Ҳозирги кунда глобал муаммолардан бирига айланган ақидапараст оқим ғояларига қарши иммунитетни шакллантиришда мотуридия таълимоти тарихи, ривожланиш босқичларини ўрганиш алоҳида аҳамият касб этади. Чунки, бой миллий маънавий қадриятларнинг тарихини ўрганмай туриб, уларнинг бугунги ҳолатини таҳлил қилиш ва келажаги ҳақида фикр юритиш мушкил. Имом Мотуридий асос солган ақидавий таълимот ўз даврида халқни саросимага солган муътазила, карромия каби фирқа ғояларига қарши туриб бера олган. Мотуридий қарашлари бизгача олимнинг “Китоб ат-тавҳид”, “Таъвилот аҳл ас-сунна”, Абул Муъин Насафийнинг “Табсира ал-адилла”, “Баҳр ал-калом”, “ат-Тамҳид” асарлари орқали етиб келган.
Мазкур асарлар негизида кейинги давр олимлари соҳага доир турли ҳажмда асарлар битишган. Улар томонидан ёзилган китоблар ҳозиргача олимларнинг диққат марказида бўлиб келмоқда. Шундай асарлардан бири Умар Насафий томонидан ёзилган “ал-Ақоид” китоб бўлиб, унга араб, турк, форс ва урду тилларида шарҳлар битилган. Улар орасида Тафтазонийнинг “Шарҳ ал-Ақоид ан-Насафия” асари етакчи ўрин тутади. Чунки, ушбу китобга ёзилган изоҳ ва ҳошияларнинг аксарияти у шарҳ билан бевосита боғлиқ. Шундай шарҳлардан бири – XIX аср охирларида Шиҳобуддин Маржоний томонидан ёзилган “ал-Ҳикма ал-балиға” саналади.
Олимнинг илмий-маънавий меросига доир маълумотлар Заҳабий[1], Зириклий, Бағдодий[2] кабиларнинг асарларида учрайди. Олимнинг фалсафий қарашлари И.Камалов[3], М.Юсупов[4], А.Юзеев[5], Ф.Амрхон[6] каби тадқиқотчилар томонидан ўрганилган.
Маржонийнинг тўлиқ исми Шиҳобуддин Ҳорун ибн Баҳоуддин ибн Субҳон ибн Абдулкарим ибн Абдуттаввоб ибн Абдулғаний ибн Абдулқуддус ибн Ядаш ибн Ёдгор ибн Умар Маржоний (1233-1306/1818-1889)дир. Унинг боболаридан Абдулқуддус Қозондаги “Маржон” қишлоғига асос солганлиги учун олимнинг барча авлодига “Маржоний” нисбаси берилган. Шиҳобуддин Маржоний Қозоннинг Япанчи қишлоғида 1233/1818 йил туғилиб, 1889 йил 73 ёшда вафот этган ва Қозондаги қабристонга дафн қилинган. Бағдодийнинг “Ҳадия ал-орифин” асарида олимни 1223/1808 йил туғилган, деб келтирилган[7].
Олимнинг отаси Баҳоуддин ибн Субҳон (ваф. 1856) Бухорода таҳсил олган ва Бухоро амири Ҳайдар ибн Маъсумнинг қасридаги илмий халқаларда иштирок этган. Кейин юртига қайтиб келиб, дастлаб Япанчи, сўнгра Тошкичу қишлоғида дарс берган[8]. У дастлабки таълимни отасидан олиб, сўнгра ўз замонасининг машҳур шайхларига шогирд тушган. Ўша вақтда Қозон мадрасаларида араб тилидан Жомийнинг “ал-Фавоидуз-зиёия”, фиқҳдан Садр аш-Шариъанинг “Шарҳ ал-Виқоя”, калом илмидан Тафтазонийнинг “Шарҳ ал-Ақоид ан-Насафия”, мантиқдан Қутбуддин Розийнинг “Шарҳ аш-Шамсия”, усулул фиқҳдан Садр аш-Шариъанинг “ат-Тавзиҳ” ва Тафтазонийнинг “ат-Талвиҳ” асарлари ўқитилган[9].
Маржоний ўн етти ёшидаёқ мадрасада талабаларга дарс бера бошлади ва у таълимни ривожлантириш мақсадида мадрасадаги мавжуд дарсликларга қўшимча янги китобларни жорий қилди. Олим яшаган даврда қозонлик талабалар Бухорога бориб таҳсил олиб келишган. У мадрасани тамомлагач, таълимни давом эттириш мақсадида 1254/1838 йили Бухорога жўнаб кетди. Қозонликлар илмий соҳада ўша даврда бухороликлар билан алоқа ўрнатганликлари сабабли аксарият татар талабалари ўзларининг илмий салоҳиятларини ошириш мақсадида Бухоро ва Самарқандга ташриф буюришар эди.
Олим Бухорога 1838 йил етиб келгач, Ниёзқулихон Туркманий мадрасасига жойлашиб, Мирзо Солиҳ Аълам Хўжандий (ваф. 1840)га шогирд тушди[10]. Кейинчалик у Бухородаги “Кўкалдош” мадрасасида ўқиди[11]. Шунингдек, Маржоний дарс олиш билан бир қаторда ёзда Бухоро яқинидаги “Қора кўл” қишлоғида дарс бериш билан шуғулланган. У Бухорода олти йил яшагандан кейин илм талабида Самарқандга жўнаб кетди[12].
Маржоний Самарқанддаги Шердор[13] мадрасасига келиб, у ерда илм олишни давом эттирди. Дастлаб, Самарқанд қозиси Абу Саъид Абдулҳай ибн Абулхайр Самарқандийдан дарс олган. У аксарият вақтини устозининг кутубхонасида ўтказиб, у ердаги мавжуд китоблардан ўзи учун нусха кўчириб олган.
У Бухородан Самарқандга калом ва фалсафа илмларини чуқур ўрганиш мақсадида келиб, у ерда ўзининг “Мазҳабий фи ал-ақлиёт ал-ҳужжа ва ал-бурҳон ва фи ан-нақлиёт ас-сунна ва ал-Қуръон” номли асарини ёзди. Олим Самарқандда тахминан икки йил тургач, Қози Абу Саъид таклифига биноан Бухорога қайтиб кетди[14].
Олим 1265/1849 йил Бухородан Қозонга қайтиб келгач, “Иброҳим Юнус” мадрасасида сўнгра “Мадраса ал-олия”да дарс бериб, Ҳабиб Нажжор ибн Муҳаммад Салтуқ Уткий, Бурҳониддин ибн Абдуррафиқ Шибковий, Абдулхабир Муслимий Қизилжорий (ваф. 1879), Муҳаммад ибн Солиҳ Уфавий Умарий (ваф. 1889), Ҳусайн Файзхоний (ваф. 1866), Олимжон Муҳаммаджон Борудий (ваф. 1921)[15] каби шогирдларни етишитириб чиқарган.
Маржоний дарс бериш билан бир қаторда турли соҳаларга доир ўнлаб асарлар битган. Улар сирасига “Ал-Азб ал-фурот ва ал-маа аз-зулал ан-ноқиъ ли ғулла руввоми ал-иброз ва асрори шарҳ ал-жалол”, “Ғурфа ал-ҳаввоқин ли маърифа ал-ҳаввоқин”, “Мустафод ал-ахбор фи аҳволи Қозон ва Булғор”, “ат-Тариқа ал-мусла ва ал-ақида ал-ҳусна” кабиларни келтириш мумкин.
Олимнинг “ал-Ҳикма ал-балиға ал-жания фи шарҳ ал-ақоид ал-ҳанафия” асари Насафийнинг “Ақоид” китобининг шарҳи бўлиб, у 1273/1857 йилда оралигида ёзилган ва илк бор Маъориф Вазирлигининг 1888 йил 11 июлдаги рухсати билан 1889 йил март ойида 147 бетдан иборат тарзда Вячеслав босмахонасида 1500 нусхада чоп этилган. Китобнинг қўлёзма нусхаси Истанбулдаги Боязид кутубхонасида №2996 рақам остида сақланади[16]. Асар номи М.Х.Юсупов ва А.Н.Юзеевлар томонидан “Ҳанафийлик ақидасини тушунишга ёрдам берувчи етук фалсафа” тарзида, таржима қилинган[17]. “Ҳанафий ақидасининг шарҳи борасида янги узилган етук ҳикмат”, деб таржима қилинса мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки, аввалги таржимада “ал-жания” сўзи таржимасиз ташлаб кетилган.
Маржоний ёзган асарларини номлашда Қуръонда келган сўз ва иборалардан кенг фойдаланган. Жумладан, мазкур асардаги “ал-Ҳикма ал-балиға” ибораси “Қамар” сурасидаги: “Ҳикматун балиғатун (Бу Қуръон) етук ҳикматдир)” (54:5) оятидан, “ал-жания” сўзи “Марям” сурасидаги: “…рутабан жанийя (янги мева)” (19:25) оятидан олинганини кузатиш мумкин.
Мазкур асарнинг номи Зириклийнинг “Аълом” китобида “Шарҳ ақоид ан-Насафий” тарзида келган[18]. “Аълом”даги маълумотга суянган баъзи тадқиқотчилар Маржонийнинг “ал-Ҳикма ал-балиға” асарини Тафтазонийнинг “Шарҳ ал-Ақоид ан-Насафия” асарига ёзилган шарҳ деб таъкидлашган. Шубҳасиз, Маржоний Тафтазонийнинг “Шарҳ ал-Ақоид ан-Насафия” китобидан манба сифатида фойдаланган. Лекин, у Насафийнинг “Ақоид” асарига мустақил шарҳ ёзган. Буни Тафтазоний исми китобда атига уч маротаба тилга олиниши билан изоҳлаш мумкин. Ғ.Баруди ўз тадқиқотида “ал-Ҳикма ал-балиға ал-жания фи шарҳ ал-ақоид ал-ҳанафия” асаридаги “ал-ҳанафия” ўрнига “ан-насафия” сўзини қўллаган[19]. Маржоний асар номида “ал-ҳанафия” сўзини қўллаш орқали Насафийнинг “Ақоид” китобининг ёзилишига асос бўлган манбаларга ишора қилган бўлиши мумкин.
Олим Бухоро ва Самарқандда таълим олиб юрган кезларида Имом Ғаззолийнинг “Кимё ас-саъода”, “Рисола ар-руҳ”, “ал-Мунқиз мин аз-залола”, “Файсал ат-тафарруқа”, “ал-Мазнун биҳи ъала ғайри аҳлиҳ”, Жалолиддин Даввонийнинг “Шарҳ ал-Ақоид ал-Азудия”, Суютийнинг “ал-Итқон фи улум ал-Қуръон”, Шаъронийнинг “ал-Мийзон”, Ибн Ҳумомнинг “Фатҳ ал-қодир”, Муҳаммад Порсонинг “Шарҳ ал-Муватто”, “ал-Фусул ас-ситта”, Носирийнинг “Китоб ахлоқ Носирий”, Ибн Синонинг “Китоб ал-ишорот ва ат-танбиҳа”, “аш-Шифо”, Шаҳристонийнинг “Ниҳоя ал-иқдом”, “ал-Милал ва ан-ниҳал”, Ибн Ҳазмнинг “ал-Фисол фи ал-милал ва ан-ниҳал”, Абу Наср Абдунносир Қурсовий (1227/1812)нинг “Шарҳ ал-Ақоид” каби асарларини ўқиб чиқиши олимнинг қарашларини ўзгаришига, яъни асарларни содда, мантиқ ва фалсафий қарашлардан холи тарзда ёзиш фикри туғилган. “ал-Ҳикма ал-балиға” асарини янгича бир услубда ёзилишига сабаб бўлган[20] [9: 51-58].
Олим Тафтазонийнинг “Шарҳ ал-Ақоид ан-Насафия” асарига нисбатан салбий муносабатда бўлгани сабабли у асарга мустақил шарҳ ёзган. Маржоний Курсавийнинг “Шарҳ ал-Ақоид ан-Насафия” деб номланган янги ва эски шарҳларини синчковлик билан ўрганиб, ўрта аср шарҳловчиларининг хатоларини ва камчиликларини тўлдиришга уринган[21] [13: 80-82].
У “ал-Ҳикма ал-балиға” асарида мотуридия таълимотини ўзи яшаб ижод қилган муҳит анъаналарига мос ва фалсафий қарашлардан холи тарзда ёзишга ҳаракат қилган. Муҳаммад Мурод Рамзий (тав. 1854 й.) Маржоний асарлари орасида “ал-Ҳикма ал-балиға” китоби “Нозура ал-ҳақ”дан кейин иккинчи ўринда туришини, таъкидлаган[22].
Маржонийнинг “ал-Ҳикма ал-балиға” асарини шартли равишда етти қисмга бўлиш мумкин. Улар нарсаларнинг моҳияти, уни билиш йўллари ва фалсафий жиҳатлари[23], илоҳиёт (дунёнинг яратилиши, Аллоҳнинг сифатлари, ихтиёр эркинлиги)[24], эсхатология[25], пайғамбар ва фаришталар[26], ақида ва фиқҳга оид баьзи саволлар кабилар[27].
Дархақиқат, Маржоний китобда мотуридия билан ашъария таълимотлари орасидаги фарқли масалаларга алоҳида урғу бериб, бундай ўринларда мотуридия таълимотини ҳимоя қилишга бор эътиборини қаратган. Жадид намояндаларидан Муҳаммад Нажиб ат-Тунтарий ўзининг “Китаб зикр ал-ъақил ва-танбиҳ ал-ғофил” номли асарини Маржонийнинг қарашлари ва унинг “ал-Ҳикма ал-балиға” асарига раддия берувчиларга қарши ёзган[28]. Бундан ташқари, татар халқининг илғор арбоблари ҳам Маржоний меҳнатини юксак эътироф этишган. Солиҳ ибн Собит ўзининг “Маржоний” номли асарида жадидчиларнинг: “ал-Ҳикма ал-балиға” мусулмонлар учун муҳим ва фойдали манба”, деб айтган сўзларини келтирган[29].
Маржоний тарих, фиқҳ ва ақоид масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, ҳар бир соҳада алоҳида китоб ёзган. У ўзининг “ал-Ҳикма ал-балиға” асарида нас ташқарига чиқмасликка уринган. Жумладан, олимнинг Насафийнинг “ал-Ақоид” асарига Қуръон ва ҳадис асосида шарҳ ёзишга қарор қилишига Тафтазонийнинг “Шарҳ ал-Ақоид ан-Насафия” асарида ақидавий масалаларни фалсафа ва мантиқ асосида ёритилиши туртки бўлган. Олим асарда мотуридия таълимотини изчил равишда ёритишга ҳаракат қилиш билан бир қаторда Насафийнинг “ал-Ақоид” асарини турли ўзгартиришлардан ҳоли тарзда, яъни асл ҳолатда келтиришга уринган. Маржонийнинг бу асари тадқиқотчиларга Бухоро ва Самарқандаги илмий салоҳият ҳамда мотуридия таълимоти ривожига доир қимматли маълумотларни беради.
Фойдаланилган адабиётлар:
- Муҳаммад ибн Аҳмад аз-Заҳабий. Сийар ал-аълом ан-нубало. – Байрут: Муассасату-р-рисола, 1992.
- Зириклий. Ал-Аълам. VIII жилдли. – Байрут: Дор ал-илм ли ал-малайин, 1998.
- Бағдодий. Ҳадият ал-орифийн асмаа ал-муаллифийн ва осар ал-мусаннифийн. – Истанбул: Мактаба ал-мусанно, 1951-1955.
- Kamalov I. Avrasya fatihi tatarlar. – Istanbul: Kаknüs, 2007.
- М.Х.Юсупов Шигабутдин Марджани как историк. – Казань: ТКИ, 1981. – б. 232.
- А.Н.Юзеев. Шихаб ад-дин Марджани: мыслитель, религиозный реформатор, просветитель. – Казань: “Иман”, 1997. – б. 60.
- Амрхон Ф. Безнен хыялларда Мэржани кулэгэсе // Кояш. – 1915.
- Шиҳобиддин Маржоний. Мустафод ал-ахбор фи аҳвол Қозон ва Булғор. – Қозон: ал-Ҳайъат ал-омм ли дор ал-кутуб ва ал-васоиқ ал-қавмия, 1885.
- Шиҳобуддин Маржоний. Нозура ал-ҳақ фий фарзияти ал-ишаи ва ин лам яғиб аш-шафақ. – Истанбул: Дор ал-ҳикма. 2012.
- Ibrahim Maraş. Türk dünyasinda dini yenileşme 1850-1917. – Istanbul: 2002.
- Абдураҳмон Фарфавр, Муҳаммад Мутиъ Ҳофиз. Ал-Мунтақо мин махтутот маъҳад ал-Беруний фи ад-диросаат аш-шарқия би Тошқанд.
- Мэржани хакында ижмалы мэгьлумат // “Мэржани” жыентыгы. – Казань: “Иман”, 2001.
- Маржаний Ш. Вафия ал-аслаф ва тахия ал-ахлаф. А.Н.Юзеевнинг араб тилидан қилган таржима, шарҳ, мақоласи. – Қозон: Имон, 1999.
- Ш.Маржоний. Ал-Ҳикма ал-балиға ал-жания фи шарҳ ал-ақоид ал-ҳанафия. Қозон, 1937.
- Тунтари, Муҳаммад Нажиб. Китаб зикр ал-ъақил ва-танбих ал-ғафил. – Козон: Каримов савдо уйи, 1900.
[1] Муҳаммад ибн Аҳмад аз-Заҳабий. Сийар ал-аълом ан-нубало. – Байрут: Муассасату-р-рисола, 1992. – Б. 175.
[2] Бағдодий. Ҳадият ал-орифийн асмаа ал-муаллифийн ва осар ал-мусаннифийн. – Истанбул: Мактаба ал-мусанно, 1951-1955. – Б. 418
[3] Kamalov I. Avrasya fatihi tatarlar. – Istanbul: Kаknüs, 2007. – Б. 325-327.
[4] Юсупов М.Х. Шигабутдин Марджани как историк. – Казань: ТКИ, 1981. – Б. 213.
[5] Юзеев А.Н. Шихаб ад-дин Марджани: мыслитель, религиозный реформатор, просветитель. – Казань: “Иман”, 1997. – Б. 35.
[6] Амрхон Ф. Безнен хыялларда Мэржани кулэгэсе // Кояш. – 1915. – Б. 35.
[7] Шиҳобиддин Маржоний. Мустафод ал-ахбор фи аҳвол Қозон ва Булғор. – Қозон: ал-Ҳайъат ал-омм ли дор ал-кутуб ва ал-васоиқ ал-қавмия, 1885. Ж. 2. – Б. 42.
[8] Шиҳобиддин Маржоний. Мустафод ал-ахбор фи аҳвол Қозон ва Булғор. – Қозон: ал-Ҳайъат ал-омм ли дор ал-кутуб ва ал-васоиқ ал-қавмия, 1885. Ж. 2. – Б. 42-43., Шиҳобуддин Маржоний. Нозура ал-ҳақ фий фарзияти ал-ишаи ва ин лам яғиб аш-шафақ. – Истанбул: Дор ал-ҳикма. 2012. – Б. 56
[9] Шиҳобуддин Маржоний. Нозура ал-ҳақ фий фарзияти ал-ишаи ва ин лам яғиб аш-шафақ. – Истанбул: Дор ал-ҳикма. 2012. – Б. 17.
[10] Шиҳобуддин Маржоний. Нозура ал-ҳақ фий фарзияти ал-ишаи ва ин лам яғиб аш-шафақ. – Истанбул: Дор ал-ҳикма. 2012. – Б. 33.
[11] Кўкалдош Бухородаги энг катта мадраса ҳисобланган. У ернинг мударрислари амр томонидан тайинланган. Мадраса Сўфиқул бобо томонидан 1568 йил қурилган.
[12] Шиҳобиддин Маржоний. Мустафод ал-ахбор фи аҳвол Қозон ва Булғор. – Қозон: ал-Ҳайъат ал-омм ли дор ал-кутуб ва ал-васоиқ ал-қавмия, 1885. Ж. 2. – Б. 43
[13] 1619 йил Ялон Туш Баҳодир томонидан барпо қилинган.
[14] Шиҳобиддин Маржоний. Мустафод ал-ахбор фи аҳвол Қозон ва Булғор. – Қозон: ал-Ҳайъат ал-омм ли дор ал-кутуб ва ал-васоиқ ал-қавмия, 1885. – Б. 59-60
[15] Шиҳобуддин Маржоний. Нозура ал-ҳақ фий фарзияти ал-ишаи ва ин лам яғиб аш-шафақ. – Истанбул: Дор ал-ҳикма. 2012. – Б. 517-527., Ibrahim Maraş. Türk dünyasinda dini yenileşme 1850-1917. – Istanbul: 2002. – Б. 78
[16] Шиҳобуддин Маржоний. Нозура ал-ҳақ фий фарзияти ал-ишаи ва ин лам яғиб аш-шафақ. – Истанбул: Дор ал-ҳикма. 2012. – Б. 37.
[17] Юсупов М.Х. Шигабутдин Марджани как историк. – Казань: ТКИ, 1981. – Б. 232., Юзеев А.Н. Шихаб ад-дин Марджани: мыслитель, религиозный реформатор, просветитель. – Казань: “Иман”, 1997. – Б. 35.
[18] Зириклий. Ал-Аълам. VIII жилдли. – Байрут: Дор ал-илм ли ал-малайин, 1998. Ж. 2. – Б. 175.
[19] Мэржани хакында ижмалы мэгьлумат // “Мэржани” жыентыгы. – Казань: “Иман”, 2001. – Б. 161.
[20] Шиҳобуддин Маржоний. Нозура ал-ҳақ фий фарзияти ал-ишаи ва ин лам яғиб аш-шафақ. – Истанбул: Дор ал-ҳикма. 2012. – Б. 51-58
[21] Маржаний Ш. Вафия ал-аслаф ва тахия ал-ахлаф. А.Н.Юзеевнинг араб тилидан қилган таржима, шарҳ, мақоласи. – Қозон: Имон, 1999. – Б. 80-82.
[22] Шиҳобуддин Маржоний. Нозура ал-ҳақ фий фарзияти ал-ишаи ва ин лам яғиб аш-шафақ. – Истанбул: Дор ал-ҳикма. 2012. – Б. 25.
[23] Тунтари, Муҳаммад Нажиб. Китаб зикр ал-ъақил ва-танбих ал-ғафил. – Козон: Каримов савдо уйи, 1900. Ж. 4. – Б. 17.
[24] Маржоний. Ал-Ҳикма ал-балиға ал-жания фи шарҳ ал-ақоид ал-ҳанафия. Қозон, 1937. – Б. 17-57.
[25] Маржоний. Ал-Ҳикма ал-балиға ал-жания фи шарҳ ал-ақоид ал-ҳанафия. Қозон, 1937. – Б. 58-69.
[26] Маржоний. Ал-Ҳикма ал-балиға ал-жания фи шарҳ ал-ақоид ал-ҳанафия. Қозон, 1937. – Б. 73-87.
[27] Маржоний. Ал-Ҳикма ал-балиға ал-жания фи шарҳ ал-ақоид ал-ҳанафия. Қозон, 1937. – Б. 124-47.
[28] Тунтари, Муҳаммад Нажиб. Китаб зикр ал-ъақил ва-танбих ал-ғафил. – Козон: Каримов савдо уйи, 1900. – Б. 2-3.
[29] Юсупов М.Х. Шигабутдин Марджани как историк. – Казань: ТКИ, 1981. – Б. 22.
4-курс талабаси
Охунжон Абдулла