islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Содиқ Сафоев: “Ислом молияси бўйича ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар базасини яратиш вақти келди”

11 сентябрь куни “Тараққиёт стратегияси” марказида “Ўзбекистонда Республикасида ислом молиясини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Ушбу давра суҳбатига Ўзбекистон Республикаси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ташриф буюрди. Шунингдек, сермазмун ва баҳс-мунозарага бой бўлган давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (БМТТД), Ислом тараққиёт банки, Савдо-саноат палатаси, тижорат банклар, таълим муассасалари ва тадбиркорлар вакиллари, ҳамда Туркия ва Малайзиядан ташриф буюрган ислом молияси бўйича мутахассислар иштирок этдилар.

Ўз кириш сўзида Содиқ Сафоев қуйидагиларни айтди:

“Ислом молияси бу бутун дунёда тараққий топаётган ва юқори суръатларда ривожланиб келаётган молия соҳларидан бири. Лекин биз шуни тан олишимиз керакки, Ўзбекистонда бу борада Ўзбекистонда амалий қадамлар ташлангани йўқ. Ваҳолангки, ҳукумат томонидан бу соҳанинг муҳимлиги ва ундан унумли фойдаланиш, ривожлантириш ишларини бошлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинган ва барча давлат идораларга етказилган эди. Бундаги асосий масала – ҳозирда мавжуд банкларда ислом молияси дарчалари ёки алоҳида ислом банкларини таъсис этиш ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар базасини такомиллаштиришни тақозо этади. Бугунги кунда 70 давлатда 300 га яқин ислом банклари ва 200 га яқин ислом молияси дарчалари фаолият олиб бормоқда. Ислом молияси институтларининг активлари 2,5 триллион АҚШ доллари миқдорида баҳоланади ўртача йиллик ўсиш суръати бошқа соҳалардан анча баланд бўлиб 10-12% ташкил қилмоқда. Бугунги кунда хорижий мамлакатлар, хусусан Буюк Британия, Малайзия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва бошқа мамлакатларнинг тажрибасини ўрганиш бу борада авваламбор қонунчиликни ташкил қилиш соҳанинг Ўзбекистондаги ривожи учун энг муҳим масала эканлиги кўрсатмоқда. Шунинг учун бугунги тадбирга йиғилдик, мақсадимиз хорижий ва маҳаллий мутахассисларнинг фикрини билиш, бу йўналишдаги тегишли қадамларни белгилаш ва парламентга ўз тавсия ва таклифларимизни беришдан иборатдир”.

Давра суҳбатида БМТТД халқаро экспертлари Барқарор Ривожланиш Мақсадлари (БРМ) ва ислом молиясининг мақсадлари жуда ҳамоҳанг эканлиги, ислом молияси асослари жамият аъзоларининг турли қатламларини қамраб олиши ва ривожланишга йўналтирилганлиги таъкидланди. Ислом молиясида барча амалиётлар мавжуд активларга асосланган бўлиши шартлиги, унинг реал тармоқ лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилишига урғу берилди. Маълумки, БРМ доирасида 2030 йилгача ўта қашшоқлик ва очликка барҳам бериш, тоза сув ва санитария, соғлик ва фаровонлик, арзон ва тоза энергия билан таъминлаш, сифатли таълим бериш, муносиб иш ўринлари яратиш ва иқтисодий ўсишга эришиш кўзда тутилган. Бунда ислом молиясининг ижтимоий ҳимоя воситалари бўлмиш – закот, вақф ва садақа механизмларининг борлиги қўл келиши ва шу сабабли БМТТД билан самарали ҳамкорликни янада кучайтириш мумкин. Мисол учун бундай ҳамкорлик Индонезияда жуда яхши йўлга қўйилган. Туркиялик мутахассис Ниҳат Гумушнинг Ўзбекистон аҳолиси сони ва ундаги мусулмонлар улуши, ялпи ички маҳсулоти ва бошқа ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар асосидаги ҳисоб-китобларига кўра Ўзбекистонда бир йилда 500 миллион – 1,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида закот йиғилиши мумкин экан (дунё бўйича барча мусулмонлар закотларини тўлиқ берганларида эса бир йилда тахминан 500 миллиард – 1 триллион АҚШ доллари йиғилган бўлар, ушбу маблағлар самарали тасарруф этилганда эса мусулмонлар яшайдиган давлатларда қашшоқлик, очлик, санитария, таълимдаги муаммолар тўлиқ ҳал этилган бўлар экан). Шунингдек, Оролбўйи аҳолиси муаммоларини ҳал қилишда ҳам ислом молиясидан фойдаланиш мумкинлиги айтиб ўтилди.

Молия вазири ўринбосари Одилбек Исаков ҳозирда Ўзбекистон ҳукумати томонидан ислом молияси қимматли қоғозлари – сукук чиқариш доирасида хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилаётганлигини айтиб ўтди. Хусусан, Одилбек Исаковнинг ўзи Туркия, Саудия Арабистони ва бошқа давлатларда сукук чиқариш жараёнида бевосита қатнашганлиги ва ушбу амалиёт билан яқиндан танишлигини таъкидлади. Шунингдек, ислом молиясини жорий қилиш, сукук чиқариш орқали Яқин Шарқ ва бошқа мамлакатлардан инвестициялар жалб қилиш имкониятлари туғилиши таъкидланди. Шу сабабли Ўзбекистонда капитал бозорини ривожлантириш жараёнида ислом молиясига алоқадор инструментларга ҳам эътибор қаратилиши зарурлиги айтилди.

Тадбирда, Ислом тараққиёт банкининг (ИТБ) фаолияти билан ҳам батафсил таништирилди, шу кунгача ИТБ томонидан Ўзбекистонда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. ИТБ вакили Хусан Хасанов ўз тақдимоти давомида ислом молиясига оид сўровнома ўтказилганлиги ва унда 647 киши қатнашганлигини айтиб ўтди. Уларнинг асосий қисми агар Ўзбекистонда ислом банклари ёки дарчалари ташкил этилса унинг мижози бўлиши, ушбу институтлар фаолияти иқтисодий ўсишга, инвестициялар ҳажмини кўпайишига ишонишларини билдирган. Шунингдек, сўровномада соҳа бўйича билимлар ва саводхонликни оширишга зарурат мавжудлиги қайд этилган.

БМТТД вакиллари Берна Баязит ўтказилган тадқиқотларга кўра Ўзбекистонда аҳолининг 30 фоизи диний қарашларга кўра молия хизматларидан фойдаланмаслиги, аҳолининг 5 фоизигина ўз жамғармаларини тижорат банкларида сақлаши, истеъмол кредитидан аҳолининг бор йўғи 12 фоизи фойдаланишини маълум қилди. Агар ислом молияси муассасалари фаолияти ташкил этилса бу кўрсаткичлар яхшиланиши, яъни аҳолининг кўпроқ қисми молиявий хизматлардан фойдаланиши, яширин иқтисодиётдаги маблағлар банк тизимига ўтиши мумкин.

Малайзиянинг “ZICO Shariah” компанияси директори Аида Усмон ўзбекистонлик иштирокчиларга Малайзия молия бозорида исломий молиялаштиришни татбиқ этиш бўйича ўз тажрибаларини, жараёндаги қийинчиликлар ва уларнинг ечимлари ҳақида гапириб берди. “Малайзия тажрибаси сизлар учун ҳам қўл келади. Ўзбекистон ҳам ислом молияси ташаббуси билан чиқилаётгани катта қадамдир. Бу юртингиздаги улкан ўзгаришлардан далолат бермоқда”, – дейди у.

Тадбир баҳс-мунозара ва савол жавобларга бой бўлди.

Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг ислом молиясини ривожлантиришда амалий қадамлар қўйиш вақти келганлиги тўғрисидаги фикрлари давра суҳбати иштирокчилари томонидан илиқ қарши олинди.

Республика тадбиркорлик асосларини ўқитиш маркази директори муовини Жахонгир Имамназаров ўзининг “Ўзбекистонда ислом банкчилиги ва молиясини татбиқ қилишнинг ҳуқуқий асослари” мавзусидаги тақдимотида бугунги кунда мамлакатимизда ислом молияси ривожланиши учун ҳеч қандай қонуний асос яратилмаганлигини, бунга мутасадди бўлган ташкилотларнинг, биринчи навбатда Марказий банкнинг бу борада ғоят сустлигини айтиб ўтди. Жумладан, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги” қонунда кредитлар фақат фоизга асосланган бўлиши кераклиги, банклар тижорат фаолияти билан шуғуллана олмаслиги, улар хатто инвестиция компаниялари ташкил қила олмаслиги (таъсисчи сифатида), Фуқаролик кодексига, Солиқ кодексига, “Суғурта фаолияти тўғрисидаги” қонунга, ва бошқа бир қанча қонун ва меъёрий хужжатларга ўзгартиришлар киритилиши кераклиги, бусиз ислом молияси маҳсулотларини амалда қўллаш имконсиз эканлиги эътироф этилди.

Мисол тариқасида Қирғизистон Республикаси тажрибаси келтирилди, маълум бўлишича, у ерда ислом банкчилиги ва молиясига алоқадор 15 га яқин турли қонун ва меъёрий хужжатлар қабул қилинган.

Тақдимотда яна бир қанча муҳим масалалар ёритилди, жумладан ислом молиясининг ривожланмаганлиги мамлакатимизга мусулмон давлатлардан инвестициялар кириб келишига, банк-молия соҳасида рақобатнинг кучайишига, “ҳалол” бозорнинг, шу жумладан зиёрат туризмининг ривожланишига тўсқинлик қилиши алоҳида таъкидланди.

Ушбу тақдимот давра суҳбати иштирокчилари томонидан қизғин кутиб олинди. Биз учун яна бир қувонарли ҳол: Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури ва “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан ташкил қилинган давра суҳбати Ислом молияси канали таъсисчиларидан бири бўлган Жаҳонгир Имамназаровнинг ислом молиясини Ўзбекистонда татбиқ қилиш бўйича сўровнома ўтказиш ташаббуси доирасида ташкил этилганлиги бўлди.

Давра суҳбати натижалари: Тадбир ташкилотчилари ва қатнашчилари Ўзбекистонда ислом банк-молия тизимини татбиқ этиш мақсадида БМТТД томонидан Олий мажлисга таклиф ва тавсиялар киргизилиши мақсадга мувофиқ деган фикрга келдилар.

Манба: Ислом Молияси канали

99420cookie-checkСодиқ Сафоев: “Ислом молияси бўйича ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар базасини яратиш вақти келди”
1 та фикр мавжуд
  1. Алишер Абдурахимов

    Ислом банкларин ва ислом молиясини тез фурсатларда мамлакатимизга халкимиз хизматига жорий килишимиз даркор.Юртдошларимиз банк тизими ва молиявий муаммолари бн кийналиб келишмокда.Бу борада Шу йуналиш буйича маьсул рахбарларимиз керакли карорларни кабул килиб Ислом молиясини халкимиз хизматига жорий килишади деган умитдамиз.

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: