islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Дунё шарқшунослари Ўзбекистон Президентига очиқ мурожаат йўллашди

2018 йининг 6-8 июнь кунлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистон маданий мероси — халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл” Иккинчи Халқаро Конгресси иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга очиқ мурожаат йўллашди. Бу ҳақда uz24.uz сайти хабар бермоқда.

Мурожаатда давлатимиз раҳбарининг фан ва маданиятни ривожлантириш, ўзбек маданий меросини асраб-авайлашга қаратилган ишлари юқори баҳоланади ҳамда Президент томонидан ушбу доирада олиб бориладиган барча ишлар бутун дунё олимлари томонидан қўллаб-қувватланиши изҳор этилади.

“Бу янгича халқаро ташкилот ўзбек тарихи ва маданиятига қизиқувчи барчани бирлаштириши ва қадимий Ўзбекистоннинг маданий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш бўйича олиб бораётган ташаббусларингизга ёрдам беришига ишонамиз”, дея ўз фикрларини баён қилишади Конгресснинг хорижлик ва ватандош қатнашчилари Президентга йўллаган мурожаатномасида.

Қуйида ушбу мурожаатномани тўлиқ ҳолда келтирамиз:

“Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевга “Ўзбекистон маданий мероси — халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл” Иккинчи Халқаро Конгресси қатнашчиларидан очиқ мурожаат

Ҳурматли Жаноб Президент!

“Ўзбекистон маданий мероси — халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл” Иккинчи Халқаро Конгресс қатнашчилари номидан Сизнинг янги Ўзбекистонни яратишга қаратилган серғайрат фаолиятингизга чуқур ҳурмат билдиришга рухсат бергайсиз. Бугун Санкт-Петербургдаги Иккинчи халқаро конгресс давомида биз Ўзбекистондаги туб ислоҳотлар ва фундаментал фан ва маданиятни ривожлантириш йўлидаги Сиз олиб бораётган ишларнинг янги натижалари билан танишиш имкониятига эга бўлдик. Айниқса, биз ўзбек халқининг бой маданий меросини сақлаб қолишга ва бу орқали бутунжаҳон цвилизациясига ҳисса қўшишга қаратилган Сизнинг саъй-ҳаракатларингиз бизга жудаям маъқул келди. Биз Ислом динини тинчлик ва бағрикенглик дини эканлигига қаратилган концепциянгиздан яхшигина хабардормиз ва биз Сизнинг уни амалга оширишга қаратилган ташаббусингизни қўллаб-қувватлаймиз.

Сиз қўллаб-қувватлаган “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳа ўзбек халқининг маънавий бойлигини ўрганиш ва оммалаштириш йўлидаги муҳим ютуқ бўлди. Унда Ўзбекистон халқи тарихи билан боғлиқ санъат ашёлари, қўлёзмалар ва ҳужжатларни тўплаш, ўрганиш ва нашр этиш кўзда тутилган. Лойиҳа доирасида 15 та китоб-альбом нашр этилди ва 20 тадан ортиқ ҳужжатли фильмлар суратга олинди. Лойиҳа ўзида ўз илмий мактабини ривожлантираётганЎзбекистон илмий жамоасининг саъй-ҳаракатларини, шунингдек, Россия, Буюк Британия, Франция, Германия, Чехия, АҚШ, Япония, Туркия ва бошқа кўплаб мамлакатлар илмий жамоасини бирлаштирди. 2017 йилнинг май ойида Тошкент ва Самарқандда дунёнинг 300 дан ортиқ олимлари иштирокида “Ўзбекистон маданий мероси: халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл” Биринчи Халқаро Конгресси бўлиб ўтди. Биз мазкур лойиҳа халқлар ва мамлакатлар ўртасида ўзаро ҳаммаслакликни мустаҳкамлаши, шунингдек, юртингиз маданий имиджини янада юксакларга кўтаришига ишонамиз.

Бугун Санкт-Петербургда ўтказилган Халқаро конгресс Ўзбекистоннинг маданий меросини асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти тузилиши билан янада самарали бўлди. Ишонамизки, Ўзбекистон тарихи ва маданияти йўлида барчани бирлаштирадиган бундай халқаро ташкилотнинг ташкил этилиши сизнинг қадимий Ўзбекистон маданий меросини келажакда оммалаштириш йўлидаги сермашаққат саъй-ҳаракатларингизга ишончли кўмакчи бўла олади.

Сизга мустаҳкам соғлик ва мустақил Ўзбекистоннинг янада гуллаб-яшнашини тилаймиз.

Ўзбекистоннинг маданий меросини асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти қатнашчилари томонидан қабул қилинди.

Санкт-Петербург, 2018 йил, 8 июнь»

Манба: Uz24.uz

42250cookie-checkДунё шарқшунослари Ўзбекистон Президентига очиқ мурожаат йўллашди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: