Эл бошига иш тушган, бутун башарият кўринмас вабо билан курашаётган, одамлар тинчлик ва хотиржамлик нечоғлиқ улуғ неъмат эканини ҳар қачонгидан ҳам чуқурроқ ҳис этиб турган таҳликали вазиятда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев тарихий аҳамиятга молик Қонунни имзолади.“Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги бу қонун миллатимиз учун ҳаёт-мамот масаласи ҳисобланган она тилимизга бўлган юксак эҳтиромнинг яна бир намунасидир. Зеро, миллий тил миллатнинг руҳидир, унинг тириклик шартидир. Ҳар қандай вабо маълум бир кишилар ҳаётига хавф солса, “Миллий тилни йўқотмак – миллатнинг руҳини йўқотмакдир” (Абдулла Авлоний таъбири – Н.Ж.). Шу жиҳатдан қаралса, ушбу Қонуннинг аҳамияти Ватанимиз, миллатимиз учун нечоғлиқ қадрли экани аён бўлади.
Тангри давлат қуёшини бизнинг миллатимиз қўрғонларидан кўкка чиқариб, уни барчадан устун ва ер юзига ҳоким қилгани, унга ҳақиқат йўлида курашмоқ учун куч бергани, унинг ҳамкорлари ҳамда тарафдорларини азиз ва мукаррам этгани ҳақида ёзган буюк Маҳмуд Кошғарий “Девону луғотит-турк” орқали она тилимизга тенгсиз обида бунёд этган, унинг шуҳратини оламга ёйган эди. Ҳазрат Алишер Навоий “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида бу тил “асл тилларнинг маншаъи”, яъни дунёдаги асл тилларнинг келиб чиқишига асос, замин бўлганини рад этиб бўлмайдиган далиллар билан исботлагани тафаккур аҳлига кундай аён. Миллатимиздан етишган не-не улуғ мутафаккирлар беназир асарлари билан тилимизнинг нақадар бой ва ифода имконияти қанчалик кенг эканини дунё халқлари кўз ўнгида яққол намоён этган эдилар. Лекин, таассуфлар бўлсинки, тарихий илдизлари қадимият булоқларидан сув ичган, дунё тамаддунининг чорраҳасида келган, инсониятнинг илму ирфон бешигини тебратган она халқимиз қисматида оғир синовлар ҳам бўлди. Миллатнинг истибдод исканжасига тушиши, тараққиёт ўрнини таназзул эгаллаши она тилимиз ривожига ҳам акс таъсирини кўрсатмай қолмади. Бунинг салбий оқибатларини ҳатто бугунги кунда ҳам сезиб-кўриб турибмиз.
“Ҳиммат ва саботи бўлмаган миллатнинг ҳаққи ҳаёти йўқдир”. Бундан роппа-роса бир юзу беш йил олдин “Ойна” журналида босилган мақоласига улуғ маърифатпарвар Абдурауф Фитрат ана шундай сарлавҳа қўйган эди. Ҳиммат – Ватан ва миллат равнақи учун, миллий тил тараққиёти учун зарур бўлганда, молу жонни нисор эта олмоқ. Сабот – миллатнинг шаъни-шарафи, ори-номуси тимсоли бўлган она тили ривожи йўлида метин иродани намоён қила билмоқдир. Башариятга маърифат ва ахлоқдан, ҳиммат ва саботдан дарс берган буюк мутафаккирлар вориси эканимиз аён. Лекин ворислик ҳақи бу ҳақда жар солиш билангина адо этилмас. Ворислик ҳуқуқига қуруқ даъволар билан эришилмас. Бунинг учун аждодлар меросини қунт билан ўрганмоқ, тафаккур этмоқ, илму ирфонда улар эришган оламшумул ютуқларни янгилари билан муттасил суратда бойитмоқ зарур. Президентимиз имзолаган мазкур Қонун шу йўлдаги яна бир залворли қадамдир.
Тўғри, она тилимиз мавқеини юксалтириш йўлида қиладиган ишларимиз ҳали кўп. Тилимизнинг бугунги замон билан ҳамқадам ривожланиши учун камида қуйидаги тўрт омил талаб этилади: 1) она тили тақдири учун куйиниш ҳисси миллатнинг ҳар бир вакили қалбига кўчиши;
2) тил илмининг миллий негизда ривожланиши; 3) замонавий техника-технологиялар ва тилнинг ўзаро тенг таъсир асосида тараққий этиши; 4) миллий адабий тилда яратилган адабиётнинг равнақи.
Энг аянчлиси, мустамлака замонларидан бизга ўта ёмон бир иллат мерос қолди: ўзга тилда фикрлаб, ўша тил қолипида сўзлайдиган, ташқаридан қараганда, ўзбекчага ўхшаса ҳам, аслида миллатнинг руҳига ёт нутқда сўзлайдиган “зиёли”лар (аслида “зиёнлилар”) қатлами шаклланди. Ўзбек тили илмини хорижий тилшунослик андозаларига солиб, улардаги тайёр назарий қолипларга ўзбекча мисоллар топиб, илмий даража даъво қиладиганлар пайдо бўлди. Тилимизнинг ахборот дастурини яратиш йўлида энди-энди дастлабки қадамлар ташланяпти, холос. Президентимиз раҳнамолигида улкан ислоҳотлар амалга оширилаётганига қарамай, муаммолар кўп эканига бошқа сабаблар ҳам топилади…
Миллат тарқоқ ҳолда тараққий эта олмайди. Глобал дунёдаги бугунги шароит замон билан ҳамқадам юрмоқни, ўзаро аҳиллик ва бирдамликни, буюк мақсадлар йўлида тараққиёт суръатига мос сафарбар бўла билмоқ салоҳиятини тақозо этади. Ҳар ёмоннинг бир яхшиси ҳам бор, деганларидек, бугун жаҳонни ларзага солиб турган даҳшатли вабо аксар одамларнинг занг босган ақл кўзларини очиб юборди. Мудроқ тафаккурлар уйғоняпти. Миллат яхлит организм сифатида бирлашмоқда. Мамлакат парламенти ишлаб чиққан “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун давлатимиз раҳбари томонидан ана шундай тарихий шароитда имзоланди. Умид қиламизки, бу қонун она тилимиз тараққиёти йўлидаги мавжуд муаммоларни ҳал этишда мустаҳкам ҳуқуқий замин вазифасини ўтайди. Миллатнинг нурли келажаги йўлида барчамизни бирлаштиради.
Нурбой Жабборов,
Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти
университети кафедра мудири, Тошкент ислом институти ўқитувчиси, филология фанлари доктори, профессор
Манба:ЎзА