Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини қиёматгача боқий қолувчи дини инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берувчи дини Исломда ота- онага яхшилик қилишга алоҳида эътибор берилган. Дунёда бошқа бирор дин ёки фалсафада ота-она бизнинг динимизчалик улуғламаган. Бу ҳақиқатни Қуръони карим оятларидан ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан билиб олиш мумкин. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: Роббинг фақат унинг ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Ушбу оятда ягона маъбудга Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишга амр этилмоқда. Ундан сўнг бевосита ота-онага яхшилик қилиш буюрилмоқда. Исломда ота-онага яхшилик қилишга амр қилиш билан бир вақтнинг ўзида ота-онага ёмонлик қилмаслик яъни уларга оқ бўлмаслик ҳам қаттиқ тайинланади. Бу ишни ҳам ҳеч бир дин ёки фалсафа бизнинг динимизчалик йўлга қўя олмаган. Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “Китобул бир вас-сила” китобида мусулмон маданияти, яъни махлуқотлар ва инсон зоти билан бўладиган муомала одоби рўйҳатининг биринчи сатрида ота-онага яхшилик қилиш бобини очиш ила Ислом динининг бу масалага қанчалар аҳамият билан қарашини билдирган. Ота-она ҳар бир инсон учун энг мўътабар эъзозли кишилардир. Ота-она мўмин бўлсалар ҳам, кофир бўлсалар ҳам, ким бўлишларидан қатъи назар, уларга яхшилик қилиш мусулмон фарзандининг бурчидир. Уларнинг амрини бажариш ҳам фарзандлик вазифаси ҳисобланади.
وَقَضَى رَبُّكَ أَلَّا تَعْبُدُوا إِلَّا إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِنْدَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلَاهُمَا فَلَا تَقُلْ لَهُمَا أُفٍّ وَلَا تَنْهَرْهُمَا وَقُلْ لَهُمَا قَوْلًا كَرِيمًا
Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт![1]
* “Уларга ёқимли сўз” деганда ота-онани номи билан чақирмаслик, балки “отажон, онажон” каби сўзлар билан ёш гўдакларга хос муомала қилиш, уларни ранжитадиган гапларни гапирмаслик, улар олдида ўзини қул ёки чўрилардек тутиш кабиларни тушиниш керак.
Ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф» дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!
Олдинги оятда Аллоҳга ширк келтиришдан қайтарилган бўлса, бу оятда ягона маъбудга–Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишга амр этилмоқда. Ундан сўнг бевосита ота-онага яхшилик қилиш буюрилмоқда.
«Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди».
Бу Аллоҳнинг бандаларига амри, буйруғи, фармонидир, бу бандаларнинг ихтиёрига ташлаб қўйилган иш эмас. Хоҳласа қилиб, хоҳламаса қилмайдиган ҳаваскорлик ҳам эмас. Қариб ҳеч нарсага ярамай қолганда юзланадиган кўнгил ҳуши ҳам эмас. Бу амр Аллоҳ таолонинг қатъий ва ўзгармас буйруғи. Бу буйруқни бажариш ҳар бир банданинг бурчи.
Аллоҳнинг ибодатидан кейинги келадиган иш ота-онага яхшилик қилишдир. Бу ҳам Аллоҳнинг амри. Аллоҳ таоло ўзига ибодат қилишга чақирган амрдан кейинроқ ота-онага яхшилик қилишни таъкидламоқда. Бу ҳол, ўз навбатида, Исломда ота-онанинг ҳаққи қанчалик улуғ эканини кўрсатади.
«Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф» дема»[2].
Бу жумланинг «уфф» сўзига боғлиқ икки хил маъноси бор. Бир маъноси-ота-онага ёмон сўз айтиб, беҳурмат қилма, дегани бўлса, иккинчи маъноси-ота-онанг олдида «уфф» дема, улар болам оғир ҳолга тушибди, деб озорланадилар, деганидир.
«…уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!»
Ота-онангга ҳеч бир озорни раво кўрма! Қандай яхши сўз бўлса, ўшани ота-онангга раво кўр! Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни паслат ва «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт[3].
Фарзанд ота-онанинг ҳузурида ўзини қанчалик хокисор тутса, шунчалик яхши. У ўз раҳматини хокисорлик ила ота-онасига пастлатиб, пояндоз қилса ҳам оз. Шу билан бирга, доимо уларга Аллоҳ таолодан раҳм-шафқат тилаб дуо қилиб туриши лозим.
Ота-онани ҳурматлаш, эъзозлаш масаласида ҳеч бир тузум ёки тарбия воситаси Исломга тенг ҳам, яқин ҳам кела олмайди. Ота-онанинг ҳурмати, фарзанд устидаги ҳаққи тўғрисидаги оятлар, ҳадислар, исломий ҳикматлар, мусулмонлар ҳаётидаги тажрибалар, дунё тарихида бу борада мисли кўрилмаган олий мақом нарсалар эканлиги маълум ва машҳурдир.
Ҳофиз Абу Бакр ал-Баззор Бурдайдадан, у киши ўз оталаридан қилган ривоятда қуйидагилар келтирилади: «Бир одам зиёратда онасини кўтариб юриб тавоф қилдираётган экан. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Онамнинг ҳаққини адо қилдимми?», деб сўрабди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Йўқ, бир оҳ тортишининг ҳаққини ҳам адо қилганинг йўқ», деган эканлар.
4-курс талабаси
Мусохонова Солиҳа
[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Тафсири ҳилол” китоби.”Ҳилол нашри” 2008
[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Тафсири ҳилол” китоби.”Ҳилол нашри” 2008
[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Тафсири ҳилол” китоби.”Ҳилол нашри” 2008