islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ҚОНУНЛАР УСТУВОР МАМЛАКАТДА ЭЛ БАХТИЁР БЎЛАДИ

Ҳар йили декабр ойининг саккизинчи санаси мамлакатимизда олий бош қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси конституцияси куни муносиб нишонланиб, умумхалқ байрами сифатида ўтказилиб келади. Айниқса, декабр ойи бошланар-бошланмас жойларда конституция, қонунлар ва инсон ҳуқуқлари мавзуларида сермазмун ва жамиятимиз учун фойдали қизғин суҳбатлар, радио ва телевиденияда эса шу соҳага оид эшиттириш ва кўрсатувлар кўлами кескин ортиб кетади.

Тошкент ислом институти раҳбар ходимларининг шахсий ташаббуслари билан муассасамизга Олмазор тумани 2-сонли ички ишлар бўлими хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, подколковник Таймуродова Гулчеҳра Амановна таклиф қилинди.

Шу муносабат билан олийгоҳимизнинг мажлислар залида конституция кунига бағишлаб ўтказилган “Қомусимиз эркин ва фаровон ҳаётимиз кафолати” номли тадбирда олийгоҳимизнинг барча ўқитувчи-педагог, ишчи-ходим ҳамда талаба аёл-қизлари фаол қатнашишди.

Маросим анъанага биноан қуръон тиловати билан бошланди. Суҳбат давомида меҳмон конституцияга қандай эришилгани ва қонун қоидаларга ҳар бир фуқаро бўйинсуниши шартлиги ҳақида гапириб ўтди. Жамиятимиздаги муаммолар ва уларнинг олдини олиш, бугунги кунда кўп учраб турган оиладаги ажрашишлар ва уларнининг сабабларини  тушунтиришга ҳаракат қилди.

– Ажрашувчиларга муҳлат берилади. Загс бекор қилинсагина бошқа оила қуришига рухсат бор. Ажрим бўлган ҳолда аёл уйнинг ярмига эгалик қилиш ҳуқуқи таъминланган, – деди жумладан подполковник Гулчеҳра опа, – Ўзбекистонимизда аёл ҳуқуқлари ҳар тамонлама ислоҳ қилиняпти. Оилаларда тинчлик, барқарорликни сақлаш учун ҳимоя ордери ташкил қилинган. Аёл ҳар қандай зўравонликдан ҳимоя қилинади.

Сўнг мавзу зўровонликларга ҳуқуқий жавоблар берилишига бурилиб, жиноят кодексидан сўз кетди. Меҳмон бир нечта енгил тан жароҳати, ўрта ва оғир тан жароҳатининг  жиноят кодекслари ҳақида маълумот бердилар. Орада ўз жонига суиқасд қилиш ҳақида ҳам гаплашилди.

– Ўзини ўлдирувчиларнинг 17 тоифаси билан иш олиб борамиз, – деди катта инспектор Гулчеҳра Таймуродова, – бундан ташқари ёлғиз яшайдиган қариялар ҳолидан хабар олинади.

Сир эмаски, бутун дунёдаги баъзи сиёсий можароларга сабаб бўлаётган муқаддас динларни ниқоб қилиб олган ноқонуний ташкилотларнинг аъзолари ёки тарафдорлари бугунги кунда деярли ҳамма мамлакатда мавжуд. Шу боис, меҳмон ички ишлар ходими сифатида ўз бурчи ўлароқ, барчани нотўғри оқимлардан огоҳ бўлишга тарғиб қилди. Айниқса, институтимизнинг функциясидан келиб чиқиб, бу соҳада давлатимизга илмий-амалий жиҳатдан ёрдамчи бўлишга чақирди.

Суҳбат давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган турли саволар бериб, қониқарли жавоблар олдилар.

Тадбир кўтаринки кайфият ва юқори савияда бўлиб ўтди. Маросим сўнгида олийгоҳимиз номидан қимматли вақтини ажратиб ташриф буюргани учун подполковник Гулчеҳра опага махсус ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Ақоид ва фиқҳий фанлари кафедраси

ўқитувчиси Усмонова Нигора

263200cookie-checkҚОНУНЛАР УСТУВОР МАМЛАКАТДА ЭЛ БАХТИЁР БЎЛАДИ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: