islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Аллоҳ таолонинг бандаларига инъом этган беҳисоб неъматлари

Оламларни йўқдан бор этиб,
Ерни сокин барқарор этиб,
Неъматларни индирган Аллоҳ,
Шаънига ҳамд юборгум ҳар гоҳ.

Бандаларига ато этган ҳисобсиз неъматлари ичида ҳидоят неъматини энг улуғ қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин. “Қайси бандага неъмат берилса ва у Аллоҳга ҳамд айтса, ҳамд ундан (неъматдан) афзал бўлади” дея умматга ҳамд айтишни таълим берган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга неъматларнинг ададича саловоту, саломлар бўлсин.

“Неъмат” сўзи луғатда ҳузур-ҳаловат, фаровонлик, мўлчилик, фаровон турмуш, бойлик, неъмат, бахт, саодат, ҳадя, садақа, хайр-саховат маъноларини англатади.

Бир бандадан унга берилган неъмат ҳақида сўзлашни сўралса, аввало ҳаётида ўзи учун энг қадрли бўлган нарсани эсга олади. Бироқ ҳар бир инсоннинг ҳаётда қадрли бўлган неъматлари, худди инсонларнинг дунёқараши ва фикрлаши каби турлидир. Аллоҳнинг бизга берган неъматларининг энг аввали бизни инсон қилиб яратиб, икром қилганидир. Қуръони каримда Исро сурасининг 70-оятида: “Батаҳқиқ, Биз Бани одамни азизу-мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда улов-ла кўтардик. Ҳамда уларни пок нарсалар билан ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик” деб марҳамат қилган.

Одам Ато хато туфайли жаннатдан туширилганларида тавба қилиб Аллоҳнинг мағфиратига лойиқ бўлишлари, тавбани қабул қилганидан сўнг, ер юзида, қуруқлигу денгизда наботот, ҳайвонотни биз учун бўйин сундурганлиги ҳисобсиз неъматдир. Коинотдаги қуёш ва юлдузларни инсон учун бўйсундириб йиллар ададини ҳисоблашимиз учун тинимсиз ҳаракатга келтириб, бизга вақт неъматини бергани ҳам улуғ неъматдир. Чексиз неъматларнинг маълум бир қисмини бўлса ҳам англашимиз учун ҳайвонлардан фарқли ўлароқ ақл бергани эса асосий неъматлардан биридир. Агар ҳайвонот, жамотот, наботот, самовот, қуруқлик ва денгиздан Аллоҳнинг неъматларидан калималар ила битсак, денгиз сиёҳ бўлса-ю ундаги мўжизавий неъматларни ниҳоясига етказмасимиздан аввал денгизлар қуриб қоларди. Буларнинг барчасини биргина “Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз саноғига ета олмассиз, албатта Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмлидир” ояти ила англашга ҳаракат қиламиз. Роҳман сурасида 32 марта бир оятнинг такрор-такрор келишлиги ҳам бежиз эмасдир:

“Бас, Аллоҳнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?”

Юқорида айтилганидек ҳар бир инсон учун ўзининг қадрли ҳисобланадиган нарсаларининг ичида ҳам энг қадрлиси бўлади. Лекин инсоният қўлига тарози берилса, ҳар бири ўзининг палласини доим ҳақ, тўғри деб билади. Бироқ улуғ неъматларни берувчи Роҳманнинг ягоналиги каби ҳақиқат тарозиси ҳам Унинг тарозисидир. Ҳар бир ишни ҳикмат ила қилувчи Ҳаким зот инсонларни Одам Атодан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача босқичма-босқич огоҳлантириб ўзининг Ўзининг Боис сифати ила пайғамбарлар юборди. Сўнгги пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Исломнинг охирги ва мукаммал шариатини туширди ва уни охиратгача боқий қилди. Бу шариатни энг тўғри ва адолатли меъзон қилди ва унинг ажратувчисини Фурқон қилди. Бу тарози ила барча неъматлар ичида энг улуғи, энг қадрлиси ва усиз барча неъматлар инсоннинг туғёни ва куфрига сабаб бўладигани ҳидоят неъматидир. Аллоҳ ҳидояти ила ҳаётимиз дастури Қуръонни улуғлаб, унга амал қиламиз ва иншаАллоҳ бу дунё ва охиратнинг саодатига эришамиз.

Аллоҳнинг неъматларига шукр қилиб ҳамд айтиш Карим зотнинг биздаги ҳаққидир. Қуръони каримда Намл сурасининг 40-оятида “Ким шукр қилса, ўзи учун шукр қилур, ким ношкурлик қилса, Роббим ўта беҳожат карамлидур“. Неъматга шукур қилиш учун аввало унинг қадрини англаш лозим. Кўпчилик неъматни қадрлаш деганда, агар у соғлиқ бўлса, уни сақлаб, тўғри овқатланиб, бадантарбия билан доимий шуғулланишни тушунади. Мол-мулк бўлса, уни ишончли жойда сақлаб, зарар етказмай жамғаришни, оила бўлса, ўзаро муносабатни яхшилаб, оилавий муҳаббатни зиёда қилишни тушунади. Неъматни қадрлаш деганда, уни берган Зот Аллоҳ таоло эканлигини чуқур ҳис этиб, унга ўзи амр қилгандек шукр қилишлик тушунилади. Неъматларнинг бардавом ва зиёда бўлишлиги унга доимий шукр ила бўлади. Аллоҳ таоло Иброҳим сурасининг 7-оятида: ”Агар шукр қилсангиз неъматимни зиёда қиламан, агар куфр келтирсангиз, албатта азобим шиддатлидир“. Аллоҳнинг азоби унинг неъматларига куфр келтириб туғёнга кетганлар учундир. Наҳл сурасининг 112-оятида: ”Аллоҳ таоло бир шаҳарни мисол қилиб келтиради: у омонлик ва хотиржамликда эди, ризқи ҳар макондан фаровон келиб турар эди. Сўнг у Аллоҳнинг неъматларига куфр келтирди. Бас, Аллоҳ унга қилган ишлари учун очлик ва хавф “либосини” тоттирди“ дейилган. Неъматларга ҳақиқий шукр қилиш уч турли бўлади:

1. Аллоҳнинг неъматлари ҳақида сўзлаш ила: Зуҳо сурасининг 11-ояти “Ва Роббингнинг неъматлари ҳақида сўзла”.

2. Неъмат берувчи зот ягона Аллоҳ эканлигига қалб ила иқрор бўлиш: Наҳл сурасининг 53-ояти: “Сиздаги қайси неъмат бўлса Аллоҳдандир”.

3. Барча аъзолар ила шариатга амал қилиш: Саъба сурасининг 13-оятида: “Эй Оли Довуд, шукр қилинглар! Бандаларимдан шукр қилувчилари оздир”.

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга: “Мен сендан ирода қилган шукр, неъматларнинг барчасига шукр қила олмаслигингни тан олишингдир” деб ваҳий қилди. Ҳақиқий шукр инсон қайси соҳада бўлмасин, ўзининг ўрнида Аллоҳнинг динига беминнат хизмат қилиш ила бўлади. Мисол учун, инсон илм-маърифатли бўлса, уни зиёда қилиш ва тарқатиш билан, мол-дунёси бўлса, Аллоҳ йўлида сарфлаш билан, обрў-эътиборли бўлса, инсонлар орасини ислоҳ қилиб адолатни рўёбга чиқариш ила бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизга ҳақиқий шукр қилишликка муяссар қилсин. Тилларимизни қалбларимизни, баданларимизни шукр қилишда итоатли, шижоатли қилсин.

2-курс талабаси
Х.Мираҳмадова

68210cookie-checkАллоҳ таолонинг бандаларига инъом этган беҳисоб неъматлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: