islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Устоз ва шогирдлар ҳақида

Отамиз Одам алайҳиссаломга илм ўргатган ва у илмни англаш учун, фаҳмлаш учун бизларга ақл берган Парвардигори оламга беадад ҳамду санолар бўлсин. Барча илмларни ўзларига мужассам айлаган ва у илмларни бизларга мерос қолдирган муаллимимиз, мураббийимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз дуруду саломлар бўлсин.

Аллоҳ таолонинг каломида ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида таьлим берувчи ва олувчи толиби илм ва узтози каримлар ҳақида хабар ва маьлумотлар келган.

Аллоҳ таоло биз мўминларга қарата шундай хитоб қилади:

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

“Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларнинг ва илм берилганларнинг даражаларини кўтарадир. Аллоҳ нима қилаётганларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси 11-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Динда фақиҳ бўлган инсон одамларнинг афзалидир. Агар унга ҳожат тушса, фойда беради. Агар беҳожат бўлсалар, ўзига фойда беради”,“Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, ўргатганларингиз”,“Аллоҳнинг китобидан кимики бир оят ўргатса, Қиёмат кунида ўша оят табассум чеҳрали ҳолатда инсонни кутиб олади”,“Менинг ўринбосарларимга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!” У зотдан сўрашди: Ўринбосарларингиз кимлар? “Суннатимни тирилтириб, уни Аллоҳнинг бандаларига ўргатган зотлар”,“Ким инсонларга таълим бериш мақсадида бир бўлим илм ўрганса, унга етмиш сиддиқнинг савоби берилади” деганлар.

Ийсо алайҳиссалом айтадилар: “Ким илм ўрганиб, унга амал қилса ва уни бошқаларга ўргатса, бутун осмон фаришталари орасида “Буюк…” деб чақирилади”.

Сафвон ибн Ассол розияллоҳу анҳу дедилар: “Албатта фаришталар толиби илмнинг илм талаб қилганидан миннатдор бўлиб, қанотларини унга ёзишади”

Имом Суютий раҳматуллоҳи алайҳи дейдилар: Илм аҳлини улуғлаганлари боисидан фаришталар илм талаб қилиб келган ҳар бир инсонни оёғининг остига ўз қанотларини ёядилар. Ва яна бирор ерда агар илм мажлиси бўлса, улар учишдан тўхтаб, мажлис аҳлига қулоқ соладилар ва қанотлари билан толиб илмларнинг бошлари узра қанотларини ёядилар.

Муҳаммад ибн Исмоил Таймий дейдилар: бир киши бу ҳадисни эшитиб, масхаралаб: Эй толиби илмлар, оёқларингизни кўтаринглар, яна фаришталар қанотини синдириб қўймайлик, деганида ўша заҳоти икки оёғи қуриб шал бўлиб йиқилиб қолди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Олимларнинг даражаси илм олмаган мўминларнинг даражасидан 700 даража юқоридир. Ҳар даражанинг ораси 500 йиллик йўлга тенг”.

Ислом динимиз бизларга ўзимизнинг ўқитувчиларимиз ва устозларимизга қандай муносабатда бўлишимиз, илм аҳлини ҳурмати қандай жойига қўйишимиз кераклигини ўргатади. Бугунги кунга келиб, мусулмон бўлиб ёки мусулмонларнинг фарзанди бўла туриб, ўзимизнинг устозларимиз, муаллимларимизга нисбатан ҳурматимиз, муомаламиз тамоман юз тубан бўлиб, жаҳолатга қараб кетмоқда. Ҳаттоинки айрим ота-оналар ўзларининг фарзандларининг гапига қулоқ солиб, илм нурини тарқатадиган устозларини, билимсизлик ботқоғидан қутқариб, илмли доно қилиб қўйган муаллимларини кўнгилларини синдириб кетадилар.

قَالَ عَلِيٌّ كَرَّمَ اللَّهُ وَجْهَهُ: “أَنَا عَبْدُ مَنْ عَلَّمَنِي حَرْفًا إنْ شَاءَ بَاعَ وَإِنْ شَاءَ اسْتَرَقَّ”

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу дедилар: “Менга бир дона ҳарф ўргатган кишининг қулиман. Хоҳласа мени сотсин, хоҳласа мени қул қилиб ишлатсин”.

Бизлар ҳам бизларга ва фарзандларимизга илм ўргатган устозларимизга мана шундай даражада таъзимда бўлишимиз зарур.

Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳи толиби илм устоз танлашда ушбу нарсаларга аҳамият беришини айтадилар: аҳли илмлар орасида энг олимини, парҳезкор ва тақводорроқ, ёши улуғ, юмшоқ кўнгил, сабр матонатли ва салобату виқорлик.

Устозга кўрсатиладиган одоблар қуйдагилар:

 Устоз келганда ҳурмати учун ўрнидан туриш

فَلَمَّا رَآى سَعْدَ بن مُعَاذٍ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، قَالَ لأَصْحَابِهِ : قُومُوا إِلَى سَيِّدِكُمْ

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Қурайзанинг амири Саъд ибн Муозни кўрганларида, саҳобаларга қараб: “Ҳурматли кишиларингиз келганда, ўринларингиздан туринглар” дедилар.

Устознинг олдида овозни баланд қилиб гапирмаслик

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَرْفَعُوا أَصْوَاتَكُمْ فَوْقَ صَوْتِ النَّبِيِّ وَلَا تَجْهَرُوا لَهُ بِالْقَوْلِ كَجَهْرِ بَعْضِكُمْ لِبَعْضٍ أَن تَحْبَطَ أَعْمَالُكُمْ وَأَنتُمْ لَا تَشْعُرُونَ

“Эй мўминлар, (токи қилган яхши амалларингиз) ўзларингиз сезмаган ҳолларингизда беҳуда-бефойда бўлиб қолмаслиги учун сизлар овозларингизни пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар ва унга бир-бирларингизга очиқ (дағал сўз) қилгандек очиқ-дағал сўз қилманглар”( Ҳужурот сураси 2-оят).

Мана шу ояти каримадан маълум бўладики, демак, ҳар бир мартабаси улуғ инсонлар олдида уларнинг овозларидан бизларнинг овозларимиз юқори ва қўпол оҳангда бўлмаслиги лозим. Булар аввало ота-онамизнинг ҳузурларида, устоз ва муаллимларимиз олдиларида, пири комил бирор авлиёуллоҳнинг олдида эҳтиёт бўлиб, овозларимизни уларнинг овозларига монанд оҳангда гапирмоқлигимиздир.

Устозга итоат қилиш

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ أَطِيعُواْ اللّهَ وَأَطِيعُواْ الرَّسُولَ وَأُوْلِي الأَمْرِ مِنكُمْ

“Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан бўлмиш иш бошиларингизга итоат этингиз!”(Нисо сураси 59-оят).

Устознинг назаридан қолмаслик

عَنْ أَبِى سَعِيدٍ الْخُدْرِىِّ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « اتَّقُوا فِرَاسَةَ الْمُؤْمِنِ فَإِنَّهُ يَنْظُرُ بِنُورِ اللَّهِ ».

Абу Саиьд ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминнинг фаросатидан қўрқинг, чунки у Аллоҳнинг нури ила назар солади” дедилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни Аллоҳ таоло ибодат қилганлар ва моли ва жони билан Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилган бандаларга: “Жаннатга киринглар” дейди. Шунда олиму муаллимлар: “Булар бизнинг илмимиз шарофати билан ибодат этдилар, хизмат қилдилар”, дейишади. Шунда Аллоҳ таоло айтади: “Сизлар Менинг ҳузуримда баъзи фаришталарим кабидирсизлар. Шафоат қилинглар, шафоатингиз қабул қилинади”. Олиму муаллимлар шафоатлари қабул бўлгач, жаннатга кирадилар” дедилар.

Аллоҳ таоло бизларни ана шундай улуғ ва шарафли мартаба ва даражаларга эриштирсин.

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
Абдуссомад Тожиддинов

Манба

66890cookie-checkУстоз ва шогирдлар ҳақида

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: