Қуръонда хурмо йигирма мартадан ортиқ зикр қилинган. Жаброил алайҳиссалом Марямга Исо алайҳиссаломни туққанидан кейин янги хурмо мевасидан ейишни маслаҳат берди:
“Хурмо шохини силкитгин, у сенга янги хурмо меваларини ташлар” – Марям сураси, 25-оят.
“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шом намозини ўқимасдан олдин бир неча хурмо билан оғиз очар эдилар. Агар хурмо бўлмаса, хурмо қоқиси билан очар эдилар. Агар қуритилган хурмо ҳам бўлмаса, бир неча қултум сув ичар эдилар” – Имом Термизий ривоят қилган, 696.
Ҳадисларда хурмонинг фойдалари, шунингдек, унинг мўминга ўхшашлиги ҳақида кўп марта айтилган. Лекин хурмо навлари орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, айниқса ажвани алоҳида таъкидлаганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади,“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ажва жаннатдандир, у заҳарланишга қарши даводир” – Имом Термизий ривоят қилган, 2066.
Имом Мунавий айтади: “Ажва шакли ва номи жиҳатидан жаннатдаги ажваларга ўхшаб кетади, лекин ширинлиги ва таъми жиҳатидан эмас”. Ажва Ҳижоз бўйича тана учун энг фойдали, ёқимли ва мазали хурмодир. Мана шу хусусиятларига кўра бошқа навлардан устунлигини англатиш учун “ажва жаннатдандир” деган таъриф қўлланилган.
Аксарият олимларнинг фикрига кўра, ҳадисдаги бу хурмо Мадина плантацияларида ўсадиган ажва навига тегишлидир, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳарга барака сўраб дуо қилганлар.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Ё Аллоҳ! Бизга, меваларимизга, шаҳримизга, соъларимизга ва муддларимизга баракот бер”.
Соъ ва мудд ўлчов бирликлари:
Соъ – ўлчов идиши, жумҳур уламолар ва имомайн наздида = 2,750 л. ёки 2,176 кг; Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздида = 4,125 л. ёки 3,264 кг.
1 мудд – катта бир ҳовуч = 0,6875 л. ёки 0,544 кг.
Саҳобалар пишиб етилган илк мевани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга келтирардилар. У зот мевани қўлларига олиб, юқоридагидек дуо қилардилар. Сўнгра ўша жойдаги ёш болаларга у мевани берардилар.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев