Саҳобаларнинг адади қанча бўлгани ҳақида тарих уламолари аниқ бир ададга иттифоқ қилишмаган. Фақат баъзи муҳаққиқ олимлар уларнинг адади юз мингдан ортиқ бўлган, деганлар. Абу Заръа Розий раҳматуллоҳи алайҳдан “саҳобаларнинг адади бир юз ўн тўрт мингта бўлган”, деган қавл ҳам ривоят қилинган. Жинлар ҳам саҳоба ҳисобланадими? Уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб иймон келтирган ва мўмин ҳолида вафот этган жинлар ҳам саҳоба ҳисобланишини айтганлар. Бу ҳақда Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ қуйидаги қавлни ривоят қилган: “Саховий раҳматуллоҳи алайҳ: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган ва у зотга имон келтирган жинлар ҳам саҳоба ҳисобланади, чунки Расулуллоҳ алайҳис солату вассаломнинг уларга ҳам пайғамбар этиб юборилганлари қатъий равишда аниқдир”, деган. Бадриддин Шиблий Ҳанафий роҳматуллоҳи алайҳдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, у зотга иймон келтирган жинларнинг охиргиси юзинчи ҳижрий сана атрофида вафот этгани ривоят қилинган. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 313
Саҳобалар эришган улуғ мартабага улардан кейин ҳеч бир башар эриша олмайди. Чунки улар фосиқлик ва номуносиб ишлардан пок эканлари ҳатто текшириб ҳам ўтирилмайдиган даражадаги улуғ зотлардир. Қуръони каримда саҳобаи киромларга шундай хитоб қилинган: “Сизлар одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдиларингиз” (Оли Имрон сураси, 110-оят). Яъни, ушбу ояти каримадаги васф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча умматларига тааллуқли бўлса-да, саҳобаи киромларнинг барчаларига мос келадиган хитоб ҳисобланади. Ҳадиси шарифда саҳобаларнинг мартабалари бундай баён қилинган: عَنْ أَبِى سَعِيدٍ الْخُدْرِىِّ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « لاَ تَسُبُّوا أَصْحَابِى فَوَالَّذِى نَفْسِى بِيَدِهِ لَوْ أَنَّ أَحَدَكُمْ أَنْفَقَ مِثْلَ أُحُدٍ ذَهَبًا مَا أَدْرَكَ مُدَّ أَحَدِهِمْ وَلاَ نَصِيفَهُ». رَوَهُ التِّرْمِذِيُّ. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳобаларимни таҳқирламанглар, жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, агар сизлардан бирингиз Уҳуд (тоғи) мислича олтин сарфласа ҳам, улардан бирортасининг муд ига ҳам, унинг (муднинг) ярмига ҳам эриша олмайди”, дедилар”. Термизий ривоят қилган. Чунки бу зотлар пайғамбарларнинг сўнггисига саҳоба бўлишдек бахтга сазовор бўлган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган ҳидоят нурини бошқаларга етказиш йўлида молу-жонларини фидо қилган мўминлардир. Кейингилар эса фақат улар етказган нарсаларга риоя қиладиган мўминлар саналади. Абу Заръа Розий роҳматуллоҳи алайҳ саҳобаларни улуғлаш лозимлигини таъкидлаб бундай деган: “Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бирортасини ёмонотлиқ қилаётган бирор кимсани кўрсангиз, билингки, у кимса зиндиқ (динсиз)дир. Чунки биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақ деб биламиз, (у зот олиб келган) Қуръонни ҳақ деб биламиз, бизларга эса Қуръонни ҳам, суннатларни ҳам саҳобалар етказганлар. Шунинг учун ҳам Қуръон ва суннатни ботилга чиқармоқчи бўлган кимсаларгина бу иккаласини етказган зотларни ёмонотлиқ қилишга уринадилар. Ваҳоланки, уларнинг ўзлари гувоҳликлари қабул қилинмайдиган зиндиқлардир”. 338
8. Гуноҳи кабира қилган умматлари учун қиладиган шафоатлари. Бунинг далили ушбу ҳадисдир: عَنْ جَابِرِ بنِ عَبْدِ الله قال: قال رَسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : « شَفَاعَتِي لاِهْلِ الكَبَائِرِ مِنْ أُمّتِي ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимдан аҳли кабоирларга шафоатим бордир”, дедилар”. Термизий ривоят қилган. Сўфи Оллоҳёр бобомиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларини сўраб дуо қилишни шундай таълим берган: Илоҳи, лутф қил ҳасратли соатҲабибингдин насиб этгил шафоат. * * * Айурма яхшиларни(нг) орасидинЙироғ этма ҳабибинг қорасидин.Яъни, эй Аллоҳ, қиёмат кунидаги ҳасратли вақтларда бизларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларидан баҳраманд этгин, яхши зотлар билан бирга қилгин, ўша кунда бизларни Муҳаммад алайҳиссалом ёнларидан асло айирмагин. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 320