islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

«РАЖАБ ВА ШАЪБОННИ БИЗГА МУБОРАК ҚИЛИБ, РАМАЗОНГА ЕТИШТИР»

Мана, муборак ойлардан бири – Аллоҳнинг мағфират ойи бўлмиш Ражаб ҳам кириб келди. Ражаб ойи – тавба ойидир. Тавба эса Аллоҳ таолога қайтишдир. Вақт қадрини билувчи ҳар бир ақл эгаси бундай имкониятдан  фойдаланишга ҳаракат қилиши аниқ. Қул Аллоҳга йўналса, Аллоҳ ҳам унга йўналади. Демак, тавба – инсонни хато йўлдан, жоҳилона яшаш, жоҳилона ишлардан, қусурлардан, ғафлатдан воз кечиб, Ҳақ таъоло яхши кўрган йўлга қайтиши дегани.  Ислом қалбини мунаввар этган ҳар қандай мўмин Аллоҳнинг ойини Унинг зикри ва шукри билан ўтказиб, гуноҳларидан покланишга ҳаракат қилади. Одамлар орасида фақат Рамазондагина тавба қилишга интиладиганлари ўзлари эга бўлиши мумкин бўлган кўп нарсани йўқотадилар. Чунки ўн бир ой давомида ўз хоҳишларига бандани бўйсундириб келган нафс бирдан итоат қилиши жуда ҳам қийин бўлади. Айнан мана шу сабабдан ҳам баъзида Рамазон ойида ҳам гуноҳ ишлар содир бўлгани қулоққа чалинади. Инсон Ражаб ойида маъсиятлардан жасадини, Шаъбон ойида қалбини покламас экан, у қандай қилиб Рамазон ойида руҳини поклайди?!

Бу ойнинг фазилатлари тўғрисида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп ҳадислар ворид бўлган. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ражаб ойи кирган вақтда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Я Роббий, Ражаб ва Шаъбон ойини барокатли қилгин ва бизни (Ражаб ва Шаъбон ойларини чиройли ўтказган бир қул ўлароқ) Рамазонга етказгин” деб дуо қилар эдилар”.  Яна, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу ойда энг кўп қиладиган ибодатларидан бири бу –  рўза тутишлари эди. Бу ойда рўза тутишнинг фазли ҳақида кўплаб ҳадислар ривоят қилинган.

Тобароний роҳимаҳуллоҳ ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ражаб – муаззам бир ойдир. Аллоҳ таоло бу ойда қилинган яхшиликларни қўша-қўша мукофотлайди”, яъни бошқа ойларда қилинган ибодатни Ражаб ойида бажарса, у ойдагиларга нисбатан ортиғи билан мукофотлайди.

Ушбу муаззам ой ўз ичига зарур фурсатлар ҳамда яхши кечаларни яширган. Уларнинг энг биринчиси Рағоиб кечасидир. Бу Ражаб ойи кирганидан кейин биринчи пайшанбани жумага боғлаган кечадир. Ундан сўнг 26-санадан 27-санага ўтар кеча набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам меърожга чиққан муборак кечадир. Лекин бу ҳадиси шарифлар фақатгина шундай тунларда ибодат қилиб, йил бўйи тунни уйқу билан ўтказишга далолат қилмайди. Ёки Ражаб ойини кунларини кунларга улаб рўза тутиб, бошқа ойда нафл рўза тутишга беэътибор бўлишга чақирмайди. Чунки, бандани Аллоҳ азза ва жалла ҳузурида даржасини юқори қиладиган, ажрим кунида нажотга эришишига омил бўладиган нарса, бу унинг фарз ибодатлаидан кейинги ихлос билан қилинган нафл ибодатларидир. Аллоҳ таоло “Залзала” сураси 7-оятда шундай марҳамат қилган:

“Бас, кимки зарра оғирлигида яхшилик қилса ҳам кўрадир”.

Ҳар бир мисқол яхшиликни ўз фазлидан юзлаб баробар кўпайтириб савоб берадиган, марҳамати чексиз Роббимиз барчамизга мана шундай муборак ойлардан гуноҳларимиздан покланган, ажр-у савобларга амал дафтарларимизни тўлдирган ҳолатда Рамазони шарифни кутиб олиш бахтига муяссар қилсин, амийн!

Хадичаи кубро ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Гулруҳ Кенжабой

122880cookie-check«РАЖАБ ВА ШАЪБОННИ БИЗГА МУБОРАК ҚИЛИБ, РАМАЗОНГА ЕТИШТИР»

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: