Жорий йилда мамлакатимизда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини намоён қилиш, уларнинг фуқаролик жавобгарлигини ва олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини ошириш борасида бир қатор амалий ишлар амалга оширилмоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тасдиқланган “Диний соҳада ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастури”га мувофиқ жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш, экстремизм, терроризм ва уюшган жиноятчиликнинг бошқа шаклларига қарши курашиш бўйича ташкилий-амалий чораларни кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва онгини юксалтириш, бу борада давлат тузилмаларининг фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро самарали ҳамкорлигини ташкил этиш билан боғлиқ аниқ вазифалар белгиланган.
Шунга асосан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси билан ҳамкорликда жорий йилнинг 17 декабрь куни Тошкент ислом институти 1-курс талабалари учун “Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси масъул ходими, подполковник Абдувоҳид Шукуров ўзининг сермазмун маърузаси билан иштирок этди. А.Шукуров мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар асосан келажак баркамол авлодни тарбиялашга қаратилаётгани, қолаверса, ёшларнинг илм-маърифат ва маънавий-ахлоқий мезонини юксалтириш, талаба-ёшлар ўртасида турли ҳуқуқбузарлик, жиноятчиликни олдини олиш, ижтимоий тармоқ ва Интернет жаҳон ахборот тизимидан тўғри мақсадларда фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири эканлигини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, 2019 йилнинг энг муҳим сиёсий воқеаси ─ Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман-шаҳар кенгашларига сайловлар тартиби ҳамда бундай сиёсий жараёнларда талабаларнинг ҳам фаол бўлишлиги таъкидлаб ўтилди. Талабаларнинг бундай муҳим сиёсий жараёнда доимий яшаш манзилида туриб иштирок этишлари учун қишки таътил 20 декабридан бошланаётганлиги ҳамда таътил мобайнида талабалар учун керакли тавсия ва маслахатлар айтиб ўтилди. Тадбир сўнгида маънавият, маърифат ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи А.Олимов мазмунли ва қизиқарли суҳбат учун институт жамоаси номидан миннатдорчилик билдириб ўтди.
Маънавият, маърифат ва иқтидорли
ёшлар билан ишлаш бўлими
бошлиғи А.Олимов