islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

АБУ АБДУРАҲМОН ХАЛИЛ ИБН АҲМАД АЛ-ФАРОҲИДИЙ

Халил ибн Аҳмад луғат ва адабиёт олими, шеърият

илмининг асосчиси, араб тилидаги биринчи луғат китоби соҳиби эди.

 Исм-насаби: Абу Абдураҳмон Халил ибн Аҳмад ибн Амр ибн Тамим ал-Фароҳидий. Баъзи ривоятларда “ал-Фурҳудий” ҳам дейилади. “ал-Фароҳидий” Азд қабиласининг Фароҳид оиласига бориб тақалади. Абу Бакр ибн Хайсама айтади: “Исломда Аҳмад исми билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин илк бор Халилнинг отаси Аҳмад чақирилган”.

Таваллуди ва вафоти: Имом Халил ибн Аҳмад 100/718 йили умавий халифа Умар ибн Абдулазиз замонида туғилган. Қаерда туғилгани борасида аниқ гап йўқ. Баъзи сўзларга кўра Уммон давлати, Араб кўрфази тарафда дейилган. У зот 170/718 Басра шаҳрида вафот этган ва ўша ерга кўмилган.

Устозлари: Бошқа асрдошлари сингари Халил ибн Аҳмад ал-Фароҳидий ҳам кўплаб устозлар ва шайхларнинг қўлида таълим олди. Жумладан: Айюб Сахтиёнийдан луғат илмини, Осим ал-Аҳвал ал-Басрий, Авом ибн Ҳавшаб, Ғолиб ибн Хаттоф ал-Қаттон, Абу Амр ибн Ало, Усмон ибн Ҳозир ва бошқалар.

Шогирдлари: Халил ибн Аҳмад илмни жуда кўп устоздан ўргангани сингари кейинчалик кўплаб шогирдларга устоз бўлди. Шогирдлари ичида араб тилининг ҳужжати Сибавайҳ сингари буюк олимлар борлиги у кишини нақадар улуғ зот эканлигига далолат қилади. Шунингдек, Абдулмалик ибн Қориб ал-Асмаъий, Ҳаммод ибн Язид, Айюб ибн Мутаваккил ал-Басрий, Бадал ибн Муҳаббар, Довуд ибн Муҳаббар, Али ибн Назр, Авн ибн Амора ва бошқалар.

Асарлари: Имом Халил ибн Аҳмад битган асарлар ичида энг машҳури ўз фанида илк нишона бўлган асар “ал-Айн” китоби эди. Лекин бу муаллифнинг ягона китоби эмас. Ундан ташқари кўплаб асарлар таълиф этган. У зот “ал-Айн” асарида ҳарфлари бир жойга йиғиб уларни тартибга келтирган. Тартибни эса, ҳарфларнинг оғиз бўшлиғидаги талаффуз аъзоларига қараб жойлаштирган. Бу ҳақда, ушбу асарнинг муқаддимасида ҳам зикр қилиб ўтган.

Халил ибн Аҳмад “айн” (ع) ҳарфини оғизнинг энг қуйисидан чиқадиган ҳарф деб ҳисоблаган ва шу сабабли, ўз алифбосини ўша ҳарф билан бошлаган. Бу ҳақда аллома ибн Кайсон Халил ибн Аҳмаддан эшитган кишилардан шундай ривоят қилади: “Ҳамза” (أ) ҳарфи билан бошламаганим сабаби, у ҳарф айтилишда нуқсонга учрайди. Баъзи ўринда тушиб қолади, баъзисида бошқа ҳарфга айланиб кетади. “Алиф” (ا) билан ҳам бошламадим. Сабаби, у билан исмда ҳам, феълда ҳам сўз бошланмайди. “Ҳа” (ه) ҳарфи билан ҳам бошламадим. Чунки, у ҳам айтилиши ўта енгли бўлиб, эшитилмай ҳам қолади. Шундан кейин иккинчи қаторга тушдим. Унда “Айн” (ع) ва “Ҳа” (ح) бўлиб, улар иккисидан  “Айн” эшитилганда қатъийроқдир. Шу сабабли ушбу ҳарф билан ҳарфлар тартиблашни бошладим”.

Маноқиблари: Имом Халил ибн Аҳмад солиҳ, оқил, мукаммал виқорли, ўта заковатли ҳамда тақводор киши эди. У зот дунёдан юз ўгирган, ҳаёт машаққатларига сабрли эди. Бу ҳақда шогирди Назр ибн Шумайл айтади: “Халил ибн Аҳмад Басрада, ўзининг дарахт шохлари ёки қамишдан бўлган, икки чақа ҳам турмайдиган кулбасида яшар эди. Шогирдлари эса ундан ўрганган илми билан дунё топардилар. Одамлар у ҳақида: “Саҳобалардан кейин унданда заковатли инсон бўлмади”, деб айтар эдилар”.У: “Мен эшигимни ёпиб оламан, бор ғам-ғуссаларим ташқарига чиқа олмайди”, дер эди. Айюб ибн Мутаваккил айтади: “Агар Халил бир инсонга бирор нарса ўргатса, ўзини ҳеч нарса ўргатмаган деб ҳисоблар эди. Агар ўзи кимдандир ниманидир ўрганса, ўша инсонга ундан ўрганганини айтар эди”. Имом Заҳабий бу сўзларни келтириб, охирида: “Бизнинг замонимизда кишилар бунинг акси бўлиб қолган”, деган”.

Форис ва Аҳвознинг волийси Сулаймон ибн Ҳабиб ибн Абу Суфра Аздий Халилга маош берарди. Бир куни у Халилни ҳузурига чорлаб хат ёзди. Халил унга жавобан қуйидаги шеърни ёзиб юборди:

Етказ Сулаймонга, ҳамма нарсам бут,

Айтгин, ҳеч вақога ҳожатим йўқдир.

Нафсим хоҳишини қилганман унут,

Қўлда бойлик турмас, лек кўзим тўқдир.

 

Озғинлик ўлдирмас кишини асло,

Қаноат завқида шукр дейди тил.

Ризқ Аллоҳ қўлида – нима муаммо,

Ожизу олғирга тақсими бир хил.

 

Шундан кейин Сулаймон унга нафақа бермай қўйди. Халил унга бундай жавоб йўллади:

Нафсига қулларни демагаймиз бой,

Нафси тўқ кишини демасмиз фақир.

Ризқдан хотиржамман йил ўн икки ой,

Оғзимни очган Зот ризқимга кафил.

Бу гаплар Сулаймонга етиб бориб, уни бир сескантириб юборди. У хат ёзиб, Халилдан узр сўради ва унинг маошини икки баробар қилиб белгилади.

Суфён ибн Уяйна айтади: “Ким тилла ва мушк билан одобланган кишини кўрмоқчи бўлса, Халил ибн Аҳмадга қарасин”.

Иброҳим ибн Исҳоқ айтади: “Басра аҳли яъни араб тилини пешволари ҳавои нафсга берилган эдилар. Фақат тўрт кишигина суннатни маҳкам тутган эди. Улар Абу Амр ибн Ало, Халил ибн Аҳмад, Юнус ибн Ҳабиб ва Асмаъий”. Ибн Ҳиббон у ҳақида ўзининг “Сиқот” китобида шундай келтиради: “У (яъни, Халил ибн Аҳмад) ўзини ибодатга бағишлаган бандалардан эди”.

Аллоҳ таоло Ўзининг каломини тили бўлган араб тили учун хизмат қилган барча аллома, шайх, улуғ зотлардан рози бўлсин!

Манбалар асосида

Тошкент ислом институти талабаси

Муниса Асрор қизи тайёрлади

258170cookie-checkАБУ АБДУРАҲМОН ХАЛИЛ ИБН АҲМАД АЛ-ФАРОҲИДИЙ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: