинмаса, бундан ранжимаслиги, балки, яхши гумонда бўлиши мақсадга мувофиқ. Негаки, шаҳарларда инсон хоҳласа-хоҳламаса иш бандаси бўлиб қолади. Агар ҳар сафар қайсидир таниши келганда уларни кутиб олишга чиқиб, ҳамма вақтини бағишлаб юрадиган бўлса, бирпасда ишидан айрилиши, оила, бола-чақа, ўқиш, иш, даволатиш каби воз кечиб бўлмайдиган харажатлар исканжасида қолиши мумкин. Шунинг учун шаҳарларнинг “меҳмондўстлиги“ бироз ўзгача кўриниш касб этган. Баъзилар, рисоладагидек меҳмон қила олмаганликларини ўзгачароқ кўринишларда ўрнини тўлдирадилар.

5. Айрим уламолар мусофир меҳмонни иззат қилиш борасида шаҳар билан қишлоқ аҳлини ажратганлари билан барибир, имкон бўлса, шаҳарга ташриф буюрган ҳар қандай мусофир меҳмонни икром этиш ва сийлаш динимизда улуғ саналган ишлардан, мусулмонларнинг олийжаноб хулқларидан ва Иброҳим алайҳиссаломдан қолган гўзал одатларимиздандир. Шунинг учун бунга бепарво бўлмаслик лозим. Ана шунда жамият вакиллари орасида меҳр-муҳаббат ришталари янада мустаҳкамланади.

6. Юқорида айтилган шаҳар ва қишлоқ аҳлининг меҳмондорчилиги борасидаги гаплар шахсан нотаниш бўлган мусофир меҳмонлар ҳақидадир. Агар бирор инсон билан ўртангизда қандайдир таниш-билишчилик, қариндошлик ёки қадрдонлик мавжуд бўлса, хоҳ шаҳарда туринг, хоҳ қишлоқда, келган ўша қадрдонингизни меҳмон қилиб, имкон қадар эътибор беришингиз (жумҳурга кўра) суннат маъносида зиммангиздаги ҳақдир ва бунда шаҳар ёки қишлоқда турганингизнинг фарқи йўқ, валлоҳу аълам.

“Тиллар” кафедраси ўқитувчиси
Алишер Султонхўжаев

Манба

65820cookie-checkМеҳмоннинг мукофоти (сийлови) ҳақида

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: